Линклар

Президент Ўтунбаева Ўш воқеалари юзасидан ўтказилаётган тергов ва суд жараёнлари билан қизиқмоқда.

Ўш воқеалари юзасидан ўтказилаётган суд ва тергов жараёнлари бир томонлама олиб борилаётгани тўғрисида Озодликка “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Тўлейкан Исмаилова маълум қилди.

- Июн воқеалари юзасидан 30 одам энг оғир жазо - умрбод қамоқ жазосини олган. 30 одамдан 28 нафари ўзбек, 2 нафари қирғиз миллатига мансуб. Бошқа моддалар бўйича ҳукумлар ўрганилганида, бир модда билан ўзбек фуқаролар узоқ йилларга ҳукум қилиниб, бошқа миллатга мансуб фуқаролар енгилроқ жазо олган. Бундан ташқари “Суд жараёнлари қандай ўтмоқда”” деган савол бўлди. Ўзбек фуқаролари судланаётганда улар ўзларигина эмас гувоҳлари ва адвокатлар ҳам калтакланиб, суд қонун доирасида ўтказилмаяпти, - деди Тўлейкан Исмаилова.

Тўлейкан Исмоиловага кўра, 12 апрел куни бир қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева билан бўлган
учрашувда мана шу масалалар муҳокама қилинган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси учрашувда Ўш воқеалари бўйича ўтказилган суд ва тергов жараёнлари мониторинги натижаларида аниқланган қонунбузарликлар юзасидан далилларни президентга топширишганини айтди:

- Фактлар жуда кўп берилди. Биз ҳуқуқ ҳимоячиси бўлганидан кейин фақат факт билан ишлаймиз. Бизга миллати ёки бошқа нарсанинг қизиғи йўқ. Бироқ биз ҳисоботлар натижасини олганда тергов, суд бир томонлама бўлгани кўриниб турибди. Негаки, асосан биргина миллат қўлга олинаяпти, суд қилинаяпти, - деди Тўлейкан Исмаилова.

Унга кўра, президент ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларини ижобий қабул қилган ва бу масалани 13 апрел куни мамлакат куч тизимлари раҳбарлари билан бўлиб ўтувчи учрашувда кўтаришини айтган.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, Роза Ўтунбаева 13 апрел куни мамлакат куч тизими раҳбарлари билан учрашади. Учрашув кун тартибига ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан кўтарилган масалалар ҳам киритилган.

- Бугун мамлакат раҳбари Роза Ўтунбаева Қирғизистондаги бир қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва куч тизими раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Учрашувда, мамлакатда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, суд жараёнларининг адолатли ва очиқ ойдин ўтиши масалалари муҳокама қилинди. Бу йиғилишда президент ҳуқуқ ҳимоячилари 12 апрел куни кўтарган масалаларни ҳам тилга олди, - деди Қирғизистон президенти матбуот котиби Султан Каназаров.

Шу ўринда 2011 йилнинг 25 мартидан бошлаб бир неча кун давомида Қирғизистондаги 17 та қамоқхонанинг 14 тасида маҳбуслар очлик акцияси ўтказишганини эслаб ўтмоқчимиз.

Ўшанда Ўш воқеалари бўйича айибланиб қамалган кўплаб ўзбек маҳбуслари ҳам Ўш воқеалари юзасидан олиб борилган суд ва тергов жараёнлари бир томонлама бўлаётганига норозилик сифатида очлик акциясига қўшилганини маълум қилганди:

- Ўзбек бўлсайла олиб кириб, уриб пачоғимизни чиқаришди. СНБси ҳам қолмади, МРУси ҳам қолмади, УВДси ҳам қолмади. Уриб саломатчиликни ўлдириб, почкаларимизни тўкиб жуда кўп болаларни бегуноҳ қамаб юборди. Айтсак, хеч ким қулоқ солмаяпти. Ҳақиқатни излаб қаерга мурожаат қилишимизни билолмаяпмиз. Бугун зоналаларда очарчилик эълон қилинибди, ўша очарчиликка биз ҳам қўшилдик. Нима қилайлик, дардимизни кимга айтишимизни билмаяпмиз, - деганди Ўш воқеаларида айбланиб, 14 йилга ҳукум қилинган Дилмурод.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг президент билан бўлган учрашуви ва бу учрашувнинг айнан ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан ўтадиган махсус кенгаш арафасида ўтказилиши Ўш воқеаларида айбланиб ноҳақ қамалган кўплаб маҳбуслар ҳамда уларнинг яқинларида мазкур жиноят ишлари қайта кўриб чиқилишига умид уйғотмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG