Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:48

Сампа қурбонларининг яқинлари расмийларга талаб қўймоқда


Аввалроқ Жалолободдаги маҳкамаларда шиорлар кўтариб ўтирган Сампа қурбонларининг яқинлари эндиликда вилоят маъмурияти биноси олдида митинг қилмоқдалар.
Аввалроқ Жалолободдаги маҳкамаларда шиорлар кўтариб ўтирган Сампа қурбонларининг яқинлари эндиликда вилоят маъмурияти биноси олдида митинг қилмоқдалар.

Июн қирғини кунлари Сампа заводи яқинида ҳалок бўлганлар яқинлари 18 апрел куни Жалолобод вилоят давлат маъмурияти олдида митинг ўтказишди.

Жалолободда бўлиб ўтган митинг иштирокчиси, Сампа пахта тозалаш заводида халок бўлганлардан бирининг яқини Асқар Қараев норозилар расмийлар олдига олти талаб қўйишганини айтади:

- Биз айирмачилар қўлида қурбон бўлганларга ёдгорлик ўрнатилишини, бедарак йўқолганларнинг топиб берилишини, мамлакат яхлитлигини ҳимоя қилганларга “Халқ қаҳрамони” номи берилишини талаб қилаяпмиз. Июн ойида сепаратистлар қўлидан қурбон бўлганларнинг ижтимоий мақомини “Мекен шейиттери” ижтимоий мақоми билан тенглаштирилишини, ярадор бўлганларга мамлакат томонидан қўллов кўрсатилишини, миллатчи сепаратистларни топиб, ўшаларни уюштирган Қодиржон Ботировни бош қилиб, судлашни талаб қилаяпмиз, - деди Асқар Қараев Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган сухбатида.

Жалолобод вилоятининг маҳаллий расмийлари июн воқеаларида, шу жумладан, Сампа воқеасида вафот этганларга ҳам кўмак кўрсатилаётганини айтишади.

Жалолобод вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Жумагул Эгамбердиевага кўра, хозирда июн воқеаларида жабрланганлар учун кўп қаватли уй қурилмоқда. Унинг айтишича, қурилиш тугаса, уйлар, биринчи навбатда, ҳалок бўлганларнинг яқинларига берилади:

- Пулни Молия вазирлиги топиб бериши керак. Ёдгорлик ўрнатиш масаласида эса, “Сампа” заводи жойлашган ер бировнинг хусусий мулки бўлиб ҳисобланади. Биз бировнинг хусусий мулкига дахл қилолмаймиз. Шунинг учун ёдгорлик масаласини халқ ўзи ёрдам бериб, ҳал қилиши керак. “Халқ қаҳрамони” деган унвонга келсак, бу бўйича парламентга мурожаат қилиш керак, “Халқ қаҳрамони” унвони кимларга берилади, қандай берилади - буни депутатлар кўриб чиқиши керак. Квартира масаласи ҳал қилинган. “Кўғарт” массивидаги кўп қаватли уй қурилиши битса, биринчи навбатда, ўлганларнинг яқинлари квартира олади, - деди Жумагул Эгамбердиева.

Июн қирғини кунлари Жалолободдаги Сампа заводи яқинида қирғиз миллатига мансуб 16 одамни ўлдирганликда айбланиб, 19 нафар ўзбек судланган. 9 март куни Жалолобод вилоят суди улардан 18 нафарини умрбод қамоқ жазосига, бир нафарини 25 йилга озодликдан махрум қилинган.

Сампа воқеаси юзасидан бўлиб ўтган суд махкамаларида судланувчилар маҳкамалар адолатли бўлмаганини айтишган. Уларга кўра, маҳкамаларда судланувчиларнинг гувоҳлари берган кўрсатмалар судялар томонидан инобатга олинмаган. Судланувчилар аввалги суд жараёнларида ўзларининг айбсиз эканлари ва барча кўрсатмаларни қийноқлар остида берганларини билдирганлар.

Айтиш жоизки, Сампа воқеаларида ўлганларнинг яқинлари қўяётган баъзи талабларни айрим жалолободликлар қўлламайди. Уларнинг фикрича, 2010 йилда бўлиб ўтган миллатлараро жанжалда вафот этганлар ва 7 апрел куни ҳукумат алмашувида ҳалок бўлганларни қиёслаш мантиққа тўғри келмайди:

- Қирғизистон бюджетида 21 миллиард сўм камомад бўляпти. Бундай вазиятда Сампа воқеасида қатнашган ватандошларимизга компенсация бериш ёки уларга “қаҳрамон” унвонини бериш нотўғри, деб ҳисоблайман. Негаки, Сампада миллатлараро жанжал бўлди, Бишкекда эса аввалги ҳокимиятни қулатиш бўлган, - деди жалолобдлик иқтисод фанлари доктори Аманқул Зулпиқаров.

Шу йилнинг 25 март куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ҳукумат заҳирасидан 500 миллион сўмни Ўш қирғинида ҳалок бўлганлар оиласига хун пули сифатида ажратишни таклиф қилганди. Бу таклиф ҳукумат аъзолари томонидан қўлланган.

Қирғиз ҳукумати матбуот хизматига кўра, Ўшда қурбон бўлган ҳар бир одам учун 1 миллион сўм, яъни 21 минг 300 доллардан хун пули берилиши кўзда тутилган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўшда ҳалок бўлган 400 дан ортиқ одамнинг 107 нафари қирғиз, 4 нафари бошқа миллат вакиллари, 312 нафари эса ўзбеклардир.

Ҳукумат бундай қарорни “Ўш шейиттери” нодавлат ташкилоти босими остида қабул қилинганди. Бу ташкилот Ўш қирғинида қурбон бўлган қирғиз миллатига мансуб одамларнинг оила аъзоларини бирлаштирган.

2011 йилнинг март ойида “Ўш шейиттери” ташкилоти ҳам Ўш воқеаларида ҳалок бўлганлар оила аъзоларининг банкдаги қарзларини тўлашга ёрдамлашиш, адолатли судлов ўтказиш, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш, ҳалок бўлганларга “Халқ қаҳрамони” унвони берилишини талаб қилганлар.
XS
SM
MD
LG