Линклар

Раштда яна жанг бўлмоқда

  • Гулнора Равшан

Tajikistan -- Video of armed groups in Rasht mountains from Dailymotion's site, 11Nov2010

Tajikistan -- Video of armed groups in Rasht mountains from Dailymotion's site, 11Nov2010

Тожикистон расмийлари Раштда қуролли гуруҳ раҳбари мулла Абдулло жисмонан йўқ қилинганини билдирмоқдалар.

Тожикистон шарқида ўн нафар жангари йўқ қилинди. Ўлдирилганлар орасида Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолларидан бири, собиқ дала қўмондони Абдулло Раҳимов ҳам борлиги тахмин қилинмоқда.

Тожикистон ҳуқуқ идоралари маълумотларига кўра, айни пайтда Рашт водийсида қолган жангарилар билан қуролли тўқнашувлар давом этмоқда .

Мулло Абдулло гуруҳига қарши амалиёт икки кун олдин бошланган

Рашт водийсининг Нуробод тумани яқинида мулла Абдулло гуруҳидан бўлган ўн нафар жангарининг ўлдирилгани ҳақида кеча 15 апрел куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев хабар тарқатди.

Вазирлик расмийсининг билдиришича, ўлдирилган жангарилар орасида мулла Абдулло номи билан машҳур бўлган Абдулло Раҳимов ҳам борлиги тахмин қилинмоқда.

- Ўтган кечада Рашт ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт чоғида ўн нафар жангари йўқ қилинди. Ҳозирча улар орасида мулла Абдулло ҳам борлиги тахмин қилинмоқда. Лекин бу ҳали тасдиқланмаган. Жангарилар шахси аниқлангандан сўнг бу ҳақида аниқ бир нарса дейиш мумкин, - дея билдирди вазирлик масъул ходими Асадуллоев.

Абдулло Раҳимов мулла Абдулло лақаби билан танилган дала қўмондони.
Шу ўринда айтиб ўтсак, икки кун аввал мазкур вазирлик расмийлари Раштда мулла Абдулло гуруҳига қарши амалиёт бошланганиига оид хабарлар асоссизлигини иддао қилган эди.

Аввалроқ эса Тожикистон ҳуқуқ идораларидаги ўз исми ошкор этилишини истамаган манба 14 апрел куни Рашт водийсидаги Болошаҳри қишлоғида ҳукумат кучлари ва номаълум қуролли гуруҳ ўртасида тўқнашув юз берганини маълум қилганди. Манбанинг айтишича, ўша тўқнашувда Ички ишлар вазирлигининг уч нафар ва Миллий хавфсизлик хизматининг бир нафар ходими ҳалок бўлган.

Бироқ Тожикистон Ички ишлар матбуот котиби Асадуллоев эса ҳукумат кучлари талофот кўрмаганини айтади.

Айни пайтда новободликлар туман касалхонасига ҳукумат аксарларидан бўлган ярадорлар олиб келинганини гапирмоқда.


Тўқнашув давом этмоқда

Рашт ҳудудидаги норасмий манбанинг айтишича, Шоле ва Болошаҳр қишлоқларида Юсуф исмли шахс бошчилигидаги 12 нафардан иборат қуролли гуруҳ билан ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашув давом этмоқда.

Манбага кўра, жангариларга қарши амалиётда собиқ дала қўмондонлари ва айни пайтда ҳукумат кучлари билан биргаликда жангариларга қарши жанг қилаётган Шоҳ Искандаров ҳамда Мирзоҳўжа Аҳмадов ҳам қатнашаётир.

Али Бедаки гуруҳига қарши амалиёт Раштда ўтган йилнинг кузида бўлиб ўтган эди.
Аҳмадов гуруҳидан бўлган Жунайднинг айтишича, тўқнашувлар баланд тоғликларда бўлаётгани сабабли зарур маълумотлар олиш имкони йўқ.

- Улар телефон билан боғланиш имкони бўлмаган баландликда. Улар билан ҳар дойим ҳам алоқада бўла олмаймиз. Улар тоғдан тушса маълумот оламиз. Сўнги хабарларга кўра, вазият ўзгармаган, қандай бўлса ўшандай қолмоқда, - дейди собиқ мухолифатнинг собиқ аъзоси Жунайд.

Эслатсак, мулла Абдуллони қўлга олиш ва унинг гуруҳини йўқ қилишга оид ҳукумат кучларининг кенг кўламли амалиёти 2009 йил баҳорида бошланган эди.

Ўша йил Тавилдарада юз берган томонлар тўқнашувида собиқ дала қўмондонларидан бири Мирзо Зиёев ўлдирилиб, унинг икки ўғли қамоққа олинганди.

Ҳукумат кучлари нишонга олган мулла Абдулло ва унинг гуруҳи билан тўқнашувлар 2010 йил кузида Рашт водийсида давом этди.

Рашт жангларида мулла Абдулло гуруҳидан бўлган Али Бекдаки ва яна ўндан ортиқ жангари жорий йил бошида ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилди.

Икки йилдан буён Тожикистон шарқидаги вазиятни беқарорлаштирганликда айбланаётган мулла Абдулло ҳукумат кучлари билан сўнги тўқнашувларда ҳалок бўлганми ёки йўқми, бу ҳақда келаётган ҳафта давомида маълум қилиниши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG