Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:16

British Council Ўқув маркази Г. Каримовага ўтиши мумкин


British Council Тошкент офиси кўчирилаётгани боис ташкилот қошидаги Ўқув маркази вақтинча ёпилди.


British Council — Британиянинг Таълим ва маданий алоқалар бўйича халқаро ташкилоти Британия кенгаши Тошкентдаги идораси апрел ойи охирига қадар Юнусобод туманидаги Халқаро Бизнес марказига кўчирилади.

Ташкилотнинг Тошкент шаҳри Миробод туманидаги биносида кўчишга ҳозирлик кўрилаётгани учун бу идорадаги айрим дастурлар, жумладан, Ўқув маркази фаолияти апрел ойи бошидан вақтинча тўхтатилган.

Британия кенгашининг расмий сайтида кўчиш сабаблари бундай изоҳланган:

“Британия Кенгаши ташкилоти ўзининг бутун дунёдаги идораларининг сейсмик хавфсизлигини аниқлаш мақсадида 2008 йилда олиб борган текширувлари натижасида Тошкентдаги Британия Кенгаши ҳозирги вақтда жойлашган Жаҳон тиллари университетининг Немис филологияси факультети биноси халқаро сейсмик стандартларга жавоб бермаслиги аниқланди.”

Хабарномада айтилишича, 2010 йилда идора учун янги жой қидирилган ва бу жой Юнусобод туманидаги муҳташам Халқаро Бизнес марказидан топилган.

Аммо, хабарномада шунингдек Британия кенгашининг ўзбекистонлик ёшлар учун қадрли масканга айланган Ўқув маркази фаолияти савол остида қолаётгани ҳам айтилган.

“Биз ҳозирги вақтда ҳамкоримиз (Фонд Форум ташкилоти) билан марказни уларнинг биноларига жойлаштириш ҳақида музокаралар олиб бормоқдамиз. Акс ҳолда, марказимиз қўлланмаларини Жаҳон тиллари университети ва шунга ўхшаш ташкилотларга ўтказилади”, дейилади Британия кенгаши хабарномасида.

Британия кенгаши 14 йилдан буён Ўзбекистон ҳудудида инглиз тили ва Британия маданияти ҳақида маълумот тақдим этишга қаратилган кўплаб дастурларни амалга ошириб келади.

Бу дастурлар орасида, айниқса, инглиз тилини ўрганиш истагида бўлган ва бу тилни билганлар учун қўлланмалар, замонавий адабиётлар ҳамда ўқув курсларини тақдим этиб келган Ўқув марказининг ўрни катта эди.

Эндиликда айнан Ўқув марказининг иши вақтинча тўхтатилгани ва унинг қайта очилмаслиги эҳтимоллари ўзбекистонлик кўпчилик ёшлар учун хушхабар бўлмади.

Хусусан, қирғизистонда чиқадиган “Белый парус” нашрида чоп этилган мақоланинг ўзини Иззат Шарофиддинов, деб таништирган муаллифи Британия Кенгашининг айнан Ўқув маркази фаолияти тўхтатилгани ва унинг Фонд Форум ташкилоти биносига кўчиришга уриниш бораётгани сабаблари фақатгина бино жойлашган ҳудуднинг “сейсмик” ҳолати билан боғлиқ эмас, деган иддаоларни келтиради.

“Қисқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда бирин-кетин аввал ташкил қилинган лойиҳалар қисқартирила бошлади ва кутубхона ҳам зарбага учради. Кутубхона ходимлари бу ерда ҳамма нарса тақсимлангани ва “эгаллаб” олинганини айтиб Британия Кенгаши тузилмаларида кейинчалик ишлаши мумкинлиги ҳақида, ҳатто, ўйламаяптилар ҳам”, дейилади мақолада.

Шунингдек, унда одатан, гавжум бўладиган Ўқув маркази кутубхонасининг 34 ходимидан 22 ходими қисқартиришга учраб, ишдан бўшатилгани айтилган.

Биз ушбу мақолада тилга олинган қисқартиришлар ва шунингдек, Британия кенгаши расмий хабарномасида Ўқув марказининг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси биносига кўчирилиши ҳақида берилган маълумотларга Британия Кенгашининг ўзидан изоҳ олиш мақсадида боғланганимизда, ташкилот ходими бу саволларга жавоб беролмасигини айтди.

- Узр, мен сизга бу ҳақда маълумот беролмайман, чунки бу ошкор этилмайдиган маълумотдир,- деди Британия кенгаши ходими.

Лекин суҳбатдошимиз идора ходимларининг сони қисқартирилаётгани ва бунинг 2010 йилда қабул қилинган Британия давлат бюджети ҳаражатларини келаси тўрт йил ичида 130 миллиард долларга қисқартириш доирасида амалга оширилаётганини инкор қилмади.

Британия кенгаши Тошкент идораси тарқатган хабарномада ҳам “Афсуски, Британия Кенгашининг Ўқув Марказлари ҳақидаги глобал сиёсати ҳамда Халқаро Бизнес Маркази биносига оммавий кириш тақиқланганлиги сабабли янги бинода Ўқув Маркази фаолият олиб бора олмайди”, дейилади.

Британия кенгаши ходимидан Озодликни тинглаётган ўзбекистонлик ёшлар учун муҳим бўлган айрим саволларга жавоб беришни илтимос қилдик.

Жумладан, Ўқув маркази "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси тасарруфига ўтган тақдирда кейинчалик қай шаклда фаолият юритиши ҳақидаги саволимизга жавобан кенгаш ходими: “Ўқув марказининг ҳамма ресурслари ҳамкор ташкилот тасарруфига ўтади. Ҳозир бу ҳақда маълумот беролмайман, чунки биз ҳали ҳамкор ташкилотни аниқлаганимиз йўқ”, деб жавоб берди.

Британия кенгашининг хориж тилларини ўрганаётганлар учун муҳим бўлган яна бир дастури IELTS – Халқаро инглиз тили тест тизими бўйича тест синовларига тайёргарлик кўриш ва синовдан ўтиб, махсус сертификат олиш имконини берувчи дастур эди.

Британия кенгашидан олинган маълумотга кўра, ҳозир IELTS тест синовлари бўлими ишламоқда, аммо, тайёргарлик кўриш учун курсларда ўқиш имкони йўқ.

- Тест бўлими ишлайди. Ҳалиям бўлса, келиб топшириш мумкин. Фақат тайёргарликни ўзингиз кўрасиз ва топширасиз келиб,- деди Британия кенгаши ходими.

Британия Кенгаши дунёнинг 110 давлатида ўз идорасига эга. Ўзбекистондаги идора 1996 йилда очилган.

Ташкилотнинг Тошкент офиси тарқатган расмий хабарномада айтилишича, Ўзбекистондаги идора қошида ишлаган Ўқув марказига Фонд Форум ташкилоти биносидан жой берилмаса, ушбу марказ қўлланмалари “Жаҳон тиллари университети ва шунга ўхшаш ташкилотларга ўтказилади”.

Биз бу борада Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли бўлган "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси қарорини билиш мақсадида ташкилот матбуот хизматига боғландик, аммо, саволларимизга жавоб ололмадик.
XS
SM
MD
LG