Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:07

"Ободонлаштириш" ишлари давом этяпти


Тошкентда "ободонлаштириш ишлари" доирасида оддий одамлар уйларининг девор ва томорқалари ҳам бузияпти.


“Бойларники турибди, камбағалларники бузиляпти”

дейди Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесидан қўнғироқ қилиб, ўзини Азиза деб таништирган суҳбатдошимиз. Унинг айтишича, шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш қарори билан Миробод туман ҳокимияти кўп қаватли бинолар олдидаги одамлар ўзлари қурган қўшимча биноларни, иҳота панжараларини огоҳлантиришсиз бузиб ташламоқда ва айни пайтда бойларга тегишли қўшимча қурилмаларига тегмаяпти:

- Тошкентдан, Миробод тумани, Янги Қўйлиқ. Тўртинчи массивда турамиз. Огрождениеларни (панжараларни) бузишаяпти. Пулга қилинган тўғрими? Мумкин эмас деб ҳокимият томонидан бузиб ташлашаяпти. Халқни қийнашаяпти. Ҳамма норози. Ҳеч кимнинг гапига қарамай бузиб ташлашаяпти. Ҳеч кимни эшитмаяпти ҳокимиятдагилар.

Озодлик: Бузаëтганлари ноқонуний қурилган бўлса керакда.

- Шунақа чиройли дарахтлар экиб қўйишибди кўрсангиз. Ҳозир келиб кўрсангиз, ҳамма жойни мусор қилиб ташлашган. Бизларга қиммат забор (девор) қурасан деяпти. Сеткаларни олиб ташлашаяпти. Уни ким қуради? Масалан менинг ўзим ўша заборни қурганимга бир ой бўлмади. ЖЭК томонидан, маҳалла томонидан огоҳлантириш берилмади. Қурмагин, барибир бузиб ташланади, дейилмади. Ҳамма кўрди қурилаëтганини. Болаларимнинг томоғидан, кийимидан қисиб 500 минг пулим кетиб қурдирдим. Пули бор одамларникини, бойваччаларникини, катта ишда ишлайдиганларникини умуман бузмаяпти. Фақат оддий халқникини бузиб ташлашди,- дейди ўзини Азиза деб таништирган суҳбатдош.


“150 долларга мол боқяпман”

дейди Фарғона вилоятининг Қувасой туманидан Қозоғистонга келиб мардикорлик қилаётган 27 ёшли Дилшод.

- Ишлаяпман. Мол боқаяпман.

Озодлик: Қанча бўлди келганингизга?

- Бир йилдан ўтди.

Озодлик: Бу бойнинг молими ëки давлатнинг молими?

- Бир бойроқ одам бор. Ўшаники.

Озодлик: Моли кўпми?

- Юзтача бор. Далага олиб чиқиб боқамиз.

Озодлик: Нима ваъда қилаяпти?

- Ойликда энди.

Озодлик: Қанча беради экан?

- 20 минг танга. Долларга ҳисоблаганда, 150 долларга яқин бўладида.

Озодлик: Бу жуда кам эмасми? 150 долларга эртадан кечгача мол боқасизми?

- Бошқа нима қиламиз энди.

Озодлик: 150 долларга Ўзбекистонда мол боқса бўлар.

- Ўзбекистонда қийинда энди ҳозир. Чорвачилик унчаликмасда.

Озодлик: 150 доллар соф даромадингизми?

- Ҳа. Емоқ-ичмоқ, ëтоқ ҳаммаси бунинг ўзидан. Сўраганимда қанча десам бериб туради. Мол олиб қўямиз деяпти. Шу ерда катат бўлади деяпти.

Озодлик: Нечадан нечагача боқасиз?

- Эрталаб соат 8дан ўтганда олиб чиқамиз. 7ларда олиб борамиз.

Озодлик: Нон-пон ўзингиз билан олиб олсангиз керакда.

- Йўқ, обедда олиб бориб суғориб, уйнинг олдида қараб туриб кириб чой ичиб оламиз. Бир-бир ярим соат дам олиб кейин олиб чиқамизда.

Озодлик: Бир ўзингизми Ўзбекистондан?

- Ҳозирча бир ўзим. Бошқа шеригим йўқ.

Озодлик: Мана 27 ëш экансиз. Ўзбекистонлик бир ўғлон, бир йигит келиб Қозоғистонда мол боқиб юрса яхшими?

- Яхши эмас энди. Битта мен эмасда. Ўзбекистондан қанча одам тшқарига чиқиб кетаëтганини кўраяпсизку.

Озодлик: Қувасойда 150 долларлик иш йўқми?

- Йўқ, камда. Мардикорчиликка чиқишингиз керак. Мардикорчиликка чиқадиган бўлсангиз, кунлик тушумингизни олиб турганингиздан кейин еб-ичиш, бошқаси билан тўпланиб турмайди. Крупний тўплаб ололмайсизда, дейди қувасойлик Дилшод.


“Зиндондан мактуб”

Аввалги эшиттиришларимизда Тошкентдан қўнғироқ қилган ҳаваскор шоир Одил Аҳмад Ўзбекистон ҳибсхона ва қамоқхоналарида мунтазам тус олган қийноқлар ҳақида Озодлик орқали берилган лавҳаларни эшитиб шундай сарлавҳали туркум шеърлар ёзганини ва унинг биринчи ва иккинчи қисмларни ўқиб берган эди. Ҳаваскор шоир бу туркумни давом эттириб, “Зиндондан мактуб”ни учинчи ва тўртинчи қисмларини ўқиб берди:

Зиндондан учинчи мактуб:

Сизга Оллоҳдан саломлар бўлсин,
Қалбингиз имон нурига тўлсин,
Дардим тингладингиз раҳмат айтайин,
Дардлашиб енгил тортганим тайин.

Тақиқ эмасдур тоат ибодат,
Афсуски шундай қоғозда фақат,
Эрта тонг туриб таҳорат олдим,
Ëтар ўрнимда ибодат қилдим.

Дедим ибодатим қилайин пинҳон,
Безовта бўлди барибир шайтон,
Шу бўлди судда энг катта айб,
Ҳукмни тингладим ғариб, мунғайиб.

Қизиқ иш бўлди ана шундан сўнг,
Тепада судя ўтирганди гунг,
Менга эътибор қилмаганди ҳам,
Эътирозларим тингламади ҳам.

Қалбида борми зарра имони,
Ë уйғондими қалбда виждони,
Аста турдию ëнимга келди,
Кечир ука деб пичирлаб кетди.

Қонунсиз бўлди ўлимга ҳукм,
Йўқса ўзи ҳам бўларди маҳкум,
Золим хизматин айлаган бажо,
Оллоҳдан қилса қанча илтижо.

Кечиргин деганлар расули акрам,
Кечирар Оллоҳ агар кечирсанг,
Билмадим майли кечирдим дедим,
Ëмонлик ундан, бунданмас дедим.

Бу дунë матоҳи дардида инсон,
Доимо ҳамроҳ ëнида шайтон,
Йўқотиб орин, йўқотиб имон,
Ўзин оқлашга тўқийди ëлғон.

Сизга тилайман бахту саодат,
Беайб маҳкумга сабру матонат.


Зиндондан тўртинчи мактуб

Суҳбатдош бўлса оқилу доно,
Ë бир дилкушо меҳрибон ошно,
Қўйгандек бўлар дардингга малҳам¸
Одам тафтини оларкан одам.

Сизга ëлғону Яратганга чин,
2004 нинг айтайин сирин,
Тошкентга ......... олиб келдилар,
Подвалга қамаб роса урдилар.

АҚШ элчисин остонасига,
Яҳудийларнинг кошонасига,
Бомба қўйибмиз индондан чиқиб,
Айбномани беришди ўқиб.

Қуш эканмиз билмабмиз қаранг,
Туҳматдан асаб тортилди таранг,
40 кунча қийнаб беришди азоб,
Ўлим шарпаси олганди ўраб.

Ўлимга рози бўлдигу аммо,
Бу гал туҳматга қўймадик имзо,
Сизга айтганим афсона эмас,
Ҳақиқат ичра ягона эмас.

Ҳикоям тинглаб чиқаринг ҳукм,
Салом йўллар сизга беайб маҳкум.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG