Линклар

С. Икромов: Ҳукумат диндор маҳбусларнинг қасд олишидан қўрқади


"Улар кўп нарсани билади", дейди Суръат Икромов.

"Улар кўп нарсани билади", дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистонда диндор маҳбусларнинг озодликка чиқиши эҳтимоллари камайиб бораётгани айтилмоқда.


Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан бўлган 38 ёшли Бахтиёр Орзиқулов ўн йил олдин, Чиноз Ички ишлар бўлими томонидан “Ҳизб ут-Таҳрир” диний ташкилотига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

У 2001 йил июнида Сирдарё вилояти жиноий ишлар бўйича суди томонидан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Бахтиёр Орзиқулов Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни Конституциявий тузумни ағдаришга уриниш, 244-модданинг 1- ва 2- қисмлари, яъни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ëки тарқатиш, диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ëки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш¸ уларда иштирок этишда айбланган.

Бахтиёр Орзиқулов тақдирини кузатиб келаётган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, унга нисбатан барча суд жараёнлари ёпиқ тарзда, Ўзбекистон жиноий-процессуал кодекси қўпол бузилган ҳолда олиб борилган.

Ташкилот ихтиёридаги маълумотларга кўра, Тошкент вилоятининг Зангиотадаги қамоқхонасида ҳамда Навоий вилоятидаги қамоқхоналарда Бахтиёр Орзиқулов қийноқларга солинган.


2007 йил февралида, жазо муддатининг тугашига ярим йил қолганда эса, колония маъмурияти Бахтиёр Орзиқуловни соқолини олмаганлик ва сафда ёмон марш қилганликда айблаб, қамоқ муддатини узайтирди, дейди ташкилот раҳбари Суръат Икромов.

- Бахтиёрга нисбатан худди ўша 221-модда билан яна 3 йилу, 8 ой қўшилади. Энди ўша 3 йилу, 8 ой ҳам ўтаяпти. Август ойига келиб муддати тугайди. Шундан хавотир унинг яқинлари. Негаки колонияда кимни муддати тугаса қўшиб бераяпти. У муддат тугаса, яна қўшиб бераяпти.159-модда билан қамалганларни ҳали бирортаси чиққанини эшитганим йўқ,- дейди С. Икромов.

Бахтиёр Орзиқуловнинг онаси президент Ислом Каримов номига, Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров, Ўзбекистон Омбудсмени Сайёра Рашидовага ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бироқ шу пайтга қадар юқоридагилардан ҳеч қандай жавоб олмаган.


Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов диний мотивлар билан қамалганларнинг чиқарилмаётганига уларнинг қаомқхоналарда қийноқларга солинаётгани, панжара ортида турли воқеаларга гувоҳ бўлгани асосий сабабдир, дейди.

- Негаки, у ердан кўп одамларнинг қийноқдан кейин жасади чиқаяпти. Улар ҳамма нарсадан хабардор. Шунинг учун ҳукумат уларнинг қийноқлар ҳақида гувоҳлик бера олмаслиги учун шундай қилаяпти,- дея ўз фикрини изоҳлайди Сурат Икромов.

Фикрини давом эттирар экан, ҳуқуқ фаоли ҳукумат томонидан диний мотивлар бўйича айбловлар қўйилиб қамалганларнинг озодликка чиқишидан ҳукумат қўрқишини ҳам тахмин қилади:

- Шунча тазйиқ бўлганидан кейин, озодликка чиққанидан сўнг ҳаммаси бўлмаса ҳам бир қисми балки қасдини олиш мақсадида, дейлик, судяга бўладими, ё прокуроргами, ё милиция ходимигами, уларга уюштирилган ноқонуний ишлар бўйича суиқасд қилади, деган миш-мишлар ҳам бор. Айтиб бўлмайди, ҳаммаси қасдини олишни бошлайди деб, лекин бир қисми бари бир шундай қилиши мумкин. Шундай қўрқув раҳбарият, ҳукуматда бор,- дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG