Линклар

logo-print

"Эзгулик" сенаторларни бағрикенг бўлишга чақирди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ҳукумати минглаб эътиқод тутқунларининг арз-додини эшитмай келади.

Ўзбекистон ҳукумати минглаб эътиқод тутқунларининг арз-додини эшитмай келади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Олий Мажлис Сенати эътиборини мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан кутилаётган амнистия юзасидан виждон тутқунлари тақдирига қаратди.


"Эзгулик" жамияти тарқатган пресс-релизда, ташкилот олиб борган мониторингга кўра, конституциявий тузумга тажовуз ва диний радикал оқимларга аъзоликда айбланиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган виждон тутқунларининг жазо муддатлари тугаса ҳам, озодликка чиқарилмаган ва уларга нисбатан амнистия деярли қўлланилмагани айтилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти марказий бошқаруви аъзоси Абдураҳмон Ташанов мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан кутилаётган катта амнистия актида Олий Мажлис сенаторлари виждон тутқунларининг тақдирини инобатга олиши лозим, дейди:

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятига келаëтган шикоятларнинг каттагина кўламини "раскрутка" дейди, яъни қамоқхонада муддатга қўшиб бериш билан боғлиқ ҳолатлар ташкил қиляпти. Айниқса конституциявий тузумга тажовуз қилиш, диний радикал оқимларга мансубликда айбланиб, қамалган шахслар озод қилиниш даврига келиб уларга қамоқхона тартибини бузганлик айби билан жазо муддатлари қўишиб берилиш ҳолатлари жуда ҳам кўп.

Биз мана шу мурожаатларнинг ҳаммасини йиғиб, мониторинг ўтказганимизда, ундан ҳам катта муаммо келиб чиқаëтганлиги, ҳозир Ўзбекистон ҳукуматида айнан ўша диндорларни қамоқдан чиқармаслик эҳтимоли пайдо бўлаëтгани маълум бўлди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, биз жамоатчиликни мана шу муаммо атрофида бош қотиришга чақираяпмиз,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

"Эзгулик" ўз хабарномасида жазони ўташ муассасаларида қамоқ муддатини ўтаётган маҳбуслар яқинларининг мактубларидан иқтибос ҳам келтиради:

“Анвар қамалганида 21 ёшда эди. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг ҳукми билан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Умрининг гулдек даврини "Жаслиқ" лагерида ўтказаётган фарзандимга бир марта ҳам амнистия шабадаси тегмади. Аллақачон уйга келиши, қамоқда эканлигида уйлантирган келин ва рўзғорига эгалик қилиши керак эди. Лекин бу жазо муддати тугайдиганга ўхшамайди. Аксинча, "Жаслиқ"қа борганимда эзилиб қайтаман: ҳар сафар карцерга солишади, ўласи қилиб калтаклашади. Нима қилмоқ керак?” (Абдувоҳид Хўжамқулов, Қашқадарё вилояти Нишон тумани), деб иқтибос келтиради “Эзгулик” жамияти.

Диний айбловлар билан қамалганлар юзасидан мустақил мониторинг олиб борувчи фарғоналик инсон ҳуқуқи фаоли Аҳмаджон Мадумаров ҳам мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилиниши мумкин бўлган амнистиядан умид қилаётганини айтар экан, бундай катта авфни эълон қилиш қонунан Сенатнинг ваколатида бўлса ҳам, лекин унинг ихтиёрида эмаслигини таъкидлайди:

- Албатта, 20 йилликка катта амнистия қўлланилади деган умиддаман. Ҳар доим амнистия актида ёзиб қўйилади. Маҳкумнинг тақдири муассаса раҳбариятининг ҳукмига ҳавола қилинадию, лекин муассаса раҳбарияти бу ўринда ҳеч қандай рол ўйнамайди. Бу ерда фақат ҳукуматимизнинг топшириғи бўлади холос. Сиëсатни олиб бораëтган сиëсатдонларнинг, президентимизнинг дейманми, МХХнинг дейманми, мана шуларнинг қўлида туради, маҳкумлар тақдири.

Товоқсойда бир зонанинг бошлиғи бўлган эди. Бир неча йил бурун менинг ўғлим Товоқсойда бўлганида, мен олдига кириб “Нима қилишим мумкин фарзандимни қамоқдан чиқаришим учун?” десам, “Биз ҳеч нарса қила олмайсиз. Ҳеч нарса чиқмайди. Мана бу битта оқ варақ. Шунда тоза туради ўғлингиз. Мана бу битта қора варақ. Ҳеч нарса қилмаган, лекин биз унга учта нарушение ëзиб қўйганмиз. Фамилияси келса, оқ варағи билан чиқиб кетаверади. Фамилияси келмаса, қора қоғоз билан амнистияга тушмасдан қолаверади” деган. Қамоқхоналардаги ҳозирги аҳвол, қамоқхоналарда ҳозир диний эътиқод эркинлигига бўлаëтган тажовуз тил билан гапириб бўлмайдиган даражада,- дейди фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаров.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати қамоқхоналарда сиёсий ва диний эътиқоди учун қамалган маҳкумлар борлиги ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланилишини инкор қилиб келади.

Москвадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Мемориал” ташкилоти маълумотига кўра, бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида беш мингдан ортиқ сиёсий ва диний тутқунлар бор ва улар мунтазам қийноқларга солинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG