Линклар

logo-print

Еримга ҳокимлар эга чиқаяпти

  • Барно Анвар

Самарқандлик Абдураҳмон Аҳмедов 20 йилдан буён парваришлаётган ва айни кунда авжи гулга кирган боғи маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан кесилаётганини айтади.

Самарқандлик Абдураҳмон Аҳмедов 20 йилдан буён парваришлаётган ва айни кунда авжи гулга кирган боғи маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан кесилаётганини айтади.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган самарқандлик Абдураҳмон ака узоқ йиллар эгалик қилган ерини ҳокимият тортиб олаётганидан шикоят қилди.

Газ муаммосини БМТ ҳал қилиб берармикан?


“Эркин микрофон” эшиттиришига Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан телефон қилган, “эҳтиёт-шарт исмимни айтмасам” деб гап бошлаган тингловчимиз "сийқаси чиққан газ танқислиги муаммосини фақат айтган билан фойдаси йўқ" дея бир таклифни ўртага ташлади.

- Бизда энди газ масаласида, свет масаласида жуда ҳам муаммолар кўп-да. Айниқса газда. Бизда мана 10 йил бўлаяпти - газ йўқ. Газ фактический ëқилмаган бизда. Компютерга мен 5-6 йил олдин борганимда бизнинг счëтчикда 1500 куб газ ëзилган эди. Кейин мен бориб кўрсам, 3689 ëзиб қўйибди. Мен: “Буни қаердан олдингизлар?” деб айтдим.

Озодлик: Уйингиздаги счëтчикда 1500 куб эди-а?

- Ҳа. Марказдаги компютерни бориб кўрсам, 3689 деб ëзиб қўйибди. Мен “Қаердан олдингизлар буни? Битта назоратчи бориб эшикнинг ëнида туриб счëтчикни кўрмаган бўлса”, деб айтдим. Мен қаттиқ туриб, ўчириб ташлади. Бир-икки йилдан кейин борсам, яна ўша аҳвол. Ана шунақа кўзбўямачиликлар. Қўнғироқ қилганимнинг боиси шундан иборатки, агар имконият бўладиган бўлса, сизлар энди эфирда қўясизлару бу нарсани ҳал қилишга сизларда имконият йўқ-да. Агар имкони бўладиган бўлса, БМТга инсон ҳуқуқлари бўлимига қандайдир билдирсангизлар, чорасини қилиб берса.

Озодлик: БМТ қандай қилиб ҳал қилиб бериши мумкин сизга?

- БМТ қандай ҳал қилиб беришини билмадим, қандайдир тўғри келганда ҳар йил ҳисобот бўлади-ку, ўшани қандайдир таъсир қилиш чораси борми, деган фикрни айтмоқчи эдим-да. "Чиқмаган жондан умид" деган гаплар бор. Ўзбек халқи эртанги кунга ишонувчи инсон. Биласиз буни, - дейди каттақўрғонлик суҳбатдош.


"Кимошдида сотиб олган еримни ҳокимият тортиб олмоқчи"

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан телефон қилган Абдураҳмон Аҳмедов эса пенсияга чиқишига бир неча йил қолганда сўнгги 20 йилдан ортиқ вақтдан буён унинг қўлида бўлган, бир вақтлар кимошди савдосида сотиб олган ерини ҳокимият тортиб олаётганидан норози бўлиб сўзлади.

- Илгари иккита боғ бор эди. Менинг телефон қилаëтганимнинг сабаби гуллаб турган боғни ҳозиргача кесаяпти. Шундай гуллаб турибди. Боғим эскиргани йўқ, қаригани йўқ.

Озодлик: Ҳозир биз гаплашиб турган пайтда ҳам кесишаяптими?

- Ҳа, кесишаяпти.

Озодлик: Ким кесаяпти?

- Овозини эшиттирайинми? Фашистлар шу ишни қилгани йўқ. Бизларга у куни райондан буйруқ берди, “Давай, текисла, кес, пахта экамиз” деди. Мен бу боғни бегона жойдан келиб сотиб олганман. 1984 йилда қўшни райондан келдим. 1998 йилда беш гектар жойни Самарқандда аукциондан сотиб олдим ўз пулимизга. Қўшни райондан келганим учун мен чайлада ëтиб юрдим. Каттайтириб, эскирганининг ўрнига янги ниҳоллар экиб, кўпайтириб келдим. Ҳозирги кунгача отчëтларни топшириб келганман. Мана пенсия ëшига бир-икки йил қолганда бизларни итдай кўчага улоқтириб ташлади.

Озодлик: Ҳозир тўрт гектарини олиб қўйишдими?

- Ҳа, ҳозир тўрт гектарини ажратиб ташладик. "Бир гектар жойни бераман", деяпти. Лекин “Уни ҳам суғуриб ташлайсан, бошқа жойдан бераман” дейди. Шунча йил ëшлигимни шу давлат учун, мустақиллик учун сарф қилдим. Энди қариганда кераксиз деб, кўчага улоқтирди кучукдай. Коллежни битирганларга, ëшларга бераяпти. Бизлардай қарияларни пенсияга яқин қолганда қувғинга олаяпти. Қуваëтганда ҳам тинчгина қувмаяпти булар. Бор-йўғимизни шилиб, яп-яланғоч қилиб кўчага ҳайдаяпти. Менга уч йил қолган, хотинимга бир йил қолган пенсияга, - дейди Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидан телефон қилган Абдураҳмон Аҳмедов.


"Келаётган сувнинг йўлини тўсишди"

Озодликнинг "Эркин микрофон"ига Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан телефон қилган Шавкатжон Ўрмонов эса бир неча йиллардан бери курашиб, сенатор Светлана Ортиқова ҳам аралашгани ортидан ўзи яшаётган ҳудудга тоза ичимлик сувини олиб келиш муаммоси деярли ҳал бўлган бир кезда уни маҳаллий раҳбарлар яна тўхтатиб қўйгани ҳақида сўзлади.

- Ҳаммаси бўлган эди. Президентдан ҳаммаси тасдиқланган, Светлана опа ҳам ëрдам берган эди. Вилоят ҳокимига хат келди. Ҳал қилиш учун жўнатилган. Ҳужжатлар ҳаммаси бўлган. 2011 йил дастурига киритилди 200 метр тармоқ тортиш ва битта қудуқ кавлаш. Биттаси кавланди Қашқар қишлоғига. Энди Кулан деган қишлоққа кавлаяпти. Бешариқ шаҳар бўлгани учун “шаҳарга мумкинмас” деган нарса бўлди.

Озодлик: Ташаббусни сизлар шаҳарда туриб бошладинглар, лекин сизларга қудуқ қазилмаяптию ëнинглардаги қишлоқларга қазилаяпти, шунақами?

- Ҳа, уларга мумкин экан. Нимага десангиз, қишлоққа бўладиган нарса экан. Биз документалний президентга ëзганмиз, Светлана опага ëзганмиз. Кеча туман ҳокимлигига вилоят ҳокимининг ўринбосари тўртта одам жўнатиб “Ака, қиламизу ҳозир эмас” деб бизга қолганда бизни ажратиб қўяяпти-да.

Озодлик: 2011 йил олдиндаю ҳали. Балки йил охиригача қилиб беришар?

- Йўқ, дастурга киритилган нарсани олиб ташлаяпти. Олиб ташлаб бўлди. Тошкентга бор, Светлана опанинг олдига бор. Тошкентгача ўзим борганман. Фарғонага неча марта бораяпман. Ҳаммаси чўнтакдан кетаяпти. Президентимиз шунча халқимизга яхшилик қилаëтган бўлса, кимдир ғайриқонуний равишда қаршилик қилаяпти, - дейди Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан телефон қилган Шавкатжон Ўрмонов.


"Одамларга фойдали гапларни гапирайлик"

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан қўнғироқ қилган Ҳамдам Қодиров эса куни кеча дастуримизда сўзлаган ёзёвонлик тингловчи фикрларига эътироз билдирди.

- Кеча ëзëвонлик бир ҳожининг гапини эшитиб қолдим-да. Диний маълумоти йўқлиги аниқ бўлиб турибди у кишининг гапларидан. “Мана, тинчликни асраб турибди Каримов бува, унақа, бунақа” деди-ку кеча. Майли, биз Каримовни ëмон демоқчи эмасмиз. Каримов тинчликни асраëтгани учун раҳмат. Лекин у одамнинг ҳар хил гапларни бутун жаҳонга тарқатадиган радиога гапиришлари нотўғри, деб ҳисоблайман-да мен.

Озодлик: Нимага нотўғри, деб ҳисоблайсиз?

- Нотўғри деб ҳисоблашимнинг маъноси ҳатто "Ҳажга бориш йўлланмасини олмагунимча, мен намоз ўқимаганман", дейди. Мен ўзим давлатнинг ишларида ҳам ишлаганман, лекин ўзимни диний одам, деб ҳисоблайман. Шу ҳисобдан намоз ўқимаган одам ҳар хил гапларни, диний томондаги гапларни тушунмаслигини аниқ, деб ҳисоблайман-да. Шунинг учун ҳар хил гапни гапирмасдан, аввал ўйлаб, жаҳонга, жаҳондаги халққа, асосан, ўзимизнинг Ўзбекистондаги халққа нафи тегадиган бўлса, гапириш керак-да. Бўлмаса, гапирмасдан уйда ўтиравериш керак, - дейди ургутлик Ҳамдам Қодиров.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG