Линклар

Илм излаб, ўлим топган Шерали

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистоннинг Навоий шаҳри қамоқхонасида жон таслим қилган Шерали Азизов эндигина 36 ёшга тўлганди.

Ўзбекистоннинг Навоий шаҳри қамоқхонасида жон таслим қилган Шерали Азизов эндигина 36 ёшга тўлганди.

Беш йил муқаддам Ўзбекистонда ҳибсга олинган тожикистонлик Шерали Азизов Навоий қамоқхонасида жон таслим қилди.

36 ёшли Шерали Азизов 2006 йили Термиздаги Германия ҳарбий базасида террорчилик амалини содир этишга уринганликда айбланиб қамалганди

Собиқ маҳбуснинг ўлими гувоҳномасида “мияга қон қуйилиши” ва “юраги тўхтаб қолган”и ёзилган. Бироқ марҳумнинг яқинлари қамоқхона тиббий экспертизаси хулосасидан норозилар.

“Ўғлимнинг ўлганига ишонмайман”

Маълум бўлишича, тожикистонлик Шерали Азизов ўтган йилнинг 4 ноябрида вафот этган. Унинг яқинлари эса бу шум хабарни шу йил апрел ойи бошларида эшитган.

Шу йил 7 апрелида ўғли билан навбатдаги учрашувга борган Ҳайтали Азизовга ўғлининг қабри кўрсатилган.

Шералининг отаси Ҳайтали ота ва онаси Рўзигул ая ҳали-ҳамон ўғлининг ўлганига ишонолмаяптилар
- Кунботарда турма бошлиғи келди. “Бобой ўзингизни маҳкам тутинг. Ўғлингиз Бухоронинг турмасидан бизнинг турмамизга соғ-саломат келди, яхши эди. Бизда 28 кун турди. 29 куни эса юраги тўхтаб, бирдан оламдан ўтди”, деди. “Вой” дедим, “дод” дедим. Лекин ҳечам юрагим ишонмайди-да ўғлимнинг ўлганига. Юрагим ҳеч ишонмайди унинг ўлганига. Шу мозорда менинг болам борми-йўқми - номаълум, - дейди Ёвон туманида яшовчи нафақахўр Ҳайтали Азизов.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Навоий қамоқхонаси масъуллари Шерали Азизовнинг ўлими ҳақида унинг яқинларига телеграмма ҳам юбормаган.

Мадрасадан қамоқхонага

1975 йилнинг 24 ноябрида Ёвон туманининг Бешкапа қишлоғида туғилган Шерали Азизов 2004 йили диний таълим олиш мақсадида Эроннинг Зоҳидонига борган.

Ҳайтали ота ўғли Шерали билан сўнгги марта 2006 йил ўрталарида телефонда гаплашган. Ўшанда Шерали паспортини йўқотиб қўйганини айтган. Ўртада алоқа узилиб қолгани сабабли уларнинг суҳбати узоққа чўзилмаган. Шундан кейин, Ҳайтали отанинг айтишича, Шерали бедарак кетган.

Азизовлар оиласи Шералини қидирмаган бирор мадраса қолмаган, лекин бундан бир натижа чиқмаган.

Тожикистонлик фуқаро Германия ҳарбий базасини портлатмоқчи бўлгани ва унинг айни пайтда ҳибсда экани ҳақида хорижий оммавий ахборот воситалари гапира бошлаганидан кейин ниҳоят 2009 йилнинг 23 февралида Азизовлар оиласи Шералидан Бухоронинг Қоровул бозоридаги қамоқхонада экани ҳақида хат олади.

Қуръон оятлари билан бошланган мазкур хатда Шерали Азизов ўзининг айбсиз эканини ёзган.

Шерали Азизовдан келган мактублар
Гуноҳсизлигини бир неча марта такрорлаган Шерали Азизов яқинларини “етимларга мурувват қилиш, Оллоҳ махлуқотларига яхши муомалада бўлиш, қашшоқ оилаларга моддий ёрдам қилиш”га ундаган.

Айни пайтда Ҳайитали Азизов ҳам 30 йил колхозда ҳайдовчилик қилиб, ҳалол меҳнати эвазига бола катта қилганини ва Шералидан террорист чиқишига ишонмаслигини қайта-қайта такрорлайди.

Илк учрашув

Ўғлидан хат олган Ҳайтали Азизов Бухорога отланади. Ўнлаб километр йўл босиб, Қоровул бозордаги қамоқхонани топиб боради.

Аммо Ҳайтали ота қанча ялиниб ёлвормасин, қамоқхона ходимлари уни ўғли билан учраштирмай ортга қайтаради.

Орадан тўрт ой ўтиб, кампирининг қистови билан Ҳайтали Азизов яна Бухорога йўл олади. Бу гал у Шерали билан учрашади ва роса икки соат суҳбатлашади. Ўша суҳбатда ота ўғлининг қайси йўл билан толибликдан маҳбусга айланиб қолгани ҳақида сўрайди.

- Шерали Эронда паспортини йўқотиб қўйганидан кейин уйга қайтишга ҳаракат қилган. Йўлда бир туркман бола билан танишиб қолган. У Шералини бир кеча уйида меҳмон қилиб, кейин Термиз орқали Тожикистонга кузатиб қўйишини айтган. Туркман бола қайси йиллардир Ўзбекистоннинг қамоқхонасидан қочган экан. Ўша кеча уни уйида кўрган қўшниси милицияга хабар берган. Кейин Термиз милисалари туркманнинг уйини ўраб олган. Туркман бола қочмоқчи бўлганида, уни отиб ўлдирган, менинг Шералимни эса ушлаб кетишган “Сен ҳам ўшанинг шеригисан”, деб. Туркман бола ирландиялик иккита зўр жосусдан Термиздаги базани портлатиш ҳақида топшириқ олганини ўғлим кейинчалик турмада билган, - дейди Ҳайтали Азизов.

Шу ўринда айтиш лозимки, Шерали Азизов Эрондан Покистонга ўтиб, ўша ердаги махсус лагерларда ҳарбий машқлар ҳам олгани ҳақида германиялик ва даниялик журналистлар ёзганди.

Германиянинг бош прокурори айнан ўша далиллар бўйича Шерали Азизовни Термиз ҳибсхонасида сўроқ қилган.

Германия мулозими Шералидан 2007 йили Германияда террорчилик амалиётини уюштирган тўрт нафар террорист ҳақида маълумот олишга уринган. Лекин Шерали бу ҳақида мутлақо хабарсизлигини айтган.

Айни пайтда Германиянинг Зауэрландидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган тўртала маҳбус ҳам Шерали Азизов деган шахс Покистондаги лагерларда ҳеч қачон бўлмаганини айтган.

“Ўғлимни роса қийнашган”

2006 йили Термиздаги Германия ҳарбий базасида террорчилик амалиётини содир этишга уринганликда айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган Шерали Азизов, ўзбек мулозимларига кўра, ал-Қоида гуруҳига аъзолик айбига ҳам иқрор бўлган.

Бироқ Ҳайтали ота ўғли бу айбларга қийноқлар остида иқрор бўлганига шубҳа қилмаслигини айтади.

- Ойнадан икковимиз телефон билан гаплашдик. “Отажон, мени Термиз қамоқхонасида етти ой қийнашди, қўл-оёғимга кишан солиб ташлашди. Етти ой бир жойда ётдим, қийнадилар, роса қийнадилар”, деди ўғлим ўшанда. Энди мажбур қилганда бўйнингга оласан деб, - дейди Ҳайтали Азизов.

Ўзбекистонда қийноқ мунтазам равишда қўлланишини бир қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тинимсиз айтиб келади.

Аммо Ўзбекистон расмийлари мамлакатда қийноқлар қўлланиши ҳақидаги айбловларни рад этишдан чарчамайди.

2006 йилдан 2009 йил бошларигача Термиз қамоқхонаси ва Тоштурмада жазо муҳлатини ўтаган, кейинчалик Бухоро ва Навоий қамоқхоналарига кўчирилган Шерали Азизовнинг ўлими тафсилотлари ҳозиргача ошкор қилгани йўқ.

Шерали Азизовнинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома
Собиқ маҳбуснинг ўлими гувоҳномасида “мияга қон қуйилиши” ва “юраги тўхтаб қолган”и ёзилган. Ҳайтали Азизов эса ўғли Шерали қамоқдалиги вақтида ҳеч қачон саломатлигидан шикоят қилмаганини айтади.

- Шунча вақтгача ўғлим бирор марта “саломатлигим ёмон, у ер-бу ерим оғрийди”, деб айтмаган эди, - дейди Ҳайтали ота.

“Ўғлимни қайтаринглар, азизлар”

Айни пайтда Шерали Азизовнинг онаси 71 ёшли Рўзигул Азизова ҳам ўғлининг ўлганига ишонмаслигини айтади.

Шундай бўлса-да, урф-одат юзасидан Шералининг қирқ оши берилган.

Биз Ҳайтали отанинг ҳовлисига кириб борганимизда бу хонадонга ҳамдардлик билдириш учун келаётганларни учратдик.

Ярим синиқ дарвозадан кириб келаётган кишилар юзида иккиланиш аломатини сезиш қийин эмас эди. Чунки улар ҳам Азизовлар оиласи сингари Шералининг жасадини кўзлари билан кўрмагани учун унинг ўлимига ишонмасди.

Ҳовли четидаги ёнғоқ дарахти соясида ўтирган Рўзигул момо дуо- фотиҳадан сўнг ўғлидан қолган биргина суратни бағрига босиб юм-юм йиғларкан, “Менга ўғлимни қайтаринглар, азизлар. Ичим ёниб кетаяпти. Кимки ўғлимни уйимга олиб келса, бир қоп ёнғоқ совға қиламан, аччиғим тутса, чолимдан ҳам сўраб ўтирмайман”, дейди қишлоқ аёлларидаги соддалик билан.

Толиблик даъвоси билан ўзга юртга сафар қилиб узоқ йилларга қамалган Шерали Азизовдан бугун биргина сурат, Бухоро қамоқхонасидан битилган икки дона хат ва 8 ёшли қизи Мадина ёдгор бўлиб қолди.

“Мен отамни қутқараман”

Шерали Азизов илм истаб уйидан чиқиб кетганида Мадина уч ойлик чақалоқ бўлган. Ҳозирда у отаси битирган 39-мактабда ўқияпти. Мадина ягона орзуси журналист бўлиш ва отасини Ўзбекистон қамоқхонасидан қайтариш эканини айтади.

- Мен “аъло” баҳога ўқияпман. Катта бўлсам, албатта журналист бўламан ва отажонимни қамоқхонадан олиб чиқараман, - дейди жажжигина Мадина.

Қизалоқ отажонини роса-роса соғинганини ва кўргиси келаётганини, бўйнига осилиб эркалик қилгиси келаётганини, бироқ уни кўриш учун боргани онажонисининг пули етмаслигини айтади.

Азизовнинг иши ўрганилаяпти

Айни пайтда Ҳайтали Азизов Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга хат билан мурожаат қилиб, ўғлининг ўлими билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва бордию унинг ўлими рост бўлса, жасадини яқинларига қайтаришга кўмаклашишни сўраган.

18 апрел куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган вазир муовини Низомиддин Зоҳидов Шерали Азизовнинг иши билан боғлиқ масала Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ўрганилаётганини билдирди.

- Шерали Азизов масаласи ҳар томонлама ўрганилмоқда. Лекин уни бу томонга экстрадиция қилиш ёки вафот этган бўлса жасадини яқинларига қайтариш фақат Тожикистонгагина боғлиқ эмас. Бу у томоннинг сиёсий иродасига ҳам боғлиқдир, - деди Низомиддин Зоҳидов.

Тожик расмийси ўз ҳукумати Ўзбекистон билан маҳбусларни экстрадиция қилиш борасида шартнома имзолаганми-йўқми - бундан хабарсизлигини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG