Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:05

Бишкекда мусулмонлар муаммолари муҳокама қилинди


Russia -- Khusain Khasanov (in the middle) during the pray in the mosque, Kargaly village, Orenburg region, undated
Russia -- Khusain Khasanov (in the middle) during the pray in the mosque, Kargaly village, Orenburg region, undated

Қирғизистондаги мусулмон жамоалари ўртасида ўзаро тушунмаслик ва зиддиятлар мавжуд.

Бу ҳақда “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази томонидан Бишкекда уюштирилган “Ислом динининг жамиятдаги барқарорликни сақлашдаги ўрни” анжуманида маълум қилинди.

Диншуносларга кўра, мусулмон жамоалари орасидаги зиддиятлар Қуръонни турлича талқин қилиш оқибатида юзага келмоқда.

Марказий Осиё мусулмонлар конгресси раҳбари Бақит Нуриддиновнинг айтишича, айни пайтда Қирғизистондаги турли мусулмон жамоалари орасидаги зиддиятлар низолашишгача етиб борган.

- Жамоалар орасида айрим масалаларда фикр келишмасликлар бўлаяпти. Бундан ташқари бир гуруҳни салафийлар, деб ажартиб қўйишмоқда. Бироқ уларни салафийлар деб бўлмайди. Мусулмонларни турли оқимларга бўлиш оқибатида мана шундай келишмовчиликлар кучаймоқда. Масалан, яқинда Норин, Қўчқор, Иссиқ кўл, Чуй ва Бишкекда жамоалар ўртасида низолар содир бўлди. Вақт ўтиши билан бу низолар кучайиб, катта муаммога айланиши мумкин,- дейди Бақит Нуриддинов.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича қўмитасининг раҳбари Ўрмўн Шаршеновнинг айтишича, мусулмон жамоалари орасидаги зиддиятлар асосан Қуръон оятларининг турлича талқин қилиниши туфайли содир бўлаяпти. Ўрмўн Шаршенов шундан келиб чиққан ҳолда ҳукумат бу йўналишда ҳам назорат ўрнатиши зарур, деб ҳисоблайди.

Бироқ кўпчилик диндорлар ҳукумат расмийсининг бундай иддаоларига қарши фикр билдирмоқдалар. Бишкекдаги “Абу Ханифа” нодавлат ташкилоти раҳбари Умар Қуловнинг айтишича, мусулмонлар ўртасидаги ихтилофлар низолашув даражасида эмас.

- Албатта, баҳсли масалалар бор. Масалан, дўппини кийиш керакми ёки керак эмасми, қабилидаги баҳслар мавжуд. Булар майда масалалардир. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда мусулмон жамоалари орасида катта низога сабаб бўладиган ихтилофлар йўқ. Бу айни пайтдаги вазият. Кейинроқ нима бўлишини яна Худо билади, -дейди Умар Қулов.

Бир гуруҳ диншунос олимлар фикрича, Қуръоннинг мамлакат ичкарисидаги муслмон жамоалари ўртасида турлича талқин қилинишига барҳам бериш учун имомларни ҳам Қирғизистоннинг ўзида тайёрлаш керак.

Бишкекдаги Арабаев номидаги педагогика институтининг теология бўлими раҳбари Эрмек Бектуров турли араб давлатларида таълим олиб келган имомлар Қуръонни турлича талқин қилаётганлари оқибатида мусулмонлар орасидаги зиддиятлар кучаймоқда, деб ҳисоблайди.

- Биз имомларни ўзимиз тайёрлашимиз керак. Улар Покистон ёки Арабистонда ўқимасликлари лозим. Бундан ташқари мадрасаларда ва исломий ўқув юртларида талабаларга қандай дастурлар асосида билим берилаётганини ҳукумат қаттиқ назорат қилиши лозим, -дейди теолог олим.

Бишкекда дин масаласи юзасидан ўтган анжуман иштирокчиларининг асосий қисми халқаро ташкилотларнинг мамлакат ичкарисидаги мусулмон жамоалари ўртасида бўлиниш мавжудлиги тўғрисидаги хулосаларини асосли дея баҳоладилар. Бу бўлинишнинг олдини олиш мақсадида мутахассилар ҳукуматга жамоалар ўртасидаги дипломатик воситачи ролини таклиф қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG