Линклар

Анандни мот қилган Темур энди жаҳон чемпиони бўлмоқчи


Бўлғуси Гроссмейстер Темур Игонин.

Бўлғуси Гроссмейстер Темур Игонин.

27 март куни гроссмейстер — ҳозирги жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд билан 2004 йилда жаҳон чемпиони бўлган Рустам Қосимжонов ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилган ҳақида Озодлик хабар қилган эди. 28 ва 29 март кунлари эса Тошкент шаҳрида икки гроссмейстер ўзбекистонлик ёш шахматчилар билан сеанслар ўйинлари ўтказди. Бу учрашувларда жаҳон чемпиони Вишванатан Анандни ўзбекистонлик икки ёш шахматчи мағлуб этди.


Улардан бири 10 яшар тошкентлик Темур Игонин. Гроссмейстерни мот қилган Темур биз билан суҳбатни ҳам "ҳужум" билан бошлади:

- Ассалому алейкум. Сизнинг исмингиз нима?

Озодлик:
Менинг исмим Басира. Темур, бугун дарсдан сўнг нималар қилдинг?

- А, тушунарли. Менми? Мен айланиб келдим, футбол ўйнадим кўчада. Ундан олдин эса шахмат билан шуғулландим. Мен жуда яхши кўраман шахматни. Менга Фишер, Каспаров ўйинлари ёқади. Яна менга Копиванко ёқади.

Темур яқинда Тошкентда икки гроссмейстер Рустам Қосимжонов ва жаҳон чемпиони Вишванатан Ананднинг ўртоқлик учрашувини кузатди:

- У ерда ўткир ўйин бўлган эди. Комбинациялар кўп эди. Айниқса, биринчи партияда, дейди Темур.

10 яшар шахматчи оилада ягона фарзанд. Темурнинг онаси Татьяна гапиради:

- Дастлаб бизда 2007 йилда шаҳар чемпионати бўлган эди. Темур ўша пайт 7 ёшда эди. У яхши натижалар кўрсатди. Биз Темурга шахмат ёқишини кўрганимиздан кейин асосан шахмат билан шуғулланишни давом эттирдик. Унга қадар эса ўғлим теннисга, сузишга, инглиз тилига қатнар эди. Энди эса вақтимиз фақат шахматга қаратилган,- дейди Татьяна.

Темурнинг онаси уй бекаси. Шу боисдан унинг кун тартиби ўғлини у тўгаракдан бу тўгаракка олиб боришдан иборат. Татьянанинг ўзи ҳам ёшлигида шахматга қизиққанини айтади.

28-29 март кунлари ўғлини гроссмейстерлар билан учрашув ўйинига таклиф этишганида, Татьяна ўғли жаҳон чемпиони устидан ғалаба қозонишини хаёлига ҳам келтирмаган эди:

- Албатта кутганимиз йўқ. Харқалай, у жаҳон чемпиони. Умуман кутмаганмиз. Ўғлимда қандайдир ўзига ишонч пайдо бўлди. Энг аввало, унинг ўзи учун бу катта қувонч эди. Биласизми, бола қанчалик яхши кўрмасин, соатлаб шахмат билан шуғулланса, чарчайди. Ананднинг келиши, ўғлим у билан ўйнаши ва ғолиб бўлиши унга куч берди. У фақат чемпион бўлиш орзуси билан яшай бошлади,- дейди ёш шахматчининг онаси.

Темурнинг ўзи эса ўйиндан олдин ҳаяжонлаганлигини эслайди:

- Мен хаяжонланган эдим. Ахир мен Ананд билан ўйнаяпман-ку. Ютиш орзуси албатта бор эди, лекин мен ютаман деб ўйламаган эдим. Ютганимдан сўнг қўлимни сиқди ва кейинги партияга ўтиб кетди,- дейди Темур Игонин.

Шахмат бўйича жаҳон чемпионини мот қилган тошкентлик Темур ҳозир май ойида Филиппинда ўтказидиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

- Ўзимни тренерим Вадим Николаевич ва онам билан шуғулланаяпман. Ойим фақат вазифаларни қўйиб беради. Агар ўйнасак, ойимни ютаман-ку. Ойим профессионал ўйнамайди-ку,- дейди кулиб Темур.

Темур ҳам, онаси ҳам энди олдиларига бир мақсадни қўйишган:

- Мен жаҳон чемпиони бўлмоқчиман. Тезроқ чемпион бўлишга ҳаракат қиламан. Пономаревдан эртароқ чемпион бўлмоқчиман. Балки 15 ёшда, балки 16да,- дейди Темур Игонин.

Шу пайтга қадар Темур Игонин Ўзбекистондаги чемпионатлардан ташқари, 2010 йил шахмат бўйича Осиё чемпионатида бронза медали соҳиби бўлган.

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд Тошкентдаги ёш шахматчилар билан сеанс ўйинида Темурдан ташқари Фарғона давлат университетининг 1-курс талабаси Ҳулкар Тохиржоновага ҳам таслим бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG