Линклар

Раштда яна ҳарбий амалиётлар ўтмоқда

  • Гулнора Равшан

Абдулло Раҳимовнинг тирк ёки тирик эмаслиги ҳам шу кунгача номаълум бўлиб қолмоқда.

Абдулло Раҳимовнинг тирк ёки тирик эмаслиги ҳам шу кунгача номаълум бўлиб қолмоқда.

Тожик расмийлари Раштда мулло Абдулло гуруҳига қарши ҳарбий амалиёт бошлангани ҳақидаги хабарни рад этмоқда.

Тожикистон шарқида мулла Абдулло ва унининг гуруҳини йўқ қилишга оид ҳукумат кучларининг махсус амалиёти 14 апрел куни эрталаб бошлангани ҳақида Озодлик радиосига собиқ мухолифатнинг Рашт туманида истиқомат қилувчи собиқ аъзоларидан бири хабар берди.

Номи ошкор қилинмаслик шарти билан гапирган манбанинг айтишича, мазкур амалиётда Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан биргаликда Рашт Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи, собиқ дала қўмондонларидан бири Шоҳ Искандаров ҳам қатнашмоқда экан.

- МВД мулла Абдулло ҳақида қандайдир маълумот олди ва бугун эрталаб Самсолиққа ҳукумат кучлари билан Шоҳ ва унинг ходимлари ҳам жўнаб кетди. Улар мулла Абдуллони қидиришаяпти. Бу ўртада униниг гуруҳидан бошқа гуруҳ йўқ -, дер экан ишончли манба, махсус амалиётда иккита ҳарбий вертолётдан ҳам фойдаланилаётганини айтди.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев бу маълумотлар асоссизлигини таъкидлар экан, яқинда ҳукумат қарори билан мамлакат шарқида ташкил топтирилган Рашт Ички ишлар бошқармасининг эҳтимолий террористларга қарши тактик хусусиятга эга бўлган ҳарбий таълим машқлари бошланганини билдирди.

- Рашт минтақасида ташкил топган Ички ишлар бўлими ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимларининг акслтеррор қўшма машқлари бошланди, бугун. Бундан кўзланган мақсад ўша ҳудуддаги куч ишлатар тизим ходимларининг касбий фаолиятини такомиллаштиришдан иборатдир, - дер экан вазирлик расмийси Асадуллоев бу ҳудудга марказдан қўшимча куч юборилганига оид гап -сўзларни ҳам инкор қилди.

Аммо тожик расмийси Асадуллоев Рашт водийсида бугун бошланган ҳарбий машқлар ўтган йил Рашт водийсида юз берган воқеалар билан бевосита боғлиқлигини инкор қилмади.

Айни пайтда Тожикистон Мудофа вазирлиги матбуот котиби Фариддун Маҳмадалиев Рашт водийсида эрталаб бошланган ҳарбий таълим машқларда вертолётлар, танклар ва артилерия ҳам қатнашаётганини маълум қилган.

Рашт водийсида ўтган йили рўй берган воқеаларнинг асосий ўйинчиси, Тожикистон ҳукумати назарида, собиқ дала қўмондони мулла Абдулло саналади.

Камароб дарасидаги ҳукумат кучларига ҳужумда ҳам, ўша воқеада қурбон бўлган 28 аскарнинг ўлимда ҳам айнан мулла Абдулло айбдор экани айтилади.

Бироқ тожик жамиятида мулла Абдулло шахси ҳақидаги қарашлар доимо бир бирини инкор қилади.

Бир гуруҳ сиёсатчилар ва таҳлилчилар мулла Абдуллонинг тириклигига шубҳа қилиб, унинг 2002 йил НАТО кучларининг Афғонистондаги амалиётлари чоғида ўлдирилганини айтади.

Тожикистон разведкаси эса мулла Абдулло лақаби билан халқ орасида танилган Абдулло Раҳимов Покистоннинг Вазиристонидаги тўқнашувларда чекиниб, 2009 йил апрелида мамлакат шарқига ўтганини маълум қилади.

Шуни ҳам айтиш жоизки, ўтган йил мулла Абдуллонинг аёли Шамсия Раҳимова мухбирингиз билан суҳбатда собиқ дала қўмондони Абдуллонинг ҳозиргача тирик эканига шубҳа қилишини айтган эди.

Тожикистон расмийлари эса мулла Абдулло тожик жамияти учун бомбадан ҳам хавфлилигидан бонг урса-да, кўпинча унга қарши бошланган махсус амалиётлар сир тутилади.

Мустақил таҳлилчи Искандари Фируз бунинг сабабини қуйидагича шарҳлайди.

- Биринчидан ҳукумат кучлари бундай операцияларда ўз кучига ишонмайди. Иккинчидан эса шусиз ҳам мамлакатдаги ижтимоий ва сиёсий беқарорликнинг издан чиқиб кетишидан чўчийди. Кўпинча Тожикистондаги ҳозирги сиёсий вазият шишиб турган шарга қиёс қилинади ва ҳукумат кучларининг мамлакатнинг у ёки бу бурчагида мухолифат лидерларига қарши олиб бораётган махсус амалиётларининг сир тутилиши бежиз эмас, - деган ишончда Искандари Фируз.

Абдулло Раҳимов ёки минтақада мулла Абдулло лақаби билан танилган собиқ мухолифат собиқ лидери 1997 йил ҳукумат ва мухолифат кучлари ўртасида имзоланган тожиклар аро тинчлик битимини тан олмай, 2000 йил бошида Афғонистонга ўтиб кетган эди.

Ўша йиллар мулла Абдулло қароргоҳи Кобулда бўлган Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлгани ҳақида маҳаллий ва хорижий ахборот воситаларида хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG