Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:51

Бош прокуратура миллатчиликка оид иддаоларни рад этмоқда


Қирғизистон Бош прокуратураси масъуллари маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан судларда миллатчилик қилинаётгани борасидаги баёнотларини асоссиз, деб ҳисоблайди.
Қирғизистон Бош прокуратураси масъуллари маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан судларда миллатчилик қилинаётгани борасидаги баёнотларини асоссиз, деб ҳисоблайди.

Ўш қирғинида қотиллик ҳолатлари бўйича очилган 200 та жиноят иши судларга ўтказилди.

Бу ҳақда Қирғизистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Рисқул Бақтибаев маълум қилди.

Рисқул Бақтибаев маълумотларига кўра, Ўш воқеалари юзасидан 5511 та жиноят иши очилган, улардан 531 таси одам ўлдириш ҳолатлари юзасидан қўзғатилган. Бундан ташқари, зўрлашлар, уйларга ўт қўйиш, талончилик ва одам ўғирлаш ҳолатлари юзасидан очилган жиноят ишлари ҳам жуда кўп.

- Биз судларга 200 дан ошиқроқ жиноят ишларини ўтказиб бердик. Улардан 151 таси судларда кўриб чиқилди. Бу 151 та жиноят иши юзасидан 311 одамга нисбатан ҳукм ўқилди, - деди Рисқул Бақтибаев.

Бош прокурор ўринбосарининг айтишича, айни пайтда Ўш қирғини юзасидан уч тергов гуруҳи ташкил этилган бўлиб, қолган жиноятларни ҳам фош этиш юзасидан тергов ва қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Аснода қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги куч ишлатар тизимлар Ўш воқеаси юзасидан бир томонлама тергов ва судлов амалиётини олиб бораётганини кескин танқид қилиб чиқмоқдалар.

Бишкекдаги “Қилим шами” нодавлат ташкилоти бир неча ой мобайнида Қирғизистон жанубида Ўш воқеаси юзасидан ўтказилган суд жараёнларини мониторинг қилган. Бу ташкилот тарқатган баёнотга кўра, июн воқеасида айбланиб, узоқ муддатларга қамалганларнинг асосий қисми қирғиз бўлмаган миллат вакилларидир.

- Биз 28 та суд жараёнини кузатдик. 16 та суд жараёнида судланувчилар ўзларининг қийноқларга солинганини айтишди. Аммо суд бу баёнотларни эътиборга олмади. 28 суд жараёнида 87 одам судланаётган бўлса, улардан 82 нафари ўзбек, 5 нафари эса қирғиздир, - дейди “Қилим шами” нодавлат ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдурасулова.

Бишкекдаги ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўш қирғинида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 30 нафар одамнинг 2 нафари қирғиз, қолганлари эса ўзбек миллатига мансубдир.

Аммо Бош прокурор ўринбосари Рисқул Бақтибаев ҳуқуқ ҳимоячиларининг миллатчилик борасидаги баёнотларини асоссиз, деб ҳисоблайди.

- Мен миллатига қараб муомала қилинаяпти, деган сўзга мутлақо қўшила олмайман. Чунки жиноятчининг миллати йўқ. Бош прокуратура тергов ва судлов тузилмаларида миллатчиликка қарши кескин курашиб келмоқда. Биз бу борада аризаларни ҳам қабул қилганмиз, - деди Рисқул Бактибаев.

Бироқ Бош прокуратура расмийси суд ва тергов жараёнидаги миллатчилик кўринишлари юзасидан қанча ҳолат аниқлангани ва қандай чоралар кўрилгани ҳақида маълумот бера олмади.

Айтиб ўтиш лозимки, бир неча кун олдин президент Роза Ўтунбаева тергов тузилмаларидаги миллатчилик, Ўш воқеаси юзасидан қўлга олинган маҳбусларга қийноқлар қўлланиши юзасидан баёнот берган ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашган эди.

Бу учрашувнинг эртаси куни президент ёпиқ эшиклар ортида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарлари билан кенгаш ўтказган. Бу йиғинда президент Ўш қирғини юзасидан бир томонлама тергов ва судлов ўтказилишига қарши эканини билдиргани айтилади.
XS
SM
MD
LG