Линклар

Мулла Абдулло ўлими тасдиқланди

  • Гулнора Равшан

Мулла Абдулло номи билан машҳур Абдулло Раҳимов, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, 14-16 апрел кунлари Рашт водийсида ҳукумат кучлари ўтказган махсус амалиёт чоғида ўлдирилган.

Мулла Абдулло номи билан машҳур Абдулло Раҳимов, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, 14-16 апрел кунлари Рашт водийсида ҳукумат кучлари ўтказган махсус амалиёт чоғида ўлдирилган.

20 апрел куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Мулла Абдулло номи билан машҳур Абдулло Раҳимовнинг ўлимини расман тасдиқлади.

Вазирлик маълумотларига кўра, 14 ва 16 апрел кунлари Рашт водийсида ҳукумат кучлари ўтказган махсус амалиёт чоғида собиқ дала қўмондони билан бирга яна 14 жангари йўқ қилинган.

“Мулла Абдулло ўлими ҳақиқат!”

Тожикистон Ички ишлар вазири муовини Саидхон Жўрахонов мулла Абдулло ҳукумат кучларининг Рашт водийсида жойлашган Нуробод туманининг тоғли Самсолиқ минтақасида ўтказилган сўнгги амалиёти чоғида ўлдирилганини тасдиқлади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, мулла Абдулло жасади Тожикистон давлат телевидениеси орқали намойиш қилинганидан сўнг тожик жамиятида собиқ дала қўмондонинг ўлими билан боғлиқ турли баҳс ва шубҳалар пайдо бўлганди.

- Ҳаммангизга яхши маълумки, мулла Абдулло 18 ёшдаги йигит эмас эди. Уни таниш ва шахсини аниқлаш унчалик қийин бўлмади. Мудофаа вазирлиги карвонига ҳужум амалиётида унинг билан яқиндан туриб ҳамкорлик қилган шахслар жасад ҳақиқатан мулла Абдуллога тегишли эканини тасдиқлади. Мулла Абдуллога оид жуда кўплаб маълумотлар тўплаган эдик. Шундан келиб чиқиб айтаманки, ҳақиқатан мулла Абдулло ва унинг каттагина гуруҳи йўқ қилинди, - дея билдирди Тожикистон Ички ишлар вазири муовини Жўрахонов 20 апрел куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Ички ишлар вазирлиги расмийсининг таъкидича, мулла Абдулло билан бирга йўқ қилинган 19 ёшдан 45 ёшгача бўлган 14 нафар жангарининг ҳаммаси Тожикистон фуқаролари бўлган.

Сўнгги 14 йил давомида халқаро қидирувда бўлган 61 ёшли мулла Абдулло Тожикистон ҳукуматининг асосий мухолифи ва мамлакат шарқи учун асосий таҳдид ўлароқ кўриларди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари иддаосига кўра, Абдулло Раҳимов Ал-Қоиданинг Тожикистондаги бўлими бошлиғи этиб тайинланган ва у бу мамлакат ичкарисида ўз ячейкаларини тузиш борасида топшириқ ҳам олганди.

Хорижий давлатлардаги террорчиларни тайёрлаш махсус лагерларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган мулла Абдулло ўтган йил кузида Камароб дарасида Мудофаа вазирлиги карвонига ҳужум уюштирганликда ҳамда 28 аскар ўлимида ҳам айбдорлиги айтилади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мулла Абдулло 1996 йил Нуробод туман ҳокимини ҳам ўлдирган. Шунингдек, 1992 ва 1997-йиллар Рашт водийсида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўнлаб ходими ҳам айнан мулла Абдулло томонидан ўлдирилган.

Мулла Абдулло ғорда яшаган

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги маълумотларга кўра, мулла Абдулло гуруҳи ташқаридан қурол-аслаҳа, озиқ-овқат билан таъминланиб турилган. Хориждаги раҳнамоларидан молиявий ёрдамлар ҳам олиб турган бу халқаро террор гуруҳига республика ҳудудида террор ҳужумлари уюштириш борасида кўрсатмалар ҳам берилган.

Ички ишлар вазири муовини Жўрахоновнинг айтишича, мулла Абдулло бошлиқ “халқаро террор гуруҳи” тахминан 30 метр узунликдаги ғорда умргузаронлик қилиб келган.

- Жангарилар яшаган бу ғорда яшаш учун барча шароитлар муҳайё қилингани маълум бўлди. Шу билан бирга, у ердан катта миқдорда қурол-аслаҳа, портловчи моддалар ва уларни тайёрлаш бўйича қўлланмалар, мамлакат айрим ҳудудида террорчилик амалиётлари содир этиш бўйича режалар ҳамда диний адабиётлар топилиб, мусодара қилинди. Айни пайтда хавфсизлик ходимлари билан биргаликда бу халқаро террор гуруҳи ким томондан қурол-аслаҳа ва озиқ-овқат билан таъминланганини аниқлаш устида иш олиб борилаяпти, деди тожик генерали Жўрахонов.

“Ансоруллоҳ” жамоати байроғи Рашт тоғларида

Тожикистон ҳукумат расмийси 14 ва 16 апрел кунлари куч ишлатар тизим ходимларининг мамлакат шарқида ўтказган амалиёти тафсилотларига тўхталар экан, жангариларнинг 50 метр баландликдаги махсус лагери саҳнида “Ансоруллоҳ” жамоати байроғи топилганини маълум қилди.

Шу ўринда айтиш лозимки, кўпчилик тожикистонликлар илк бор "Ансоруллоҳ” жамоати ҳақида ўтган йил кузида Хўжандда содир этилган худкуш ҳужумдан сўнг эшитган эди.

Мазкур исломий гуруҳ мамлакат шимолидаги Ички ишлар бошқармасига уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олганди.

Аммо Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари бу даъволарни рад қилиб, мазкур қонли ҳодисада Ўзбекистон Исломий ҳаракатини айблаганди.

Мулла Абдулло ўлими ортидан хавф-хатар ҳам бартараф қилиндими?

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси генерал-майор Саидхон Жўрахонов мулла Абдулло ва унинг гуруҳи йўқ қилиниши ортидан мамлакат шарқидаги асосий таҳдид ҳам бартараф қилинганига ишонади.

- Ўтган кечада Рашт водийсининг Ҳойитигача бордим. Вазият тинч, у ердаги аҳоли кундалик турмуш ташвишлари билан яшаяпти. Менимча, асосий таҳдид бартараф қилинди, - дейди ишонч билан вазир муовини Жўрахонов.

Жорий ҳафта бошида ҳукумат йиғилишида сўзлаган президент Имомали Раҳмон мулла Абдуллони йўқ қилгани учун мамлакат куч ишлатар тизимларига ўз миннатдорчилигини билдириб, “барқарорлик мамлакат тараққиётининг асосини ташкил қилиши”ни таъкидлаганди.

Аснода мустақил таҳлилчилар мулла Абдуллонинг ўлими ортидан мамлакат хавфсизлигига асосий таҳдидлар батамом бартараф қилинганига шубҳа билан қарашларини айтадилар.

Мустақил кузатувчи Қосим Бегмуҳаммадов мулоҳазасича, мулла Абдулло йўқ қилинганига қарамай, Тожикистон миллий хавфсизлиги учун таҳдид ҳамон сақланиб қолмоқда.

- Россия ва АҚШ каби йирик давлатлар оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган баёнотлардан яқин келажакда Тожикистон янги таҳдидлар қаршисида қолиши мумкинлигини уқса бўлади. Менимча, тожик-афғон чегараларидаги таранглик сақланиб қолар экан, мамлакат барқарорлигига таҳдидлар бартараф қилингани ҳақида гапириш ҳали эрта, - дейди мустақил таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммадов.

Чунки, таҳлилчи фикрича, Толибон ҳаракати аъзолари орасида Марказий Осиёдан чиққан жангарилар кўпчиликни ташкил қилади.

Бир гуруҳ таҳлилчилар фикрича, минтақадаги халқаро террор гуруҳларнинг хорижий раҳнамолари бу каби таҳдидларда асосан Тожикистон шимолидаги Фарғона водийси билан туташ Исфарани нишонга олади.

Таҳдидларнинг асосий омили эса, таҳлилчиларга кўра, Тожикистон, қолаверса, минтақа айрим давлатларидаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга бориб тақалади.

Хавфсизлик ходимлари даъвосича, мулла Абдулло гуруҳига аъзо бўлган аксарияти тожикистонлик ёшлар ойига 1500 АҚШ долларидан ҳақ тўланиши ваъдаси билан бу халқаро террор гуруҳига жалб қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG