Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:38

Тошкентда “Янги шаҳар" қурилади


1870 йилда шаклланган Тошкент бугунги мулозимлар таъбига ёқсмай қолган кўринади.
1870 йилда шаклланган Тошкент бугунги мулозимлар таъбига ёқсмай қолган кўринади.

Тошкент шаҳрида музей, кутубхона, ҳайкалтарошлик мажмуалари ва чор давридан қолган тарихий биноларнинг бузилиши 1992 йили коммунизм тимсолларига кураш тадбири доирасида бошланган эди. Кейинги ўн йил ва айниқса кейинги тўрт ой Тошкентдаги бузилишлар суръати ошгани кузатилди. Тошкентдаги геология музейининг мармар биноси, Навоий кўчасидаги расталар бузилиши “Ўртоқ” қандолат фабрикаси каби улкан корхоналар бузилишига омухта бўлди. Йил бошида Тошкент шаҳар ҳокими ишдан олинганида шаҳарликлар, ҳойнаҳой ҳоким шаҳардаги бузилишлар учун жазоланди деб ўйлашди. Аммо ҳоким алмашгани билан шаҳардаги бузилишлар суръати пасаймади. 1966 йил Тошкентни зилзила вайрон қилган эди, ҳзир бу ишни Бош вазир “янги шаҳар қуриш” баҳонасида қилмоқда деди Озодлик билан суҳбатлашган Тошкент генплан идораси мутахассиси.


“Шаҳарни биз бузаëтганимиз йўқ. Шаҳарни нега бузаяпсиз, деган савол билан Бош вазирга ва Тошкент шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилинг”, дейди Тошкент Бош лойиҳа (генплани) идораси мутахассиси Тамара Михайлова.

Суҳбатдош Тошкент шаҳри ўта савиясиз тарзда шошма-шошарлик билан бузиб вайрон қилинаëтгани ҳақидаги мутахассислар фикрига қўшилишини айтди:

- Мен мутахассислар фикрига мутлақ қўшиламан. Бузилишлар ноилмий асосда амалга оширляпти. Биз ҳеч нарса қила олмаймиз. Биз бош вазир ва шаҳар ҳокимияти буюртмасини бажармоқдамиз холос,- дейди Тамара Михайлова.

Унга кўра, 1966 йилги зилзиладан кейин таниқли меъморлар А. Ванке ва В. Вараксинлар Тошкентни бош лойиҳа асосида янгидан қуришган. Меъморлар шаҳарнинг ягона ва бетакрор бинолар, кенг йўллар ва яшил хиëбонларга уйғун бўлишини таъминлашган. Совет даврида Тошкент замонавий шаҳарсозликнинг яхши намунаси сифатида кўрилган ва уни қурган меъморлар СССР давлат мукофотига лойиқ кўрилган.

Шаҳарни бузиш учун етарли илмий сабаблар йўқ, дейди Тамара Михайлова.

Ўзбекистонлик таниқли меъмор Муҳиддин Воҳидов Озодлик билан суҳбатда бугунги ҳаракатлар шаҳар қиëфасини янда чиройли қилиш мақсадида бўлаëтганини айтди.

- Фикрлар бўлиши мумкин конечно. Аммо конкретно нима бўйича?

Озодлик: Бугунги шаҳар қиëфасини сиз қандай кўрасиз? Тошкентга одам бошқа жойдан келса, қандай иморатлар бўлиши керак бу шаҳарда?

- Современний бўлиши керак, чиройли бўлиши керак,- дейди Муҳиддин Воҳидов.

Янгисини қурмасдан эски уй хархашаси

Мазкур қарорга имзо чеккан ҳоким Тўхтаев ишдан ҳайдалди, лекин Тошкентда уй ва биноларни бузиш кампанияси давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимиятидаги исми сир қолишини истаган манбанинг айтишича, Пахтакор метроси орқасидаги “Ўқчи”, “Олмазор” ва “Чақар” маҳаллалари ўрнида “Янги шаҳар” деган бизнес комплекси қурилади.

Эслатиб ўтамиз, бизнес комплекс қуриладиган ҳудудда 10 мингдан зиëд аҳоли истиқомат қилади.

Хўш, уларнинг тақдири нима бўлади?

Тошкент ҳокимиятидаги суҳбатдошга кўра, бу маҳаллалар ҳудуди 2006 йилда Jisong Korea Industrial Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасига сотилган. 2016 йилда бу ҳудудда 24 қаватли офислардан иборат бизнес комплекс қад кўтариши керак. Уйи бузилганларга эса Сирғали машина бозори ëнидан уй қуриш учун жой ажратилган.

Навоий кўчасидаги расталар ва унга туташ Геология музейининг бузилиши ҳам “Янги Тошкент” лойиҳаси билан асосланди.

Фурқат, Ботир Зокиров, Абай, Ўзбекистон, Навоий кўчаларида истиқомат қилаëтган аҳоли вакиллари марказдаги уй ўрнига Сирғалидан ер ўрни олганига рози эмаслигини айтишмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Уйлари бузилган ва ер участкалари жамоатчилик фойдасига олиб қўйилган фуқароларга товон тўлаш бўйича низом” асосида тузилган комиссия ишидан аҳоли норози. Шаҳар марказидаги 5 хонали уйидан қувилаëтган Муяссархон Раҳимова товон тўлашдаги адолатсизликдан нолийди.

- 2006 йилда маҳалламиз бузилишни бошлаган эди. Уйлар бузилдида, мана иккита хонадон қолганда жуда ҳам сарсон қилиб юборишди. Пул берганда озгина пул беришди. Кўнмаган эдим. Озгина қўшинглар деганимда қўшмаган эди. Энди ҳозир мени мажбуран болаларим билан касал ҳолимча домга тўртинчи этажга уйимизни бузиб чиқариб юбормоқчи. Судда умуман қулоқ солишмаяпти. Беш хонали уйни 15 йилда қурдим. Эр-хотин фақат меҳнат билан қурганмиз. Ҳозир бир тийин қилиб бу меҳнатимизни қаëқдаги эсдки домга чиқариб қўймоқчи,- дейди Муяссархон Раҳимова.

Муяссархон Раҳимовага кўра, ундан катта авлод тошкентликлар 1966 йилдаги зилзила оқибатида уйлари бузилиб “дом”ларга кўчишга мажбур бўлганини эслайди.

“Аммо одамлар ўшанда бунинг табиий офат оқибати эканлигини тушунишган эди”, дейди суҳбатдош.

Тошкент Генплани мутахассиси Тамара Михайловага кўра, ҳозирги уй бузишлар ортида кимнингдир бизнес манфаатлари ëтибди ва шаҳарсозлик қадриятлари бу манфаатлар қурбони бўлмоқда.

Буз-бузалоқ, бузмаганнинг оëғи чўлоқ

Қумдан уйлар ясаб ўйнаган болалар ўйин охирида ўзлари қурган иморатларни биргаликда тепкилаб бузишади ва “Буз-бузалоқ, бузмаганнинг оëғи чўлоқ”, деб қўшиқ айтишади.

Аммо Тошкент шаҳри қумдан тикланган ўйинчоқ эмас балки исмига монанд Тошдан бўлган қадимий шаҳар.

Тошкентнинг бугунги қиëфаси 1870 йилда таниқли рус меъмори А. В. Макаров тарафидан шакллантирилди. Архитектор марказий доира атрофида ривожланган шаҳар ғоясини рўëбга чиқарди. Доира маркази ҳозир Амир Темур ҳайкали турган хиëбон бўлиб, бу хиëбон атрофи уйлар ва кўчалар билан ўралган. Азалий яшиллик манбаи чинорлар ҳам Макаров меъморий ғоясининг уйғун қисми эдии.

Ўтган йиллар мобайнида тузумлар ўзгарди. Чор даврида “Константинов боғи” деб аталган хиëбон “Инқилоб” хиëбонига, кейин эса "Амир Темур" хиëбонига дўнди.

Кауфман ҳайкали Маркс калласи билан, Маркс ҳайкали эса от минган Темур ҳайкали билан алмашди. Аммо Макаровнинг меъморий ғояси ўзгармасдан қолаверди.

Бундан икки йил бурун Макаров ғоясидаги яшил унсурга барҳам берилди. Хиëбондаги чинорлар кесилди. Ундан кейин Чор ва совет даврини эслатувчи бинолар бир-бир йиқитилди. Керенский ўқиган мактаб, Анна Ахматова яшаган уй, генерал губернаторнинг ëзги саройи, колизей биноси.

Меъморлар ижоди бўлган оригинал бинолар, хусусан Ҳамза номли театр биноси таҳрир қилинди.



“Ялла” гуруҳининг Тошкентга бағишлаб куйлаган қўшиғи акс этган кинолентада Фаррух Зокиров бошчилигидаги гуруҳнинг учоқ ойнасидан шаҳарга қараб ғурурга тўлганини кўрамиз. Ҳозир улар кўриб севинган шаҳарнинг аста-секин ғойиб бўлганига қувноқ эмас ғамгин куй басталаш мумкин.

Бир одам учун шаҳар

Шаҳарсозлик бўйича германиялик олим Томас Штайнбахга кўра, ҳозир шаҳарлар одамлар учун деган ғоя бор. Яъни марказда кўпроқ пиëдалар ва велосипедда юрадиган йўллар бўлади. Тезлик билан юришга мўлжалланган катта йўллар шаҳарни айланиб ўтади.

Тошкентда эса бунинг том тескарисини кўрамиз. Шаҳар маркази президент тушган эскортнинг зудлик билан юриши учун қурилган эстакада ва йўллардан иборат пойга майдонига менгзади. Ҳатто Навоий кўчаси ўртасидан девор ҳам тиклашди. Мабодо жаноб олийлари ўтаëтганида ҳеч ким йўлни кесиб ўтмасин деган маънода. Президент трассаси Тошкентнинг энг муҳим аломатига айланди.

Герострат меросхўрлари

Тошкентда туғилган ва 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин шаҳарнинг вайроналар қўйнидан қад кўтарганига гувоҳ бўлган Генплан мутахассиси Тамара Михайлова назарида, бугун Тошкентни бузаëтганлар Герострат каби тарихда ëмон от қолдиришади.

Қадим замонда Герострат деган одам ном чиқариш учун дунëнинг етти мўжизасидан бири бўлган Артемида иморатига ўт қўяди. Артемидани ким қургани номаълум, аммо уни бузган Герострат тарихда бузғунчилик тимсоли сифатида қолди.
XS
SM
MD
LG