Линклар

Интернет акциялари Ўзбекистонда самара берадими?


"Ўзбекистон халқ ҳаракати" номли ташаббуснинг Facebook тармоғидаги саҳифаси.

"Ўзбекистон халқ ҳаракати" номли ташаббуснинг Facebook тармоғидаги саҳифаси.


Интернет оммани диктатор режимларга қарши сафарбар қилишнинг муҳим воситаси сифатида хизмат қила бошлаганини араб давлатларидаги эврилишлар кўрсатди.

Араб кўчаларида аксилҳукумат намойишлари Интернет, хусусан Facebook ва Twitter ижтимоий тармоғи орқали мувофиқлаштирилди.

Бундан илҳомланган ўзбек мухолфати ҳам Facebook тармоғида "Ўзбекистон халқ ҳаракати" номи билан мурожаат эълон қилди.

"Каримов зулмидан қутилишнинг ягона йўли - унга бўйсунмасликдир, бутун мамлакатда бўйсунмаслик ва Ўзбекистонда диктаторлик режимининг йўқолишини талаб қилиш ҳаракатини бошлашдир",- дейилади мурожаатда.

Facebookдаги акцияга "Ўзбекистон халқ ҳаракати" номи остида "Андижон - Адолат ва тикланиш" ташкилоти, мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва "Таянч" инсон ҳуқуқлари гуруҳи аъзолари бирлашди.

Муҳаммадсолиҳ Абутов ғоя ташаббускорларидан бири:

- “Facebook”, “Twitter” ва Интернетдаги бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда бу нарсани амалда синаб кўрмоқчимиз. Ҳозир Интернетдан фойдаланадиган хориждаги ватандошлар бу ҳаракатга қўшиляпти, ўзларини фикрларини билдиряпти.

Мақсадимиз ўзбек халқини бунга жалб қилиш. Эртами кечми Ўзбекистонда ҳам ўзгариш бўлиши, диктатурага чек қўйилиши шарт,- дейди “Таянч” гуруҳи раҳбари Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Лекин, Тунис, Мисрдан фарқли Ўзбекистонда Интернет бўғилган, аҳолининг тармоқдан фойдаланиш имконлари чекланган.

- Тўғри, Ўзбекистонда Интернет имконлари араб давлатларидаги каби эмас. Энди дастлабки босқичда Facebookда одамлар орасида бир фикр тарқатиш, одамларнинг муносабатини ўрганишни мақсад қилдик. Лекин, буни амалга оширишни амалиёт вариантлари ватан ичида бўлади, буни энди келажакда вақт кўрсатади,- дейди Абутов.

Араб давлатларидаги ҳодисалардан хавотирга тушган бошқа диктаторлар ҳам ўзларининг ҳокимиятдаги умрини узайтириш ва тахтда хотиржам ўтиришини таъминлаш учун интернет устидан яна ҳам кучли назорат ўрнатиш усулларини қўллай бошлади.

Яқин Шарқдаги инқилоблар ортидан Ўзбекистонда SMS ёзишмалар ҳамда Интернетдаги Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларни назорат қилиш уринишлари яна ҳам кучлироқ тус олди.

- Ўзбекистон ҳукуматини араб давлатларидаги инқилобларнинг мамлакатга кўчиши хавотирга солмоқда. Сабаби Тунис ва Мисрда одамларнинг кўчага чиқишида Интернетдаги ижтимоий тармоқларнинг роли катта бўлган эди,- дейди Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Интернет дастури раҳбари Йоҳан Беар.

Москвада чиқадиган "РБК daily" нашри ўтган ой Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидаги манбага таяниб, республикадаги уяли телефон операторлари ўз мижозларининг “шубҳали” СМС ёзишмалари ҳақида ҳисобот беришлари ва ҳукуматнинг биринчи талаби билан уяли алоқа хизматини ўчиришни талаб қилгани, Интернет ҳизматини амалга оширувчи операторларга эса Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларни кузатиб бориш топширилгани ҳақда ёзган эди.

Айрим ўзбек расмийлари эса Интернетдаги ахборотларни "филтр"дан ўтказиш таклифларини илгари суришганди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари вакиллари мамлакат ёшларида "мафкуравий иммунитет" ҳосил қилишга ёрдам бериш мақсадида шундай чора қўллаш зарурати ҳақида гапирганлар.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Интернет дастури раҳбари Йоҳан Беар Ўзбекистон ҳукуматининг электрон ахвборот воситалари устидан назоратни кучайтириши араб давлатларидаги ҳодисаларнинг Ўзбекистонга кўчиши эхтимоли ҳақидаги хавотирлар билан боғлиқлигига шубҳа қилмади.

- Алоқа вазирлиги ва мамлакат хавфсизлик ҳизмати вакилларидан иборат оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш бўлими ташкил этилган. Мана шу икки тузилма Интернетдаги Ўзбекистонга оид барча маълумотлар, жумладан электрон ёзишмалар ва ҳатто чатлардаги суҳбатларни ҳам кузатиб боради,- дейди Йоҳан Беар.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, феврал ойида Ўзбекистонда бир гуруҳ диндорлар экстремизмда айбланиб хисбга олинган ва уларга қўйилган айбловлар mail.ru сайтида қилган чат суҳбатларига асосланиб қўйилган.

Йоҳан Беар Ўзбекистонда ҳукумат Интернет фойдаланувчиларнинг қайси сайтга кирганию, ким билан нима ҳақда суҳбатлашганини кузатаётган ва айни пайтда мухолиф сайтларга тўсиқлар қўйилган бир пайтда Интернет орқали Ўзбекистонда инқилоб ясаш имконсиз эканини айтади, лекин узоқ истиқболда ўзгаришлар манбаи бўлишини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Араб давлатларидаги каби инқилоб Ўзбекистонда эртага бўлади дея олмайман. Лекин, Ўзбекистон ҳукумати учун исталмаган ва тақиқланган хабарлар, масалан Каримов оиласи ҳақида бўладими ёки мамлакатдаги асл ижтимоий-иқтисодий вазият, инсон ҳуқуқлари аҳволи ва ҳаказо маълумотлар айнан Интернетда тарқалмоқда. Айнан Интернет ўзбекистонликлар учун бу каби мулоҳозаларни билдириш мумкин бўлган макон бўлиб қолмоқда, - дейди Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Интернет дастури раҳбари Йоҳан Беар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG