Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:38

Ўзбек чернобилчилари Фукусимадаги бўҳрондан ташвишда


Бир пайтлар 12 минг аҳолиси бўлган Чернобил бугун "тарк этилган шаҳар" мақомига эга.
Бир пайтлар 12 минг аҳолиси бўлган Чернобил бугун "тарк этилган шаҳар" мақомига эга.

Япониядаги Фукусима Дайичи атом электр станциясидаги ҳалокатнинг хавфлилик даражаси Чернобил атом станциясида юз берган фожиага тенглаштирилди. Европа ва, айниқса собиқ иттифоқ халқларининг эсида қоладиган Чернобил фалокатига келаси 26 апрел куни 25 йил тўлади. Чорак аср аввалги воқеаларини ўз таналарида синаган кўплаб ўзбекларни бугун Фукусимада рўй бераётган бўҳрон ташвишлантирмоқда.


Чернобил оқибатларини тугатишда 10 мингга яқин ўзбекистонлик қатнашган, улар орасида 50-60 нафар аёл ҳам бўлган.


Ўша пайтда Совет армиясида хизмат қилаётган жиззахлик Хошимжон Маҳрамов ҳам Чернобилга сафарбар қилинган эди.


Бундан 25 йил аввал, атом кашф этилганидан кейин энг йирик ядровий ҳалокат деб аталган Чернобил фожеасини ўз кўзи билан кўрган ва оқибатда бугунга келиб ногиронлар сафида бўлган Хошимжон Маҳрамов Фукусимадаги бўҳроннинг оқибатлари кутилганидан ҳам даҳшатли бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.


- Япониядаги фожиа жуда ҳам мудҳиш, экология учун, ер юзидаги инсоният учун ҳақиқатан ваҳимали, мудҳиш воқеа. Чунки атом станцияларининг фожиалари бу халқаро фожиа. Физика ҳодисаларини яхши билмасмиз, аммо алфа, бетта, гамма нурларининг таъсир даражасининг ëмонлигини биламан. Уларнинг салбий таъсири оқибатида турли хил касалликлар келиб чиқади. Одам бурунидан қон кетиши, шол, мажруҳга айланади. 100 йиллар давомида фожеа рўй берган жой яқинида ўсимликлар ўсмаслигини аниқ биламан,- дейди Хошимжон Маҳрамов.


Кун давомида суҳбатлашганимиз ўнга яқин ўзбек чернобилчилари Фукусимадаги бўҳронни эшитиб ваҳимага тушганларини айтиб, японияликларга ҳамдардлик билдиришди. Абдумалик Турсунов уларнинг бири:


- Ана телевизорда, Ахборотларда кўраяпмиз. Япониядаги воқеаларни. Яхши иш бўлмади энди ўша ердаги аҳолига ҳам. Фукусимадаги аҳвол жуда ташвишли. Ўша аҳолига жабр бўлаяпти. Бечораларга Худо сабр берсин. Оëққа туриб олиш қийин бўлади энди ўша ердаги халққа ҳам, ҳаммасига ҳам. Биз чернобилчилар номидан японияликларга ҳамдардлик билдирамиз,- дейди Абдумалик Турсунов.


Фукусимадаги ҳалокат хавфлилиги 7-даражага кўтарилди ва Чернобил фожиаси билан тенглашди.

Бугунги кунда ядровий ҳалокат оқибатларини бевосита бошидан ўтказган ва ўтказаётган чернобилчилар Фукусимадаги фожеа кўлами ва оқибатлари ҳақидаги маълумотларни оммадан яширмаслик муҳим, дейди.


Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Чернобилчи ногиронлар уюшмаси раиси Хошимжон Маҳрамов 25 йил аввал Чернобил фожеасининг халқдан сир тутилгани натижасида юз минглаб одамнинг умри зомин бўлди, дейди.


Хошимжон ака Озодлик билан суҳбатда ўша мудҳиш кунларни хотирлайди


- Бомба портлаган эдику Хиросимада. Чернобил фожеаси ўша атом бомбанинг кучидан 300 баробар зиëд бўлган. Ўша пайтда кўп нарса яширилган. Биз бўйнимизга доза облучения (нурланиш дозаси) осиб юрганмиз. Кунлик ва ойлик доза облучения бўларди. Буни текширувчилар “ҳақиқий дозани анча кам қилиб ёзишга мажбурмиз” дейишарди. Ўзимизнинг кўзимизнинг олдимизда доза ошган тақдирда ҳам, кам қўйиб юборишган. Буни зарарини қайтиб келгандан кейин билдик. Агар нурланиш дозаси кўп қўйилса, инсон ҳуқуқларимиз поймол бўлиб бизнинг соғлиғимизга салбий ва жиддий зарар етказганлиги учун қонун олдида жавобгарлик белгиланган экан. Ўша воқеадан кейин бизлардан 20 йилга подписка олган эди, “давлат сирини ошкор қилмайман” деган мазмунда,- дейди Хошимжон Маҳрамов.


Тошкентлик 53 ёшли Муҳаммаджон Абдуллаев Чернобил оқибатларини тугатишга мажбуран олиб кетилган, лекин Чернобилда икки кун ишлагандан кейин ишлашдан бош тортиб қайтиб келган.


Муҳаммаджон ака касби қурувчи бўлгани боис, уни “Москвадаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасини қуриш ишларида ишлайсан” деб алдаб олиб кетишгани эслайди.


- Чернобил атом станциясидан 30 километр берида хизмат қилганмиз. Зарари ҳақида бизга умуман гапиришмаган. Ëмғир ëққан пайтда “казармадан чиқмайсанлар” деган холос. Шамол бўлиб ердан чанг-тўзон кўтарилган пайтда ердан радиация нурлари кўтарилади. Буни ҳеч ким сезмайди. У нарсани ўша пайтда билмадик. Кейин билиб қолдик. Икки кун ишлаб, учинчи куни ишламайман деб қайтиб келдим,- дейди Муҳаммаджон Абдуллаев.


Лекин Муҳаммаджон ака барибир Чернобил фожеасининг оқибатларидан қочиб қутула олмади. У кейинчалик туғилган бир фарзанди оламдан ўтганини айтиб, ҳозир 18 га кирган қизининг соғлигидан ҳам хавотир билдиради.


Чернобил фалокатининг асоратлари орадан 25 йил ўтиб ҳам ўз таъсирини йўқотмади. Минглаб одамлар нурланиш оқибатида орттирган касаллик асоратларини ҳамон бошадн кечирмоқда ёки бевақт оламдан ўтмоқда, фарзандлари ҳам ногирон бўлиб туғилмоқда.


Тошкентлик 61 ёшли Абдумалик Турсунов ҳам Чернобил ҳалокати оқибатларини тугатишга мажбуран олиб кетилганлардан бири.

Бугунги кунда Абдумалик Турсунов қон босими ва қанд касаллиги билан оғримоқда.


- Бизларга Чернобил демаганда. Бизларни уйдан худди бировни ўлдириб қўйганимдай, машинага босиб олиб кетаверган. Кечаси учда олиб кетиб қолган. Поездга уриб олиб кетаверган. Боргандан кейин билдик. Борганларнинг ҳозир нечтаси ўтиб кетди. Бири рак бўлаяпти, бири у бўлаяпти. Мен ҳозир юраману, лекин ҳеч нарсага ярамайман. Докторга бораман, келаман, ëтаман. Ëтавераманда. Соғлиқ яхшимас. Бир йилча бўлди инсулинга ўтирганман. Сахарим тушмаяптида. Болницада ëтаман 5-10 кун. Барибир унчалик яхшимас,- дейди Абдумалик Турсунов.


1986 йил Украинадаги Чернобил атом заводида рўй берган портлаш оқибатида Украина, Беларус ва Европанинг қатор мамлакатларига радиацион булут тарқалган эди.


БМТ берган маълумотларга кўра, тахминан 4 минг одам Чернобил фожеаси оқибатида ҳалок бўлган.

11 апрел куни Япония ҳукумати Фукусима Дайичи атом электр станциясидаги ҳалокат хавфлилиги даражасини халқаро ўлчов бўйича энг юқори бўлган еттинчи даражага кўтарди. Бу билан Фукусимадаги бўҳрон Чернобил атом станциясида юз берган фожиага тенглашди.

Айни пайтда ҳаво, ичимлик суви, мевалар ва денгиз сувига тарқалган радиациянинг умумий миқдорининг кескин ошгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG