Линклар

Э. Жонсон: Интернетга қўйилган тўсиқни енгиш мумкин

  • Абдулла Искандар

Интернет душманлари минг чиранишига қарамасдан, улар қўйган тўсиқлар синдирилмоқда.

Интернет душманлари минг чиранишига қарамасдан, улар қўйган тўсиқлар синдирилмоқда.

Дунёдаги Интернет душманлари рўйхатидаги Ўзбекистон ҳукумати қўйган тўсиқни 16 яшар Мадина бемалол бузиб киряпти.


Ўзбекистонда аҳолига ахборот коммуникация хизматлари кўрсатиш жорий йил тўрт ойида ўтган йилга нисбатан 18,7 фоизга ошди.

Бу рақамларни Озодликка айтган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги матбуот хизмати вакилига кўра, Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилар сони 7,55 миллион кишига етган.

Бу дегани Ўзбекистонда ҳар 1000 кишидан 265 нафари Интернет фойдаланувчисидир.

Бунинг баробарида Интернет тезлиги ошган ва ресублика бўйлаб алоқа тизимларининг 93,7 фоизи рақамли форматга ўтган.

Минтақадаги Туркманистон ва Тожикистон билан солиштирганда Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилар сони анча кўп.

Ўзбекистонда Интернет хизмати ошиб, сифати яхшиланар экан расмий Тошкент назарида исталмаган сайтларга тўсиқ қўйиш, ахборотларни филтрлаш ва Интернет фойдаланувчилар устидан назорат ҳам кучайгани кузатилади.

Ўзбекистондаги Интернет хизмати кўрсатувчи корхона абонентлар бўлими бошлиғи Азизжонга кўра, мамлакатдаги Интернет муштарийларини кучли назорат қиладиган янги технологиялар мамлакатда жаҳд билан ишлай бошлаган.

Душанба куни эълон қилинган Freedom House ҳисоботида ëпиқ мамлакатларда Интернетга қўйилган тўсиқларни бартараф қилиш йўллари ҳақида ҳам гап боради.

Тошкентлик Мадина 16 ëшда. У Ўзбекистондаги 7 миллиондан зиëд Интернет муштарийларидан бири. Оддий муштарийлардан фарқли ўлароқ Мадина Интернетда тўсиқ қўйилган сайтларга кириш йўлларини яхши билади. “Ҳар куни кеч соат 8 дан кейин Интернетда ўтираман. "Facebook"да ва "Youtube"да ҳар доим борман”, дейди Мадина.

Мадина Ўзбекистонда ëпиб қўйилган сайтларни очиш учун прокси серверлардан фойдаланади.

- Яндексга ëзсам, чиқади ҳар хил прокси сайтлар. Ўшалар орқали кираман,- дейди Мадина.

Ўзбекистондаги етакчи Интернет провайдерларидан бирида ишлайдиган Азизжон 16 яшар қизнинг юксак технология воситасида тўсиб қўйилган сайтларни очишига ишонмайди. Азизжонга кўра, Ўзбекистонда Интернетга исталмаган ахборотлар сизиб кирмаслиги учун қаттиқ чоралар кўрилмоқда.

- Бизларда бу нарсага қаттиқ қаралган. Частний одамлар ўзи чўчийди бунақа нарсага. Бизлар ҳам қўрқамиз. Хаëлга ҳам келмайди. Не до этого,- дейди Азизжон.

Азизжонга кўра, Ўзбекистондаги интернет муштарийлар шартнома тузаëтган пайтда расмий Тошкент нуқтаи назарига тўғри келмайдиган сайтларга кирмаслик ҳақида огоҳланирилади.

- Бизларда запрет қўйилган унақа нарсаларга. Кириб келадию одамлар. Абонентлар уланадию. Бу нарсаларнинг ҳаммаси под контрол. Нимага деганда ҳар хил бўлар-бўлмас информациялар керакли органлар томонидан филтрдан ўтилади. Бунақа нарсалар кўпинча Интернет-кафега ўхшаганлар билан бўлади. Биз ҳамма тарафлама тушунтирамиз. Ëшлар, мана катталар катта скоростни танлашадию. Ўшаларга тушунтирамиз бола-чақангизга тушунтириб қўйинг деб. Желателно камроқ скорост олинг чтоби болалар скачат қилаëтганда жонига тегиб ўчириб ташласин бу сайтни,- дейди Азизжон.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда Интернет тезлиги ошиб муштарийлар сони кўпайганини ҳам айтди.

- Кундан кунга одам кўпаяяпти. Конкретно прогноз бера олмаймиз,- дейди Азизжон.

Интернет муштарийларининг ошиши, ëпиқ режимлар қўйган тўсиқларга қарамасдан барибир эркин сўз ривожига ҳисса қўшади, дейди “Интернет демократия йўлида” номли лойиҳа раҳбари Эрик Жонсон.

- Сўз эркинлигига ëрдам беради. Агар цензура қилинганидан қолгани муштарийга етиб борса, бу яхши. Қолаверса, шунча ахборотни цензура қилишга имкон йўқ. Инглиз тилидаги Си-Эн-ЭН, ва Би-Би-Си билан танишиш имкони бор. Ўзбекистонда асосан русча ва ўзбекча танқидий қарашдаги сайтлар цензура қилинмоқда. Истак ва ҳафсала бўлса, бу цензурани айланиб ўтиш қийин эмас. Жуда кўп дастурлар бор, прокси серверлар мавжуд. Psiphone, Hard Padshield, Алқаср каби дастурлар ҳукумат қўйган тўсиқларни бартараф қила олади. Интернет сифатининг ошиши бу дастурлар учун айни муддао.

Озодлик: Мен Интернет провайдери билан суҳбатлашганимида, сайтларга тўсиқ қўйиш учун энг янги технологиялар жорий қилинганини айтди. Яъни "ҳар бир радарнинг антирадари бор". Бас шундай экан бу “Қуролланиш пойгасида” ким ғолиб келади? Сўз эркинлигими ëки цензура?

Эрик Жонсон 1996 йилдан бери Ўзбекистонда сўз эркинлигини тарғиб қилувчи лойиҳаларни бошқариб келади.
- Қуролланиш пойгаси. Бу жуда яхши ибора. Цензура пойгаси цензурага қарши кураш пойгаси. Айни пайтда бирор-бир тарафнинг мутлақ ғалабаси ҳақида айта олмаймиз. Аммо шуни аниқ айта оламизки, ким Ўзбекистонда у ëки бу мазмундаги ахборотни олмоқчи бўлса, у бу ахборотга етиша олади. Мен боя айтган тўсиқ синдирувчи дастурлар бисëр. Ўнлаб номдаги бу дастурлар Ўзбекистон ҳукумати Интернетга қўйган тўсиқларни синдира олади. Ҳукумат қанчалик қиммат ускуна қўймасин, қанчалик мукаммал тўсиқ қўймасин бефойда. Биладиган одам иккита тугмачани босиб керакли эшикларни бемалол очади. Фақат муштарийларда истак ва иштиëқ бўлса бўлди,- дейди Эрик Жонсон.

Тошкентлик Мадинада Эрик Жонсон айтган иштиëқ ҳам, истак ҳам, билим ҳам етарли. Шу боис Мадина учун Интернет ëпиқ давлатдан туриб очиқ ахборотлар олиш манбаига айланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG