Линклар

logo-print

С. Шарипов: Россия минтақадаги вазиятга нотўғри баҳо бермоқда

  • Гулнора Равшан

Москва. Кремл.

Москва. Кремл.

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Суҳроб Шарипов Россияни танқид қилди.

“Россиянинг “Окно” фазони назорат қилувчи оптик-электрон ҳарбий маркази Тожикистон хавфсизлигига таҳдид солмоқда”.

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов 14 апрел куни шундай баёнот берган.

Тожикистон ҳукумат расмийси Россияга қарши ташқи агрессияларда биринчи навбатда нишонга олинадиган объект айнан “Окно” бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

"Россия биздан миннатдор эмас"

Тожикистон ҳукумат расмийси Суҳроб Шарипов “Окно” тожик миллати ва Тожикистон ҳукумати учун жиддий таҳдид омили эканини таъкидлади.

Суҳроб Шарипов.
- Биз бу ерда ўз жонимизни қалқон қилиб, Россияни ҳимоя қилаяпмиз. Худо кўрсатмасин, бордию бирор давлат Россия билан уруш эълон қилса, биринчи галда Россиянинг Норакдаги “қулоғи ва кўз”и бўлган “Окно” нишонга олинади. У ерда Норак ГЭСи бор, бир нечта сув омборлари бор. Бу нафақат тожик халқи, балки минтақа учун зиён.

Тожикистон ўз миллий хавфсизлигини хавф остига қўйиб бўлса ҳам Россияни ҳимоялайди, улар эса “булар аҳамиятсизлигини” айтишади, -дер экан тожик расмийси Россия томонини адолатсизликда айблади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Норак ГЭСидан 16 километр нарида ва 40 метр баландликда жойлашган “Окно” Космик фазони назорат қилувчи оптик-электрон ҳарбий маркази 1979 йил қурила бошлаганди.

Бироқ 1992 ва 1997 йил Тожикистонда рўй берган фуқаролар уруши туфайли бу ҳарбий иншоот қурилиши тўхтаб қолди. 1999 йилнинг кузида бу комплексни қўриқлаш рус ҳарбийлари ихтиёрига топширилди.

2004 йил ноябрида Тожикистон Россияга 300 миллион АҚШ доллари қарзи эвазига “Окно” ни у томонга бериб юборди.

Стратегик марказ расмийси Суҳроб Шарипов “Окно” самаралиги жиҳатидан Қозоғистоннинг Байконур космодромидан қолишмаслигини айтади.

Унга кўра, Россия миллий манфаатларига хизмат қилаётган бу ҳарбий комплекс дунёнинг бир қатор давлатлари ўт ичида қолаётган айни кунда Тожикистон хавфсизлигини савол остига қўймоқда.

- Лекин шунга қарамай, кўпинча россиялик таҳлилчилар ва журналистлар Тожикистон Россия учун ҳеч нарса қилмаётгани, аксинча унга, бунга пул сўраётгани ҳақида беъмани нарсалар ёзади. Хўш нега пул сўрамайлик? Мантиқан олиб қарайдиган бўлсак, Россия биздаги ҳарбий базалари учун сўзсиз пул тўлаши шарт, - деди Шарипов жаноблари.

Минтақада Ўзбекистон ва Туркманистонсиз интеграцион тизим

Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов фикрича, сўнгги вақтлар Кремл ва Россия давлат думаси Марказий Осиёдаги вазиятга нореал баҳо бераётир. Унингча, минтақа содир бўлаётган можаролар ҳам айнан шундай нореал баҳолар туфайлидир.

Тожик расмийси Ўзбекистонсиз ҳам Назарбоев таклиф қилган минтақавий интергацион тизимни шакллантириш мумкин деб ҳисоблайди.
Суҳроб Шарипов мулоҳазасича, бугун Марказий Осиё давлатларининг минтақада мавжуд муаммоларни мустақил ҳал қилиб олишга кучи ва фаросати етади.

-Биз тожикистонлик таҳлилчилар минтақа лидери Нурсултон Назарбоевнинг интеграцон тизим идеясини амалга ошириш мумкин деган хулосага келдик. Лекин минтақа давлатларидан учта жиддий давлат, яъни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон бунга рози бўлса бундай тизимни Ўзбекистон ва Туркманистонсиз ташкил қилиш мумкин. Менимча, бу жуда ажойиб фикр, - дейди Тожикистон ҳукумат расмийси Шарипов.

Нега минтақада Ўзбекистон ва Туркманистонсиз интеграцион тизим ташкил топтириш мумкинлигини эса у шарҳлаб ўтирмади.

Аснода минтақа бўйича сиёсий таҳлилчи Абдунаби Сатторзода минтақадаги иқтисодий бақувват давлатлардан бўлган Ўзбекистон ва Туркманистон иштирокисиз минтақавий интеграцион тизим тузиш мантиқсизлигини айтади.

- Ўзбекистон ва Қозоғистон сиёсатчилари ўртасидаги объектива ва субъектив масалалар туфайли ўзбек биродарларимиз Назарбоевнинг бу идеясини амалга оширишга рози бўлмай келади. Менимча агар бу ўзаро бирлашувга Ўзбекистон ва Туркманистон рози бўлмаса, бундан бир нарса чиқишига ишонгим келмайди, - деди Абдунаби Сатторзода мухбирингиз билан хос суҳбатда.

Роғундан ташқари жиддий режамиз йўқ

Тожикистон ҳукумат расмийси ўз ҳукуматининг минтақа муаммоларини ҳал қилишдаги яна бир жиддий режаси Роғун ГЭСи қурилиши эканини билдирди.

- Чунки Роғуннинг минтақа учун фақат ижобий хусусиятлари бор. Лекин 1001 кечани кўп ўқиган ўзбекистонлик мутахасислар эса Роғун қурилаётган ҳудудда ўн баллик зилзила бўлиши мумкинлигидан жар солади. Ўзбеклар бизни Жаҳон банки экспертларини сотиб олганидан лоф урмоқда. Улар Покистонга иккита ГЭС қуриб бериш ваъдасини берганидан ҳам хабаримиз бор. Менимча бу ўзбек халқининг эмас, балки Каримовнинг инжиқлиги холос,- дейди тожик расмийси Шарипов жаноблари.

Pоғун водийси.
Суҳроб Шарипов Роғун Норак ГЭСи технологияси асосида қурилаётганини қўшимча қилар экан, Японияда айнан Норак технологияси асосида , яъни ГЭС тўғони қум ва шағалдан қурилган гидроиншоотлар яқинда бу мамлакатда рўй берган кучли зилзила ва цунамида ҳам ҳеч қандай зарар кўрмаганини билдирди.

Шу ўринда айтиш лозимки, март ойи сўнгида Ўзбекистон “Гидропроект” очиқ ҳиссадорлик жамияти Роғун қурилса минтақа учун жиддий хавф келтириб чиқаришидан огоҳлантирган эди.

Мазкур жамият раҳбари Сергей Жигаревнинг маҳаллий рўзномаларда босилиб чиққан “Роғун лойиҳаси Марказий Осиё учун цунамини англатади”, сарлавҳали мақоласида ёзилишича, ”...агар Роғун электростанцияси қурилиши назарда тутилган минтақада кучли зилзила рўй берса, 335 метрлик сув босими кескин ошиб, тўғон чидам бермай қолиши мумкин ва улкан сув тошқини минтақа учун цунамидек хавфни келтириб чиқаради”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG