Линклар

Доллар тушди, сўм қадрсизланди, олтин қимматлади

  • Садриддин Ашур

Доллар қадрсизланишда сўмни қувиб етолмаяпти.

Доллар қадрсизланишда сўмни қувиб етолмаяпти.

Жаҳон бозорида доллар курси тушиб кетаётган бир пайтда, ўзбек сўмининг долларга нисбатан қадрсизланиши рекорд даражага етди.


Жаҳон бозорида АҚШ долларининг нархи тушишда давом этмоқда. 20 апрел куни евро-доллар ўртасидаги тафовут 2011 йилдаги максимум даражага кўтарилди. 1 евро 1,45 АҚШ долларига сотилди.

Жаҳон бозорида доллар курси тушиб кетаётган бир пайтда, ўзбек сўми янада қадрсизланмоқда. Ўзбек сўмининг қадрсизланиши янги рекордни урди.

Тошкент шаҳридаги бозорлардан бирида тадбиркорлик билан шуғулланадиган Асрорга кўра, йил бошидан буён ўзбек сўмининг долларга нисбатан қурби анча тушиб кетган:

- Ҳозир долларчи болалардан сўраб аниғини билдим. Бир долларнинг сотилиш нархи 2470 сўм, сотиб олиш эса 2450 сўм. Шу кунларда 20-30 сўмга ошибди,- дейди тадбиркор Асрор.

Тадбиркорга кўра, Ўзбекистон қора бозорида долларнинг ўзбек сўмига нисбатан қиймати рекорд даражага кўтарилди ва пулфурушларнинг башоратларига кўра, яқин кунларда 2500 сўмга етиши мумкин.

Ўзбекистон Марказий Банки 20 апрелга эълон қилган расмий курсга кўра, 1 АҚШ долларининг нархи 1689 сўм 23 тийин қилиб белгиланган.

Жаҳон бозорида доллар қурбининг тушиб кетаётганлиги боис, аксарият сармоядорлар ўз маблағларини доллардан олтинга айлантиришга ҳаракат қилмоқда, бу эса ўз навбатида олтиннинг қимматалшишига сабаб бўлмоқда.

Валюта айирбошлаш бозорини таҳлил қилувчи "Forex" тизимига кўра, 20 апрел куни 1 унция олтин (31.10 грамм) 1500 долларга сотилган. Ҳонконг бозорида эса бир унция олтин нархи 1550 долларга чиққан.

Сирғали туманидаги хусусий заргарлик дўконларидан бирининг шахси ошкор этилмаслигини сўраган сотувчисига кўра, сўнгги беш йилда дунёда олтин нархи уч бараварга кўтарилган:

- Мана жаҳон нархидан ҳисобласангиз, 1500 доллар. Бир унцияси 31,10 грамм. Ҳисобласангиз, бир грамми 48 доллару 23 цент чиқаяпти. Бу энди тоза тилланинг нархи. Тўртта тўққизнинг нархи. Жуда ҳам кўтарилиб кетиб қолди. Беш йил олдин 450-500 доллар бўларди бир унцияси. Ўтган беш йил ичида уч баробар кўтарилибди.

Озодлик: Ўзбекистонда ҳам шундайми?

- Ўзбекистоннинг нархларини билмайман рости. Фақат изделиенинг нархи шунақа. Шунга қараб кўтарилиб келаяпти,- дейди заргарлик буюмлари дўкони сотувчиси.

Ўзбек сўмининг қурби кун сайин тушиб бораётганлиги сабаб, ўзбекистонликлар ўз жамғармаларини долларда ва олтинда сақлашни афзал деб биладилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG