Линклар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга икки кунлик давлат ташрифи ниҳоясига етди.

Ташриф давомида Каримов ва Хитой раҳбари Ху Цзинтао икки давлат муносабатлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан мулоқот ўтказдилар.

Синуха ахборот агентлиги маълумотига кўра, Ҳу Цзинтао Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ниятларини қўллаб-қувватлашини ҳамда БМТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш истагини билдирган.

ЎзА маълумотига кўра, президент Каримов ҳам Хитойнинг яқин дўсти экани, икки томонлама ҳамкорлик ривожига қўшган улкан ҳиссасини юксак қадрлашини ва ушбу учрашув томонларни қизиқтирган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият эканини алоҳида таъкидлаган.

Икки давлат раҳбари ўртасидаги мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий, маданий-гуманитар алоқалар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, музокара якунида Ислом Каримов ва Ху Цзинтао Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги қўшма декларацияни имзоладилар.
Икки мамлакат ўртасидаги сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш, техникавий-иқтисодий ҳамкорлик, конларни ўзлаштиришга оид ва қатор бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Хитойнинг Синхуа ахборот агентликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
XS
SM
MD
LG