Линклар

Минскдаги портлашнинг Тошкентдаги акс-садоси

  • Сарвар Усмон

Метрога кираверишда итлар ёки металл излагичларни кўриб хайрон қолманг.

Метрога кираверишда итлар ёки металл излагичларни кўриб хайрон қолманг.

Тошкент метрополитенининг айрим станцияларида металлизлагичлар ўрнатилди, баъзи станциялар кираверишида милиция ходимлари искович итлар билан турибди. Пойтахт метрополитени расмийлари бу хавфсизлик чоралари 11 апрел куни Минск метросида амалга оширилган портлашдан сўнг жорий этилганини билдирганлар. Бироқ метро матбуот хизмати мазкур масала юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамади. Мухбиримиз Тошкент метроси ва унинг атрофидаги вазиятни, масаланинг ҳуқуқий ва маънавий жиҳатларини ўрганди.


Метрополитенда хавфсизлик чоралари кучайтирилганини йўловчилар сезмай қолмади, албатта.

Ўзини Муаззам, деб таништирган тошкентлик ўқитувчи ишга ҳар куни метрода қатнайди:

- Назоратлар кучайган. Ички ишлар ходимлари, метро назорат ходимлари сони кўпайтирилган. Метрога тушишда овчарка итлардан қўйиб қўйилган ҳид билиш вазифасини бажарувчи,- дейди Муаззам.

Тошкентлик автобус ҳайдовчиси Шоқосим ака ҳам метро бекатлари кираверишида турган милиция ходимлари йўловчилар сумкаларини махсус асбоб билан текшираётганини айтди.

- Нима олиб тушиб кетаëтганини кўриб, ўшаларга қараб туришибди. Мен “Нимага бунақа?” десам, “Хўп, бунақа кўрсатинг, бўлди” деяпти. Титкилаш ëки бошқа нарса эмас. Айнан нима бор, шунга эътибор бериб қарашаяпти. Милиция ходимларининг қўлида аппарат бор. Бундан ташқари, худди терминалга кирасизку, шунақа нарсалари ҳам бор. Ўша ердан ҳам ўтиб туради,- дейди Шоқосим ака.

Бошқа бир тошкентликнинг айтишича, металлизлагич кесакилар метронинг асосан Чилонзор йўлида ўрнатилган.

Автобус ҳайдовчиси Шоқосим аканинг айтишича, хавфсизлик чоралари жамоат транспортининг бошқа турларида, хусусан автобусларда ҳам кучайтирилган.

- Хавфсизлик деб бизларда айтган. Агар мабодо битта-яримта сумка қолдириб кетса, салонда кондуктор ҳам юрадию, салонда юрганда битта-яримта нито нарсани қўйиб кетса, дарров машинани тўхтатиб, бизда телефон номерлар бор, ўша номерларга биз қўнғироқ қилишимиз керак,- дейди Шоқосим ака.

Бундан роппа-роса бир ҳафта муқаддам Минск метросининг Октябр бекатидаги ўтирғич остига қўйилган бомба портлаши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган ва 150 дан зиëд киши жароҳат олиб касалхонага ëтқизилган эди.

Баъзи ахборот воситаларига кўра, Тошкент метросида хавфсизлик чоралари кучайтирилиши ана ўша портлаш билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 29 мартида Москва метросида содир этилган портлашлардан кейин ҳам Тошкент метрополитени ҳар бир станциясинининг ташқариси ва ичкарисида металл қидирувчи мосламалар билан таъминланган милиция қўриқчилари пайдо бўлганди.

Шу кунда кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил расмий маълумот олиш учун Тошкент метрополитени матбуот хизматига мурожаат қилдик.

Хизматнинг ўзини Лариса Юрьевна, деб таништирган масъул ходими маълумот беришдан бош тортди ва буни мазкур масала юзасидан маълумот бериш “юқоридан тақиқлаб қўйилгани” билан изоҳлади.

Шу ўринда масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Бу масалада тошкентлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов мана бундай фикр билдирди.

- Агар ҳуқуқ тилида гапирадиган бўлсак, бунақа ҳолатлар кўпинча шахснинг ҳаракатланиш эркинлиги, шахсий ҳаëт дахлсизлиги ҳуқуқи – мана шу ҳуқуқларига тегишли хавфлар туғдириши мумкин. Лекин ҳатто Ўзбекистон ҳам имзолаган халқаро фуқаролик ва сиëсий ҳуқуқлар бўйича пакт бор. Мана шу ҳужжатда мана шу ҳуқуқларнинг таъминланиши бўйича агар халқаро стандартлар ўрнатиладиган бўлса, ўша ерда ҳам айтилганки, бунақа ҳолатда жавобгар ҳукуматлар мана шу ҳуқуқларни тиклаш бўйича турли хил хавфсизлик чора-тадбирларини амалга ошириши мумкин,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Лекин, дейди ҳуқуқшунос ва эътиборимизни масаланинг мана бу жиҳатига қаратди:

- Мумкин деб турилиб критерийлардан бири асосий сифатида кўрсатилади. Бу ҳам бўлса мана шу хавфсизлик чоралари доимий равишда ишлаб турила олмайди. Буларга қанақадир вақт тарафдан чеклов қўйилиши керак. Масалан “Мана шу хавф ўтиб кетди. Бўлди, энди бунақа хавф йўқ” деган ишонч ҳосил бўладиган бўлса, улар олиб ташланиши керак ва биринчи навбатда мана шу жамият ëки фуқаро шу ҳақда огоҳ бўлиши керак. Мана шу чоралар қачонгача киритилаëтгани тўғрисида огоҳ бўлиши керак. Шу чора-тадбирларни олиб бораëтганда ҳам дуч келган шахсни текшириш ëки дуч келган шахснинг шахсий ҳаëтига дахлсизлигига ҳужум қилиш эмас. Албатта етарли даражада асос туғилганда ëки оператив маълумот бўлгандагина текшириб кўздан кечириш ҳолатлари талаб қилиниши мумкин. Мана шунақа иккита-учта критерийлари бор,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Бироқ Тошкент метрополитени станцияларида хавфсизлик чораларини кучайтирар экан, унинг сабабларию бу чоралар қачонгача давом этиши тўғрисида расмийлар жамоатчиликка маълумот беришни ўзига эп кўрмаяпти. (Метро матбуот хизмати вакили жавобини эсланг.)

Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистон жамоатчилиги потенциал хавф кўламини ҳам билмайди.

- Айнан терроризм бўйича хавф тўғрисида мен авваламбор бир нарса дейишга қўлимда етарли маълумотлар ëки етарли фикрлар йўқ. Лекин ҳукуматнинг 1999 йилдан бери ҳар йили ëки бир неча бир даврда терроризм хуружларига дучор бўлаëтганлиги, бу воқеаларнинг жамиятдан ëпиқ бир тарзда ўрганилаëтганлиги, уларнинг натижаси тўғрисида жамиятга фақат ҳукуматнинг расмий идеологиясидан келтириб чиқарилган версиялар тақдим қилинаëтганини кўзда тутадиган бўлсак, мен ўйлайманки, нафақат бизга ўхшаган кузатувчи ташкилотлар балки жамиятдаги кўпчилик ташкилотлар ва инсонлар мана шу нарсаларнинг асослари тўғрисида тасаввурга эга эмас. Уларга бунақа маълумотлар етиб келмаяпти. Шунингдек бизга ҳам. Шунинг учун сабаблари тўғрисида, қанчалик хавф борлиги тўғрисида бир нарса дейишга мен ожизман,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Масаланинг маънавий жиҳати ҳам борки, у ҳақда адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков фикр билдирди. Унинг айтишича, мамлакат кейинги 20 йил йил ичида панжара ортидаги давлатга айланиб қолди.

- Энди ҳозирги замонда мана ҳамма идоралару кўчанинг юзларида катта бир, баъзан қарасангиз, ҳақиқатан қўриқланиши керак бўлган жойдир, қўриқланмаса ҳам бўладиган жойда бунга қаралмаяптида, ҳамма ëқни темир панжара билан ўраш 1990 йилларда митингларга қарши қилинган панжаралар билан ўраш авжга олиб кетди. Бу кишини худди қафасда юргандай ҳис қилишига олиб келади. Жуда кўп жойда одамнинг ғашини келтиради. Кимдан, нимага қўриқланаяпти деган нарса бўлади. Ўз-ўзидан табиий жавоб туғилади. Бу ерда ëввойи ҳайвонлар бўлмаса, демак Ўзбекистон фуқароларининг ўзидан ҳимояланиш деган нарса энди бу. Бу нарса одамнинг кўнглига ҳеч қачон ëруғлик бермайди.

Озодлик: Сизнинг гапларингиздан келиб чиқадиган бўлсак, хавфсизлик чораларни бу қадар кучайтириш учун потенциал хавф у қадат катта эмас. Шунақами?

- Йўқ, энди гап шундаки, ким нимадан хавфни кутади? Бу ерда потенциал хавф деганда масалан дейлик сиз ўйлаëтганингиз у ҳукумат ўзини халқдан нима қилаëтган бўлса, бу нарсалар энди таъминланганку. Удумга айланди шекилли. Ҳукуматнинг муҳим идоралари жуда яхши ўраб олинган. Қўриқчилардан ташқари темиру бошқа нарсалар билан ўраб олинган. Уларга йўлаб бўлмайди. Барибир яхшилик аломати эмасда. Кимдандир хавфсираш, кимдандир хавфсираш бор. Ҳукумат миқëсида олинадиган бўлса, албатта у ўзининг фуқароларидан бошқа бу ерда уларга хавф соладиган бирор куч йўқлигини билади, дейди адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков.

Хавфсизлик масаласига қолганда, Ўзбекистон ҳукумати, айтиш мумкинки, қичишадиган жойини олдиндан қашиб қўядиган ҳукуматдир.

Шу кечаю кундузда ҳам жаҳоннинг энг йирик шаҳарларидаги аэропортларга кузатувчилар ҳам деярли бемалол (Истанбул аэропорти) ёки бемалол киравериши мумкин (Нью Йорк аэропорти).

Истанбулда кузатувчилару йўловчилар аэропорт биносига киришда металлизлагичдан ўтсалар, Нью Йоркда аэропорт биносига ҳамма текширувсиз кираверади, йўловчилар қайддан ўтиб учоқ перронига ўтиш олдидангина текширилади.

Тошкент аэропортида мана бир неча йилдирки, кузатувчилар аэропорт биносига киритилмайди. Москванинг Домодедово аэропортида амалга оширилган портлашдан кейин эса, кузатувчилар Тошкент аэропорти биносига яқин йўлатилмай қўйди.

Яқиндагина Европадан Тошкентга учиб борган бир онахон чамадонини кўтариб ташқарига чиққанини, кутувчилар турадиган жойда ҳеч кимни кўрмай ҳайрон бўлганини айтар экан мана бундай деди.

- Қарасам йўқ ҳеч ким. Кейин кўчага чиқсам, нариëқда қўл кўтаришиб турган экан ўша машиналар турадиган жойда, дейди онахон.

Хуллас, Тошкент аэропортидан учадиган яқинингизни Хадрадаёқ кузатиб қўйишни истамасангиз, Москвадаям, Минскдаям ва албатта, Тошкентнинг ўзида портлаш юз бермаслигини тиланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG