Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Халқаро ҳамжамият Чернобилга ёрдам ваъда қилди


Украина пойтахти Киевда Чернобил атом электр станциясида фожиа юз берганининг 25 йиллигига бағишлаб донор давлатлар иштирокида халқаро анжуман ўтказилди.


Йиғилишда қатнашган ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар расмийлари дунёдаги энг мудҳиш ядровий ҳалокат, деб аталган Чернобил фожиаси оқибатларини тугатишда Украина ҳукуматига ёрдам бериш учун 550 миллион евро (780 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратишни ваъда қилдилар.

Бироқ мутахсиссислар портлаган реактор жойлашган бинони янги саркофаг, яъни махсус қоплама билан ёпиш ва радиоктив чиқиндилар сақланадиган омбор хавфсизлигини таъминлаш учун камида бир миллиард доллар кераклиги тахмин қилади.

Анжуманда қатнашган Европа Комиссияси Президенти Жосе Мануэл Бароззо Европа Иттифоқи ҳозирча 110 миллион евро ажратишини ваъда қилди.

- Мен Европа Иттифоқига аъзо давлатлар бугунгача расман эълон қилмаган, Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки ажратадиган қўшимча маблағлар билан бирга анжуман ўз олдига қўйган мақсадига эришади деган умиддамиз,- деди Еврокомиссия раҳбари.

Украина Президенти Виктор Янукович ваъда қилинган 550 миллион еврога “дастлабки маблағ” сифатида қарашини айтди.

Янукович халқаро ҳамжамиятга Украинани “бу муаммо билан яккама-якка қолдирмагани учун” миннатдорлик билдирди.

- Чернобил атом электр станцияси ўтган асрнинг охирида ёпилган. Бироқ биз ҳозиргача Чернобил муаммосини ҳал қилишга муваффақ бўлганимиз йўқ. Бугун бир ёқадан бош чиқариб, биз бунинг уддасидан чиқишимиз ва авлодларимизга хавфсизроқ келажак қолдиришимиз мумкин,- деди Украина президенти.

Қатор давлатлар, жумладан Ирландия, Испания, Мексика ва Япония молиявий қийинчиликлар сабабли Украинага маблағ ажратишни ваъда қилмади.

Сўнгги чорак аср давомида Чернобил хавфсизлиги учун бир неча ўн миллиард доллар сарфлаган Украина ҳакумати бу лойиҳа учун 29 миллион евро ажратишни ваъда қилди.

19 апрел куни Киевда бўлиб ўтган халқаро анжуман 1986 йил апрел ойида Чернобил АЭСнинг тўртинчи реакторида портлаш ва ёнғин рўй берганининг 25 йиллигини хотирлаш учун Украинада ўтказилиши режаланган тадбирларнинг биринчиси бўлди.
XS
SM
MD
LG