Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:15

Тожикистонда соқолли футболчи командадан қувилди


"Хайр" командаси ўйинчиси Парвиз Турсунов соқолини футболдан устун билишини айтади.
"Хайр" командаси ўйинчиси Парвиз Турсунов соқолини футболдан устун билишини айтади.

Тожикистондаги “Хайр” футбол командасининг соқолини қиртишлашдан бўйин товлаган ўйинчиси Парвиз Турсунов командадан четлаштирилди.

Парвиз Турсунов нафақат моҳирона ўйини, балки соқоли билан ҳам тожикистонлик футбол ишқибозлари орасида яхши танилган.

“Хайр” футбол командасининг республика миқёсида обрўсини кўтаргани эътироф қилинаётган Парвиз бу йилги республика футбол чемпионати мавсумий ўйинларидан четлаштирилди.

Бунинг сабабини Парвиз Турсунов “соқоли муаммоси” билан изоҳлайди.

- Мен соқолимни футболдан устун биламан. Чунки бу пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суннатидир, - дейди Парвиз Турсунов.

Айни пайтда “Хайр” футбол командаси бош мураббийси Тоҳир Мўминов Парвиз Турсуновга нисбатан ўйинчи сифатида ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтади.

- Аммо унинг Ички ишлар вазирлиги билан муаммоси бор. Аввалроқ унга соқолини тартибга келтириш айтилган эди. Мен Парвизга менинг командам учун яхши ўйинчи сифатида керак эканини ва ҳеч қачон уни командадан қувмаслигимни айтдим. Аммо аввал у соқоли бўйича айрим идоралар томонидан берилган оғзаки буйруқни ўша идоралар билан ҳал қилиб олиши лозим. Агар улар рухсат беришса, келсин - мана чемпионатларда қатнашаверсин, - деди 19 апрел куни куннинг биринчи ярмида Озодликка интервю берган “Хайр” футбол командаси бош мураббийси Тоҳир Мўминов.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев Парвиз Турсуновнинг республика футбол чемпионатларида иштироки ўз идораси томонидан таъқиқланганига оид хабарлар асоссизлигини билдирди.

- Ҳаммага маълумки, фуқароларнинг ташқи қиёфаси паспортидаги расмига мос бўлиши учун республика бўйлаб қатор чора-тадбирлар давом этаяпти. Лекин “Хайр” футбол командаси асосий ўйинчиси Парвиз Турсунов соқоли учун бизнинг идорамиз томонидан мавсумий ўйинлардан четлаштирилганига оид хабарлар ўз тасдиғини топса, бу ишда қўли бор ходимларимиз албатта қонун доирасида жазоланади, - дея билдирди Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Шу ўринда айтиш лозимки, 19 апрел куни тушдан кейин Озодликка қайта интервю берган “Хайр” футбол командаси бош мураббийси Мўминов “Парвиз Турсунов команда уставини қўпол тарзда бузганлиги учун” командадан қувилганини маълум қилди.

Бу, ўз навбатида, кўпчилик футбол ишқибозлари норозилигига сабаб бўлди.


- “Хайр” футбол командасининг устуни ҳисобланган Парвиз Турсуновнинг аввал ўйинлардан, кейин эса ўз командасидан, борингки, футболдан четлаштирилганидан хафамиз. Команда бош мураббийсининг бу қарори биз - футбол мухлисларини ўта ранжитди. Бу командани Олий лигага олиб чиққан ҳам аслида Парвиздир. Лекин бугун унинг бу хизматлари эътиборга олинмади, - дейди футбол ишқибозларидан бири Худойдод Каримов.

Парвиз Турсуновнинг яна бир мухлиси Қосим Ҳикматов дунё давлатларидаги кўплаб футбол командаларида соқолли футболчиларни учратиш мумкинлигини айтади.

- Улардан бири англиялик машҳур футбол ўйинчиси Дэвид Бекхэмдир. Нима қипти соқол қўйса - бирор ёмон жойи йўқ бунинг. Қолаверса, биз Америка ёки Англияда яшамаймиз. Аксинча, аксарияти мусулмон бўлган Тожикистонда яшаймиз. Менимча, соқоли учун футболчини ўйиндан четлатиш ва мухлисларни эса ўз севган ўйинчисидан маҳрум қилиш бу ҳуқуқларимизнинг поймол қилинишидан бошқа нарса эмас, - дейди футболнинг ашаддий ишқибози Қосим Ҳикматов.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг кузида Тожикистон шарқида ҳукумат кучларининг жангариларга қарши махсус амалиётлари бошлаб юборилиши ортидан республика бўйлаб “соқоллиларни овлаш компанияси” бошланиб кетганди.

Шу кунгача соқоли учун ҳуқуқ идораларида сўроқ қилинган тожикистонлик эркаклар аниқ сони маълум эмас. Аммо, кузатувчиларга кўра, ҳуқуқ идораларида соатлаб сўроққа тутилаётганлар орасида фақат диндорларгина эмас, журналистлар, футболчилар ҳам борлиги Тожикистоннинг демократик давлат эканини савол остига қўяётир.
XS
SM
MD
LG