Линклар

Оч қорним, тинч қулоғим!?

  • Ҳурмат Бобожон

Баъзи мухлисларимиз фикрича, Яқин Шарқдаги диктаторлик режимларини ағдарган инқилоблардан кўра, "тинчгина яшаган" маъқулроқ.

Баъзи мухлисларимиз фикрича, Яқин Шарқдаги диктаторлик режимларини ағдарган инқилоблардан кўра, "тинчгина яшаган" маъқулроқ.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимиз дунё сиёсий майдони ва Ўзбекистон ичкарисида рўй бераётган воқеалар хусусида фикр юритишди.


Ўзбекистонда бунақа инқилоблар бўлмагани маъқул

дейди 40 яшар тошкентлик Ҳамиджон араб давлатларида бўлаётган ҳодисалар ҳақида мулоҳаза қилиб.

- Араб давлатларида бўлаëтган инқилоб, “бизларнинг ўзбеклар ақли етмайди, ўзимизнинг ўзбеклар бу ишни қила олмайди” деб гапирганлар борку. Ўзимизнинг фикримни айтаманда. Бизларнинг ўзбекларнинг ақли етади. Нимага деганда Тожикистонда бўлган инқилоблар, Қирғизистонда бўлаëтган инқилоблар ҳеч қанақа натижа олиб келгани йўқ уларга. Олдингидан ëмон яшашаяпти, ҳақиқатан тўполон, тинчимайди ҳалигача. Бизларнинг ўзбеклар шу нарсани англаб етиб, керак вақтида шу ишлар бўлиб кетади деган ниятдамизда Худо хоҳласа. Нимага деганда ҳақиқатан ҳам ўша Россия телевидениесида гапирди Мисрдаги инқилоб бўлиши мумкин деган фикрни билдиргани эсимдан чиқмайди. Ҳақиқатан шунақа бўлса керак деб ўйлайман.

Озодлик: Ўзбекистондами?

- Ҳа. Келтириб берди. Андижонда ҳақиқатан ҳам ер етишмаслиги, сув танқислиги, ишсизлик ҳаммаси секин-секин Миср инқилобига олиб келади деган бир аналитик гапирди.

Озодлик: Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

- Агар Қирғизистондаги, Тожикистондаги инқилоблар бўладиган бўлса, бўлмагани маъқул. Нимага деганда тинч бўлганимиз яхши. Тинчимайдиган, кимларнингдир ўйинига ўйнаган деб биламан. Кимларнингдир ўйинига ўйнаб шунақа инқилоб бўлган деб биламан ўзимнинг фикрим. Бунақа инқилобдан кўра, мана Араб давлатларида 40 йилдан бери ўтирибди президентлар. Майли бизларнинг президент 30 йил ўтирмаса ҳам қизига топшириб кетсин шу президентликни. Нимага деганда ўрнига бошқаси келса, яна талон-тарожлик қилади. Яна қариндош-уруғлари, бир-бири билан ҳокимият талашишлар. Нима кераги бор? Битта президент бўлгани яхши. Нимага деганда бизнинг президент ўзига яраша молларни йиғиб олган бўлса, бошқаси келса, униси яна йиғишни бошлайди. Яқинда Мирзиëевнинг қариндошининг қариндошининг қариндошини кўрдим. Катта қасрлар қуриб ташлаган Максим Горкийга. Улар пулни қаердан олган? Қаердан келган бунча маблағ? Қанақадир узоқ қариндошлар бу. Эртага бошқа президент келса, улар йиғишни бошлайди. Халққа қийин бўлди. Инқилобнинг Тожикистон ëки Қирғизистон кўриниши бўладиган бўлса, бўлмай қўя қолгани маъқул. Гулнорами, ўша қизи ўтириб қўйгани яхши тинчгина, дейди Ҳамиджон ака.


Бу бедодликлар учун ким жавоб беради?

дейди Марғилон шаҳридан телефон қилган 70 яшар отахон Тошматов Эркин.

- Мен Марғилон шаҳридан Тошматов Эркинман. Ëшим 70да. Мен туҳмат билан ноҳақликка учраган эдим. Кўп марта суд жараëнлари ҳам бўлиб ўтди. Менинг устимдан суд ҳукмлари чиқарилди ва у суд ҳукмлари бекор ҳам қилинди. Мен Ўзбекистон Олий судининг пленуми томонидан оқланган бўлсамда, ҳақиқат тўла-тўкис қарор топган эмас. Мен ва оилам йиллар давомида уюштирилган туҳматларнинг гирдобида қолиб кетдик. Мен бу ҳақда энг юқори идораларга жуда кўп мурожаат қилганимга қарамасдан Ўзбекистон конституцияси ва қонунчилиги билан белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларим поймол қилиниб келинмоқда. Менга бу масалада ëрдам берилишини сўраб 2009 йил 13 июн куни Эзгулик жамиятига мурожаат қилган эдим. Орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди. Эзгулик жамияти мана шу вақт ичида менинг масалам бўйича қандай саъй-ҳаракат қилди, қайси идораларга мурожаат қилинди, бу идораларнинг муносабати қандай бўлди – менга шу пайтгача ҳеч нарса маълум эмас. Эфир орқали мен Эзгулик жамияти менга қайсуи идораларга мурожаат қилганлиги, қандай жавоб олганлигини айтишларини сўраган эдим. Бунга ҳам икки ойдан кўп вақт бўлди. Лекин менга на телефон орқали, на эфир орқали ҳеч қандай маълумот берилмади, дейди марғилонлик Эркин ота.

Она юртингизни ташлаб кетманг!

деб мурожаат қилади ўз ҳамюртларига Россиянинг Омск шаҳрида ишлаётган 35 яшар ўшлик Муроджон ака. суҳбатдошимизнинг ўзи ҳам ўтган йил июн фожиаси пайтида оиласини Ўшдан олиб чиқиб кетига мажбур бўлган минглаб ўшликлардан бирган ва ҳозир Россияда яшаётган Муроджон ҳамқишлоқларига она юртни ташлаб кетмасликни тавсия қилади.

- Ўш, Жалолободни тарк қилиб чиқиб кетаëтганларни сабр қилишга чақирмоқчиман. Ҳарқалай ноумид шайтон. Умидимиз бор. Бутун дунë ўзбеклари, халқаро ташкилотлар ëрдам беради деган умиддамиз. Мана 20 йилдан бери кимнингдир айблари билан оддий халққа келажагимизни ўйлантираяптида.

Озодлик: Сиз нимага оилангизни олиб Россияга Ўшдан чиқиб кетдингиз?

- Биринчидан, ўша уруш маҳалда, қирғин маҳалда мен ўзим бўлолмай қолдим. Ўша ерда бўлгандан баттар бўлдим бу ерда туриб. Мен расмий ишлайман. Бир йилга разрешение на работу олиб олганмиз. Шунга бориб оиламни олиб келиб, энди ҳар хил миш-мишлар юрибди. Шунга ишхонамни ташлаб кетворгани яна бўлмади. Шунга жавоб сўраб оиламни ëнимга олиб келиб олдим.

Озодлик: Қайтиб бориш ният борми?

- Албатта ниятим бор. Агар ниятим бўлмаганида, Россия фуқаролигига топшириб қўйган бўлардим. Ҳозир топшириб қўйишга менинг имкониятларим жуда катта.

Озодлик: Россия фуқаролигини нимага олмаяпсиз?

- Умидим бор Ўшдаги, Жалолободдаги ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланади. Ҳаракат қиламиз деган умиддаман. Бундай қолиб кетмаса керак деб ўйлайманда. Имкон қадар ҳаракат қиламизда. Худодан инсоф тилаймиз ҳаммамизга, сабр тилаймиз. Умидим бор, дейди Россиянинг Омск шаҳрида ишлаётган 35 яшар ўшлик Муроджон ака.


*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG