Линклар

logo-print

Ўзбек қочқинлари яна рад жавоби олди


Ўзбек қочқини Шуҳрат Ботиров экстрадицион судда, Олмаота, 2011 йилнинг 16 марти

Ўзбек қочқини Шуҳрат Ботиров экстрадицион судда, Олмаота, 2011 йилнинг 16 марти

Олмаота шаҳар суди ҳибсда қолаётган 29 ўзбек қочқинининг Олмали туман суди қарори юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқди.


Март ойида Олмали туман суди Қозоғистон бош прокуратурасининг 29 ўзбек қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича қарорини қонуний деб топганди.

Аввал хабар қилганимиздек, 2010 йилнинг 8 сентябр куни Олмаота шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Ташкенбай Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарганини билдирганди.

14 апрел куни куни ўтган маҳкамада Олмаота шаҳар суди судяси Ермахан Дилдабаев Олмали туман судининг мазкур қарорини тўғри деб топиб, уни ўз кучида қолдирди.

Озодлик радиоси қозоқ шўъбасининг хабар қилишича, бор-йўғи уч соат давом этган бу маҳкама қочқинларнинг иштирокисиз ўтган. Ваҳоланки, биринчи инстанция – Олмали туман судида ўтказилган маҳкамада Олмаотадаги икки ҳибсхонада сақланаётган 29 ўзбек қочқини қатнашиб, кўрсатма берганди.

Мазкур судда ўзбек қочқинлари тарафидан фақат уларнинг адвокатлари Асия Темирбекова ҳамда Алма Аринова иштирок этдилар.

Тушга яқин Олмаота шаҳар суди биноси олдига келган қочқин аёллар эрларининг иши бўйича маҳкамага кеч қолганларидан хабар топдилар.

Уларнинг айтишича, қочқин аёллар эрларининг шикоят аризаси юзасидан ўтажак маҳкама ҳақида жуда кеч хабар топганлар.

Ўз навбатида, қочқинларнинг адвокатлари бўлажак суд ҳақида 13 апрел куни тушга яқин эшитганлари ва 29 қочқинининг ҳар бири бўйича ҳужжат тайёрлаш билан банд бўлганлари учун қочқинларнинг яқинларига хабар беришга улгурмаганларини айтдилар.

Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган қочқин Тоиржон Абдусамадовнинг рафиқаси Умида Азимова яқин орада 29 қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юборишлари, уларнинг оилаларини эса Қозоғистондан бадарға қилишлари мумкинлиги юзасидан хавотирда эканини айтади.

- Мен уларнинг нима учун бунчалик шошилаётганларини тушунолмаяпман. Қозоқ расмийлари нима учун биздан бу судларни яширишга уринаётган эканлар? Ё Ўзбекистон соқчилари эрларимизни остонада кутиб ўтирганмиканлар? – дея савол ташлайди Умида Азимова.

Азимовага кўра, 11 апрел куни қочқин аёллар Олмаота миграция департаментига боришганида масъуллар уларнинг миграция карточкалари охирги маротаба чўзиб берилаётганлари айтганлар.

- Уларнинг рухсатномаси 11 май куни тугар экан, шундан кейин уларга миграция карточкаси муддати чўзиб берилмас экан, - дер экан Умида Азимова бу ерда эрлари ҳибсхонада бўлгани учун уларга осон бўлмаётгани, бироқ улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, қочқинларнинг ҳаёти дўзахга айланиши айтиб куюнади.

Эслатиб ўтамиз, учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонда яшаб келган бу қочқинлар 2010 йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганди. Шу пайтгача бу диндор қочқинлардан бир нечтаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, қолган 29 нафари эса тўққиз ойдан буён Олмаота шаҳридаги ҳибсхоналарда сақланмоқда.

Қозоғистон жанубий пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини Олмаота шаҳар миграция департаменти ўтган йили рад этганди. Ўзбек қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнгида Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди томонидан ҳам рад этилди.

Ҳибсда сақланаётганларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларининг Қозоғистондан бадарға қилинишию Ўзбекистонга қайтарилиши улар ҳаёти учун хавф экани ҳақида инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳам бир неча бор баёнотлар тарқатган. Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган тўққиз ой мобайнида Қозоғистоннинг ўзида ҳамда Европа ва Америка қитъасининг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Аснода Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ходими Денис Живага Олмаота ҳибсхонасида сақланаёттган 29 ўзбек қочқини яқин орада Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслигига умид қилаётганини айтади.

- Миграция департаменти ва бош прокуратура ўзбек қочқинларининг аризаси барча суд инстанцияларида, шу жумладан, Олий судда рад этилмагунига қадар улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслиги ҳақида бизга ваъда берган, - дер экан Денис Живага бу ваъда ўтган йил ёзида берилганини ва қозоқ расмийлари берган ваъдалари устидан чиқишига умид қилаётганини қайд этади.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, гарчи 29 ўзбек қочқини иши бўйича экстрадицион судлар тугаган бўлса-да, уларга қочқинлик мақоми берилишининг рад этилиши бўйича судлар ҳали давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG