Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:29

Чинозлик Мирзаевлар оиласи адолат талаб қилмоқда


Эътиқод маҳбуслари одатда Жаслиқ ёки Навойидаги каби қаттиқ режимли "зоналар"да сақланади.
Эътиқод маҳбуслари одатда Жаслиқ ёки Навойидаги каби қаттиқ режимли "зоналар"да сақланади.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, 10 нафаргача аъзоси “Ҳизбут Таҳрир” да айбланиб қамоққа ташланган оилаларнинг рўйхати йилдан-йилга узайиб бормоқда.


Тошкент вилояти, Чиноз шаҳридаги Исломобод кўчасида истиқомат қиладиган Мирзаевлар оиласи ортидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг суриштирувлари 1999 йил 16 феврал портлашларидан сўнг бошланган.

Бу оила аъзоси Инобат Мирзаеванинг Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳига айтишича, 1999 йилдан 2008 йилга қадар оиланинг 4 аъзоси узоқ муддатларга қамалган, бир нафари қидирувга берилган, пул топгани Россияга кетган яна бирининг эса манзили ва даромади ҳақидаги маълумотлар талаб қилинмоқда.

Инобат Мирзаевага таяниб, Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарномада айтилишича, аввалига Инобат Мирзаеванинг турмуш ўртоғи, 1962 йилда туғилган Абдураҳим Мирзаев ва турмуш ўртоғининг укаси, 1975 йилда туғилган Абдулазиз Мирзаевларни суриштириб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни тақиқланган “Ҳизбут Таҳрир” партиясига аъзоликда гумон қилишаётганини айтишган.

Абдураҳим Мирзаев таъқиблардан қочган ва ҳанузгача манзили номаълум. Укаси Абдулазиз эса 159, 244, 216-моддалар билан 18 йилга қамалган.

“Қийноқ ва ҳўрликка солинмоқда. Сил билан касалланган. Бухоро вилоятидаги 64/25 сони муассасада жазо ўтамоқда”, дейилади Абдулазиз Мирзаев ҳақида ЎМҲҲТГ тарқатган хабарномада.

2000 йилда Инобат Мирзаеванинг қайин укаси, 1971 йилда туғилган Абдувоҳид Мирзаев ҳам айни моддалар билан 10 йилга қамалган, 2003 йил декабрда амнистия қўлланиб озод қилинган, 2006 йилда эса яна 244 модда билан 11 йилга қамалган.

“Сил билан касалланган. Жазо муддатини Навойидаги 64/46 жазони ўташ муассасида ўтамоқда. Қийноқлар ва хўрликларга солинмоқда”, дейилади Абдувоҳид Мирзаев ҳақида ЎМҲҲТГ тарқатган хабарномада.

2006 йилда Инобат Мирзаеванинг ўғли, 1983 йилда туғилган Аҳмадилло Мирзаев айни модда, яъни 244-модда билан 5 йилга, уни ўтаб битишга 4 ой қолганда эса яна ўша 244-модда билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Ваҳшиёна қийноқ ва ҳақоратга тутилди... Ҳозир Бухородаги 64/25 сонли қаттиқ режимдаги қамоқхонада жазо ўтамоқда”, дейилади Аҳмадилло Мирзаев ҳақида ЎМҲҲТГ тарқатган хабарномада.

2008 йилда Инобат Мирзаеванинг яна бир қайин укаси, 1964 йилда туғилган Абдукарим Мирзаев айни, яъни 159, 244-моддалар билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Жазони Зарафшондаги 64/48 сонли қамоқхонада ўтамоқда. Қийноқларга солинмоқда”, дейилади Абдукарим Мирзаев ҳақида ЎМҲҲТГ тарқатган хабарномада.

Шу кунларда эса Инобат Мирзаеванинг 1881 йилда туғилган ва ҳозир оиласи билан Россияда ишлаб юрган ўғли Абдуллажон Мирзаевни суриштирган меҳнат муҳожирлари манзили ва даромади ҳақида маълумот йиғилаётгани сабаби билан ҳуқуқ-тартибот идоралари яна Мирзаевлар эшигини қоқмоқда.

Бунақа эшик қоқарларга юрагини олдирган Инобат Мирзаева ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов билан суҳбатда: “Биз доимий қўрқувда яшаяпмиз, бизнинг оиламизни милиция ва МХХ ходимлари 12 йилдан бери таъқиб қиляпти, террор қиляпти. Ҳатто, четга кетганларимизни ҳам”, дейди.

Биз бу хабарномани олганимиз кезда Инобат Мирзаева қамоқдаги ўғли Аҳмадилло билан кўришиш учун Бухородаги қамоқхонада эканидан хабар топдик.

Унинг мурожаатини бизга етказган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов бу оила тақдирини йиллардан бери кузатаётганини айтар экан, бу оиланинг қамалган аъзоларидан бири устидан Зангиота тумани Жиноий ишлар судида бўлган маҳкамасида иштирок этишга уринганини ёдга олди.

- Тўрт йил олдин бизлар бу масалани кўтарганмиз. Кимлар тергов қилган, ўша пайтда буларга нисбатан қандай қийноқлар ишлатилган – ҳамма ҳужжатлари бор бу тўғрисида. Мана Абдукарим ҳибсга олингандан кейин 2008 йилда мен шахсан судга борганман. Лекин судя Муҳаббат Хўжаева мени мажбур қилиб у ердан чиқариб юборган. “Сиз эшитишингиз керак эмас бу ерда бўлаëтган нарсаларни” дегандай қилиб чиқариб юборган. Яъни ëпиқ режимда бўлган. Бу оила тўғрисида бизларда тўла-тўкис ҳамма ҳужжатлар бор,- дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромовга кўра, бундай оилалар Ўзбекистонда йил сайин кўпайиб бормоқда ва ҳуқуқ фаоли 1999 йилдан кейин оиласидан 5 дан ортиқ аъзо ҳибсга олинган оилалар сонига оид кузатувларини тилга олди.

- 20-25 атрофида бор фақат бизлардаги архивда. Умуман олганда бунақалар жуда кўп. Масалан ҳар бир вилоятларда, водийда бунақалар кўп, Тошкент вилоятида кўп. Эсингизда бўлса, 1999 йилдаги Усмонов деган маҳбус қийноқ орқали ўлиб, ўлигини беришган. Ўшаларнинг авлоди ҳаммаси қадимдан диндорлар оиласи. Менинг ҳисобим бўйича ҳозир бу оиладан 14 одам қамоқда. Бир нечтасининг ўлигини олиб келишган. Бу ҳақда ёзганмиз биз,- дейди ЎМҲҲТГ раҳбари.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бундай оилаларнинг қамоқдаги аъзолари муттасил қийноқларга солинмоқда ва унинг ташкилотида бунга далил бўладиган маълумотлар мавжуд.

“Аммо, айни пайтда бундай оилаларнинг озодликда бўлган яқинлари ҳам, ҳаттоки, мактабда юрган гўдакларига қадар ҳуқуқ-тартибот идораларининг муттасил босими остида”, дейди Суръат Икромов суҳбатимиз якунида.

- Буларнинг фарзандлари ҳали мактабда ўқийди. МХХ, милиция ходимлари ўша мактабга бориб болаларини ҳам қўрқитишган. Ўшаларни сўроқ қилган у ерда. Шунинг учун булар жуда қўрқувда. Бутун оила қўрқувда. Буларга нисбатан террор бўлаëтганидан жуда хавотирда. Лекин бу битта оиламас. Бунақа оилалар Ўзбекистон бўйича жуда кўп,- дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG