Линклар

Ўзбекистонда “ҳалол” ёрлиғи тақиқлангани билан боғлиқ саволлар ва бугунги вазиятга ойдинлик киритишга уриндик.


Уринишларимиз аввалидаёқ Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш тизимида “ҳалол” ёрлиғини ёпиштириш имконини берадиган янги стандарт ишлаб чиқилаётганидан хабар топдик.


"Ўзстандарт":
Сабр билан кутинг, "ҳалол"ни қайтарамиз!

"Ўзстандарт" агентлиги қошидаги Стандартлаштириш, метрология ва сертификация илмий-тадқиқот институти мутасаддиларидан олинган маълумотга кўра, махсус гуруҳ шу кунларда Ўзбекистонда “ҳалол” ёрлиғини ёпишитирш имконини берувчи янги стандартни ишлаб чиқмоқдалар.

"Ҳозирча янги стандартни жорий қилиш жараёни қачон якунига етиши ҳақида гапиришга мутлақо эрта, аммо, бу жараён бораётганидан хабарим бор. Агар институт томонидан шундай стандарт ишлаб чиқилиши якунланган тақдирда ҳам у тез орада амалиётга тадбиқ этилмайди" деди институтнинг Озодлик билан суҳбатлашган ходими.

Унга кўра, янги стандартни "Ўзстандарт" агентлиги тасдиғидан ўтказиш ва уни амалиётга жорий қилиш энг камида бир ой, бўлмаса ундан ҳам кўпроқ вақт талаб қиладиган мураккаб жараёндир.

Бунга қадар эса Регнум агентлиги мамлакатда “ҳалол” ёрлиғи билан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш "Ўзстандарт" агентлиги томонидан тақиқлангани ҳақидаги хабарни эълон қилган эди.

"Ўзстандарт" агентлигининг ахборот маркази раҳбари Бахтиёр Исроилов Озодлик билан суҳбатда гўшт ва сут маҳсулотларига “ҳалол” ёрлиғини ёпиштиришни агентлик тақиқлангани ҳақидаги хабар ёлғон эканини яна бир бор такрорлар экан, Ўзбекистонда “ҳалол” номли ёрлиқ давлат рўйхатидан ўтган йўқ, дея таъкидлади.

Аммо, кейинги 5-6 йил давомида Тошкент шаҳри ва вилоятида иш олиб бораётган 40 дан ортиқ гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хусусий корхоналар ўз маҳсулотларига “ҳалол” ёрлиғини ёпиштириб сотаётган эди.

Хусусан, “Тўхтаниёз-ота”, “Сағбон”, “Шаршара” номли корхоналар ҳалол гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва қисқа йиллар ичида харидорларнинг ишончи ва ҳурматини қозонган йирик корхонага айланиб улгурган эди.

Ҳозир бу корхоналар “ҳалол” ёрлиғидан фойдаланмаяпти ва Озодлик билан суҳбатда улардан айримлари ўтган йилиёқ мутасадди назорат органларидан берилган оғзаки буйруқ асосида ундан воз кечганини айтмоқда.

- Бу ойдан эмас олдинги йилдан. Бу ой эмас олдинги йилдан бу нарса бўлган, деди Тошкентда бир вақтлар “ҳалол” ёрлиғи остида маҳсулот чиқарган хусусий корхоналардан бирининг вакили.


Ўзбекистонда мижоз ёрлиқни эмас, ёрлиқ эгасини танийди


Суҳбатлашганимиз хусусий корхоналар эгалари маҳсулотлардан "ҳалол" сўзини олиб ташлаш талабини оғир олмаганлигини айтишди.

Чунки, бундай корхоналарининг аксарияти маҳсулотлари ўзининг доимий харидорларини топиб улгурган.

- Кўп клиентларимиз бизларнинг корхонани билади. Кичкина ишлаб чиқариш эмас катта концернлигимизни ҳам билади. Мисол учун ўзимиз мол сўйишимизни, ўзимиз мол етиштиришимизни билишади. Қизиққан клиентларимизга эшигимиз доимо очиқ. Келиб кўриб ҳам кетаверишади, деди, жумладан, Тошкентдаги хусусий корхоналардан бирининг ходими.

Тошкент вилояти, Тошкент туманида озиқ-овқат сотадиган дўкондорлардан бири Ботиржон ака савдода бу ёрлиқ билан сотиладиган гўшт маҳсулотлари йўқолиб қолган илк кезларда савдо бироз сустлашган бўлса-да, ҳозир яна изига тушиб қолганини айтди.

- Сал камайди ёрлиқ биринчи олиб ташланган пайтларда. Энди ҳозир жойига тушиб кетди. Ҳаммаси яхши, дер экан тошкентлик сотувчи Ботиржон ака харидорларнинг аксарият қисми учун гўшт ва сут маҳсулотларидаги “ҳалол”,- деган ёрлиққа эмас, шу ёрлиқни ёпиштириш билан мусулмон сифатида катта масъулиятни бўйнига олган ишлаб чиқарувчиларга ишонишини қўшимча қилди.

- Аввал қайси маҳсулотни олган бўлса, ҳозир ҳам шуни олишяпти. Ўзи у корхоналарда тақводор одамлар ишлайдида. Намозхон одамлар. Одамлар шу коллективини билгани учун ҳалол, деб ёзилмаган бўлса ҳам олаверади ўша маҳсулотларни,- дейди Тошкент туманидаги озиқ-овқат дўконларидан биринг сотувчиси Ботиржон ака.


"Ўзстандарт": Ҳалол сўзи ортида маънавий масъулият ётибди


Озодлик билан бу мавзуда гаплашган респондентларнинг аксари – “ҳалол” маҳсулотларини ишлаб чиқаруви, уни сотувчи ва бундай стандарт устида ишлаётган мутасаддилар ҳам ушбу тамға фақатгина маҳсулотнинг сифатига эмас, балки айнан “ҳалол” сўзига боғлаб Ислом динида қўйилган талабларга ҳам жавоб бериш масъулиятидан дарак беришини чуқур англашини билдирди.

Хусусан, "Ўзстандарт" ташкилотининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган мутасаддиларидан бирининг: “Бу сўз ортида маънавий масъулият ётибди” деди биз билан хос суҳбатда.

Яъни, ушбу ташкилотдан олган маълумотларга биноан мамлакатда “ҳалол” ёрлиғини ёпиштириш имконини берувчи янги стандарт жорий этилса-ю, амалиётга тадбиқ этилса, демак, Ўзбекистонда Ислом дини талабларига амал қилишни истовчилар, яъни тақводорлар учун “ҳалол” сут ва гўшт маҳсулотларини харид қилиш имкони яқин келажакда пайдо бўлишин кутишга асос бор, деган хулосага келдик.


Ит гўштидан кабоб ейишига бир баҳя қолган тақводор



Шу кунларда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган гўшт ва сут маҳсулотларидан “ҳалол” ёрлиғининг ғойиб бўлиб қолгани ушбу маҳсулот айрим харидорларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Биз Фарғона вилоятида истиқомат қиладиган шундай харидорлардан бири билан суҳбатлашдик ва ундан Ўзбекистонда ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан харидорларнинг муносабатини ҳам сўрадик.

Аён бўлишича, бу суҳбатдошимиз ҳаром луқмадан чўчиб, кўчада умуман овқатланмайдиган тақводорлардан экан.

У динни нисбатан маҳкам тутган Фарғона шаҳрининг шундоққина марказида ит гўштидан кабоб қилинишидан хабар топганини сўзлар экан, емоқ-ичмоқ масалалари бу қадар аралаш-қуралаш бўлган замонда гумондан ҳоли бўлишнинг ягона йўли кўчадан емаслик, деган хулосани тилга олди.





Обид қори Назаров: Ҳаромдан қўрқиб ҳалолдан қайтиш илмсизликдир


Озодлик Ўзбекистонда ҳалол тамғаси тақиқлангани ҳақидаги мақолани эълон қилганидан сўнг муштарийларимиздан кўплаб саволлар бўлди.

Биз ана шу саволларни, шунингдек, ҳозиргина суҳбатини эшитганингиз фарғоналик тақводор суҳбатдошимизнинг айрим фикрларига ойдинлик киритиш мақсадида ҳозир муҳожиратда бўлган таниқли ўзбек уламоси Обид қори Назаровни яна суҳбатга тортдик.

Уламо ҳалол ва ҳаромга оид биз тилга олган ҳолатлардан келиб чиқиб икки жиҳат: илмсизлик ва эҳтиёткорликка эътибор қаратди.



Ҳозир муҳожиратда бўлган таниқли ўзбек уламоси Обид қори Назаров Ислом динида ҳалол ва ҳаром емаклар ҳақида келган талаблар ва уларнинг бугунги замондаги ижроси бобида тингловчиларимиздан йиғилган баъзи саволларга жавоб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG