Линклар

Россия мардикорларга белгиланган квотани бекор қилмоқчи


Квоталар меҳнат муҳожирлари Россияда дуч келадиган муаммоларнинг асосий сабабчисидир.

Квоталар меҳнат муҳожирлари Россияда дуч келадиган муаммоларнинг асосий сабабчисидир.

Россия Федерал Миграция хизмати бир қатор ҳукумат идоралари ва жамоатчилик ташқилотлари билан ҳамкорликда янги “Миграция сиёсати концепцияси” ишлаб чиқмоқда. Ҳукумат идораларига муҳокама этилиши топширилган бу ҳужжатда Россиядаги чет эллик меҳнат муҳожирларига белгиланадиган квоталар умуман бекор қилиниши кўзда тутилган.


Федерал Миграция хизмати Россияда хорижлик меҳнат муҳожирларига белгиланадиган квоталарни мутлақо бекор қилиш таклифи битилган янги “Миграция сиёсати концепциясини” ишлаб чиқмоқда. “Известия” газтесининг ёзишича, Миграция хизмати мутассадилари Россиянинг Ялпи ички маҳсулотининг 7-9 фоизи меҳнат мигрантлари томонидан ишлаб чиқилмоқда, бироқ ҳокимият тизимларида миграция соҳасида ягона сиёсат ишлаб чиқилганича йўқ.

Миграция хизмати хорижлик мардикорларни ишга ёллаш учун ҳар йили минтақаларга тақсимланадиган квоталар тизими Россиянинг иқтисодий тараққиётига тўсқинлик қилаётгани ва миграция соҳасида коррупциянинг илдиз отишига сабаба бўлаётганига оид фикрлар бор.

Миграция масалалари бйўича тадқиқотлар маркази директори Елена Тюрюканова иқтисодиёти ўсиб бораётган Россия учун ҳатто мавжуд миграция оқими етарли эмас, яқин келажакда эса меҳнат муҳожирларига бўлган эҳтиёж янада ошиб боради, деган фикрда.

- Россияга келган мигрант биринчи навбатда ишлашга руҳсатнома олиш билан боғлиқ катта муаммога дуч келади. Бу муаммо квоталаш тизими билан боғлиқдир. Бутун Россияга ажратилган 2 миллионлик квота жуда кам. Москвага ажратилган мигрантлар квоталари шаҳарда мавжуд талабдан 5 баробар камроқдир. Бу улар ноқонуний тарзда ишлашни давом эттираверади деганидир. Милиция, ФМХ, соғлиқни сақлаш идоралари билан боғлиқ қолган муаммолар эса бунинг оқибатидир,- дейди Озодликка миграция соҳаси бўйича мутаҳассис Елена Тюрюканова.

Аммо бундай фикрлар қарши чиқаетганлар ҳам йўқ эмас. Квоталарни йўқ қилишга қарши фикр билдирувчилар шу тариқа ҳукумат Россияда сўнгги йилларда пайдо бўлган демография ва иш кучи етишмаслиги муаммосини ҳал этмоқчи, дейди.

Россия Мустақил касаба уюшмалари федерацияси котиби Александр Шершуков квоталарни бекор қилиш ортидан мамлакатга арзон, малакасиз меҳнат муҳожирларининг оқими ёпирилишини тахмин қилади.
- Кескинлик вазияти кучайб боради. Бунинг оқибатида касаба уюшмаларининг оммавий чиқишлари келиб чиқади, дейиш ҳозирча эрта. Лекин Россия меҳнат бозорининг бутунлай очилиши ҳолатида оммавий чиқишлар ва норозиликлар юзага келишини ҳам инкор этмайман,- дейди касаба уюшмаси фаоли Александр Шершуков.

Бугунги кунда Россиядаги миграция сиёсати 2003 йилда қабул қилинган “Миграция жараёнларини бошқариш концепцияси” воситасида юритилади. Мутахассислар сўнгги 8 йил давомида мамлакатда аҳоли сони камайиб бораётгани, ташқи миграциянинг кучаяётгани ва Россиянинг ўзидан кўплаб мутахассисларнинг хорижга ишга кетаётганини ҳисобга олган ҳолда бу Концепцияга жиддий ўзгартишлар киритиш вақти етганини айтмоқдалар.

Москвадаги Этнополитик ва минтақавий тадқиқотлар Маркази директори, социология доктори Владимир Мукомел Озодлик билан суҳбатда Россия жамиятида квоталарни бекор қилиш билан боғлиқ шов-шув асоссиз эканинини, аммо квоталаш тизимини бирданига бекор қилиш ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтади.

- Жамият бу янгилликка кескин салбий муносабат билдирди. Жамоатчилик онгида квота – мигрантлар оқимига амалда тўсқинлик қилувчи омил ва квоталарни бекор қилиш ортидан бутун дунёдан Россия минтақаларига оммавий миграция бошланади, деган фикр ўрнашиб қолган. Аслида эса бундай эмас. Гап шундаки, муҳожирлар квоталарсиз ҳам кириб келиб ишга жойлашмоқда. Аммо легаллашишга имкони бўлмаганидан кейин улар ноқонуний меҳнат қилишга мажбур. Яъни квоталар иккита асосий вазифани бажармоқда: мигрантларни ноқонуний меҳнат қилишига ва улкан коррупциянинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда,- дейди Этнополитик ва минтақавий тадқиқотлар Маркази директори профессор Владимир Мукомел.

Шунга қарамай, мавжуд вазиятда Владимир Мукомел квоталарни бирданига бекор қилиш тарафдори эмаслигини ҳам айтади. Унинг сўзларига кўра, квоталар кескин вазиятлардагина жорий қилиниши ва ундан воз кечиш босқичма-босқич амалга оширилмоғи зарур.

Санкт-Петербургда 2 йилдан буён меҳнат қилаётган қўқонлик Одилжон Россияга келиб ишлаш учун квоталар тўсиқ бўла олмаслиги, мамлакатга кириб келаётган меҳнат муҳожири квоталар бор-йўқлигига қарамасдан қонунийми, ноқонунийми барибир иш топишини ва пулсиз уйга кетмаслигини айтади.

- Пул керак бўлган одам барибир келаяпти. Озгина кўпайиши мумкин, бизга енгиллик туғилади. Лекин ёпирилиб келмаса керак. Мен 2009 йилда келганман, дорожнийда как положено ишлардим хужжатлар билан. Ҳозир энди йўқ хужжат. Квоталарни бекор қилса жуда яхши бўларди. Қийинчиликда, масалан уйдан келдингиз, 3 ойлик регистрацияга қўясиз. Шунинг чичда сиз қорнингизга ишлашингиз, квартирага беришингиз, документ қилишингиз керак. 60-70 фоиз одам қилади, таниш билиш топади, қолганлар эса эпламайди. Мажбур шаҳар ташқарисига чиқиб кетади- у жойда унчалик суруштиравермайди. 6-7 ой ишлаб бироз пул ишлаб кейин қайтиб кетади,- дейди Петербургда 2 йилдан буён квотасиз ишлаётган қўқонлик Одилжон.

Расмийлар 10-15 йилга мўлжалланган янги миграция қойидалари жорий йилнинг ёзига қадар ишлаб чиқилиши мумкинлиги ва ҳужжатнинг жамоатчилик орасида кенг муҳокамаси давом этишини таъкидламоқдалар.

2011 йилда Россия минтақаларига 1 миллион 754 минг кишига мўлжалланган меҳнат квоталари тақсимланди. Россия расмийлари бугун мамлакатда 4 миллион меҳнат муҳожири борлигини айтади. Жаҳон банки келтирган рақамларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари сони 12 миллиондан ошади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG