Линклар

logo-print

Япониядаги ядровий ҳалокат кўлами еттинчи даражага кўтарилди


Фукусима Дайичи АЭСнинг 4-реакторидан радиоактив тутун ҳамон тарқалмоқда.

Фукусима Дайичи АЭСнинг 4-реакторидан радиоактив тутун ҳамон тарқалмоқда.

Япония ҳукумати Фукусима Дайичи атом электр станциясидаги бўҳрон даражасини халқаро ўлчов бўйича энг юқори бўлган еттинчи даражага кўтарди. Бу билан Фукусимадаги бўҳрон 1986 йилда Европанинг каттагина ҳудудига радиация тарқатган Украинанинг Чернобил атом станциясида юз берган фожиага тенглашди.


Япония расмийлари 11 март кунги кучли зилзила ва цунами оқибатида шикстланган Фукусима Дайичи атом электр станциясидаги бўҳрон халқаро ўлчовининг бешинчи даражасидан энг юқори, еттинчи даражага кўтарилганини ҳаво, ичимлик суви, мевалар ва денгиз сувига тарқалган радиациянинг умумий миқдорининг кескин ошгани билан изоҳлади.

Халқаро атом энергияси агентлиги бўҳроннинг энг юқори даражага кўтарилгани бу “жиддий фожиа” экани ҳамда унинг кенг кўламда атроф-муҳит ва одам саломатлигига салбий таъсири бўлаётганини англатади, демоқда.

Бироқ Япониянинг Ядровий хавфсизлик агентлиги директори ўринбосари Ҳидеҳико Нишияма бўҳроннинг одам саломатлигига унчалик таъсир қилмаслигига ишонтиришга уринди.

- Биз 18 мартдан бери тўпланган маълумотлар асосида бўҳронни аввалдан еттинчи даражага кўтардик. Ҳолбуки, Фукусимадан атрофга тарқалган радиоактив моддалар миқдори айни даражадаги бўҳрон деб белгиланган Чернобилдан тарқалган радиациянинг атиги 10 фоизини ташкил қилади,- деди Ҳидеҳико Нишияма.

Шунга қарамай, Япония ҳукумати агар бўҳрон давом этаверса, Фукусимадан атрофга сизиб чиқаётган радиация миқдори Чернобилникидан ошиши мумкинлигини тан олди.

Япония Давлат вазири Юкио Эдано бундай огоҳлантирув Фукусимадаги бўҳрон “ўта жиддий экани”нинг тасдиғидир, дея таъкидлади.

Эдано бундай фожиа юз бергани учун Фукусима мажмуаси атрофида яшовчи аҳоли ва халқаро ҳамжамиятдан узр сўради.

Душанба куни қилган чиқишида Эдано ҳукумат Фукусима атом электр станцияси атрофида жорий қилинган 20 километрлик хавфсизлик зонасини кенгайтиришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

- Биз эвакуация зонасини кенгайтириш ҳақида янги қарор қабул қилдик. Бунга 20 километр радиусдаги эвакуация зонаси атрофидаги бази минтақаларда радиация миқдори об-ҳаво ёки географик шароитга қараб юқори бўлаётгани сабаб бўлди,- деди Япония Давлат вазири.

Юкио Эдано хомиладор аёллар, болалар ва касалхона беморлари Фукусима атом станциясидан камида 30 километр узоқликда бўлишлари ва хавфсизлик зонасидаги мактаблар ёпиқ қолиши лозимлигини қўшимча қилди.

АҚШ ва Австралия каби давлатлар ўз фуқароларига Фукусимадан камида 80 километр нарироқда бўлишни тавсия қилди.

Халқаро атом энергияси агентлиги тавсиясига қарамай, Япония хавфсизлик зонасини кенгайтириш чақириқларини рад қилиб келаётган эди.

Япониянинг ядровий хавфсизлик агентлиги Фукусима Дайичи станциясидан атрофга тарқалган радиация миқдори кўламини аниқ айтишнинг имкони йўқ, демоқда. Бироқ ташкилот станциядан радиациянинг сизиб чиқиши дастлаб расмийлар айтганидан камида 100 баробар кўпроқлигини тан олди.

Фукусима Дайичи атом электр станциясидаги бўҳрон халқаро ўлчов бўйича энг юқори еттинчи даражага кўтарилганига қарамай, 12 апрел куни Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Япония Бош вазири Наото Кан АЭСдаги вазият яқин фурсатда назоратга олинишига умид билдирди.

- Фукусима Дайичи атом станциясининг ядровий реакторидаги вазиятни барқарорлаштириш ишларида босқичма-босқич муваффақиятга эришилмоқда. Радиоактив моддаларнинг атрофга сизиб чиқиши камаймоқда. Мен Токио Электр тармоқлари ширкатига атом электр станциясини тўлиқ назорат остига олиш режасини ишлаб чиқиш ҳақида буйруқ бердим. Улар яқин фурсатда ўз режаларини тақдим этади,- деди Япония Бош вазири Наото Кан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG