Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:59

АҚШ Давлат котиби Японияга борди


АҚШ Давлат котибининг Япония императори билан учрашуви, Токио, 17 апрел 2011 йил
АҚШ Давлат котибининг Япония императори билан учрашуви, Токио, 17 апрел 2011 йил

Ҳиллари Клинтон ядровий фожиани бартараф қилишга уринаётган япон ҳукуматини қўллаш мақсадида Японияга сафар қилди.

Токиога қисқа муддатли ташрифи чоғида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Япония офатларни енгиб ўтишига ишончи комил эканини айтди.

Айни пайтда Клинтон мамлакатни халқаро саҳнада фаол бўлишга чақирди.

Япония ташқи ишлар вазири Такеаки Мацумото билан музокарадан кейин ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Давлат котиби Япония бўҳронни енгиб ўтишига шубҳа қилмаслигини айтди.

- Биз жорий бўҳронни бартараф қилишда Япония намоён қилган қатъийликни келаси ойларда ҳам кўришимизга ва мамлакатнинг дунёдаги позицияси мустаҳкамланишига ишонамиз, - дея баёнот берди Клинтон хоним.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Бош вазир Наото Кан билан учрашув пайтида АҚШ Японияга ёрдам бериш учун бор имкониятни ишга солишини яна бир марта қайд этди.

11 март куни кучли зилзила ва унинг ортидан денгиз тўфони рўй бергани оқибатида Японияда 28 минг одам нобуд бўлди ва бедарак йўқолди.

Табиий офат Япониянинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Фукусима АЭСига жиддий шикаст етказгани оқибатида атрофга радиация тарқала бошлади.

АЭСдаги авария 300 миллиард долларлик зарар келтиргани ва бу инсоният тарихида энг қимматга тушган офат экани айтилмоқда.

Матбуот конференциясида Клинтон сўзлаганидан бир оз кейин Токио Электр тармоқлари ширкати раиси Цунехиша Кацумата ширкат ядровий фожиа юз берган Фукусима АЭСсини 6 - 9 ой ичида назорат остига олиш режасини ишлаб чиққанини айтди.

- Биринчи қадам радиация даражасини озайтириб боришдан иборат. Иккинчи қадам ядровий моддаларни тўлиқ назорат остига олиш ва радиацияни жуда паст даражага туширишдан иборат, - деди 17 апрел куни Токиода ўтказилган матбуот анжуманиди Кацумата.

Фукусимадаги бўҳрон дунёдаги учинчи энг йирик иқтисодиётга эга бўлган Япония иқтисодиётига салбий таъсир этди.

АҚШ Савдо палатаси президенти Томас Доноҳю билан бирга Токиога борган Ҳиллари Клинтон АҚШ фуқароларини Японияга боришга, сармоя ётқизишга ва у ерда ишни давом эттиришга чақирди.

Япониядаги бўҳронни ҳал қилишда Токиога ёрдам бериш учун Вашингтон Япония ва унинг яқинига жойлаштирилган минглаб АҚШ аскарлари, ҳарбий учқичлари ва кемаларини ёрдам ишларига жалб қилган.

Ташқи ишлар вазири Такеаки Мацумото АҚШ кўрсатган бирдамликдан Япония миннатдор эканини айтди.

АҚШ Давлат котиби 17 апрел куни Токиодан жўнаб кетишидан олдин Япония Императори Акиҳито ва рафиқаси Миҳико билан ҳам учрашди.
XS
SM
MD
LG