Линклар

Ливияда Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар тўрт кундан буён Мисрота шаҳрини бомбардимон қилмоқда.

Ливиялик исёнчи кучлар вакили Абдул Бассет Мезерикнинг Ал Жазира телеканалига билдиришича, бомбалашлар оқибатида олти одам ҳалок бўлган, элликка яқин одам яраланган.

Ливиянинг учинчи йирик шаҳри Мисрота етти хафтадан буён исёнчилар назоратида бўлиб келмоқда.

Сўнгги кунлардаги бомбалашлар оқибатида бу шаҳарда юзлаб одам нобуд бўлгани айтилмоқда.

Исёнчилар "НАТО кучлари Мисрота шаҳри аҳолисини ҳимоялаш йўлида яна ҳам фаол саъй-ҳаракат қилиши керак", демоқда.

Ливия расмийлари эса Ал Қоида билан боғлиқ кучларга қарши амалиёт олиб бораётганини даъво қилмоқда.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар Аждабия шаҳрини ҳам нишонга олди.

Шаҳар касалхонаси шифокорларига кўра, ҳукумат кучларининг 16 апрел кунги ҳужумлари оқибатида саккиз киши ўлган, 27 нафари яраланган.

Брега шаҳри атрофида исёнчи кучлар порт шаҳар томон ҳужумга ўтаётганини билдирди. Уларга кўра, Қаддафийга содиқ кучлар Брега шаҳри ичига ўрнашиб олган.
XS
SM
MD
LG