Линклар

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида экспорт-импорт ҳажми қисқарди

  • Гулнора Равшан

Маҳаллий савдогарларнинг айтишларича, Тожикистон бозорларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган саноат молларинигина эмас, озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам харидори кўп.

Маҳаллий савдогарларнинг айтишларича, Тожикистон бозорларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган саноат молларинигина эмас, озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам харидори кўп.

Тожикистон Божхона қўмитаси Ўзбекистон билан ташқи савдо ҳажми сўнгги бир йил ичида кескин қисқарганини қайд этди.

Мазкур идоранинг жорий йил биринчи чораги бўйича ҳисоботига кўра, икки қўшни давлат ўртасида олди-берди ўтган йил шу даврига нисбатан тахминан 24 фоизга қисқарган.

Ўзбекистон билан аввалгидек олди-берди қилинмаяпти

Тожикистон Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Неъматбой Раҳматов жорий йил уч ойи давомида Ўзбекистон билан савдо алоқалари аввалги йилларга нисбатан ёмонлашганини билдирди.

- Жорий йилнинг уч ойи давомида Ўзбекистон билан олди-берди 11,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Жумладан, импорт 300 минг долларни ташкил қилди. Агар божхона статистикаси маълумотларига назар ташласак, ҳақиқатан Ўзбекистон билан ташқи савдо ҳажми кескин қисқаргани гувоҳи бўламиз, - дея билдирди тожик расмийси Неъматбой Раҳматов.

Айтилишича, ўтган йил биринчи чорагида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан хорижий савдо ҳажми 15 миллион доллардан ортиқроқ маблағни ташкил қилган.

Аснода Тожикистон иқтисод ва савдо вазирлиги ҳам қўшни Ўзбекистон билан савдо-сотиқ ҳажми қисқарганидан огоҳлантирмоқда.

Мазкур вазирлик масъулларидан бири Озодлик мухбири билан хос суҳбатда бунинг сабабини икки давлат сиёсий муносабатларидаги вазият билан изоҳлади.

Жорий ҳафта бошида маҳаллий ва хорижий журналистларни бир давра суҳбатига тўплаган Тожикистон президенти қошидаги Стратегик марказ раиси Суҳроб Шарипов ҳам сўнгги бир йил давомида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан муносабатлари ташвишланарли ҳолатга келиб қолганини айтганди.

Ўзбекистон маҳсулотларига эҳтиёж катта

Айни пайтда Тожикистон бозорларида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларию саноат моллари орасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўплаб учратиш мумкин.

Душанбелик Ҳайдарали ота бунинг сабабини ўзича таҳлил қилади.

- Бозорларимизда Ўзбекистоннинг моли кўп. Ўзбекистон молига талаб катта. Чунки у тоза пахтадан ишланган. Хитойдан келаётган газламалар ҳеч нарсага ярамайди. Мана шу пол ювадиган матоҳ ҳам пахтадан. Буни ҳам Ўзбекистондан олиб келамиз. Агар бу капрон бўлса, сувни ўзига тортмайди. Ўзбекистонда ишланган молларнинг сифати яхшилиги учун унга эҳтиёж катта, - дейди Душанбе бозорларида баззозлик билан шуғулланувчи Ҳайдарали ота.

Тожикистонликлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган саноат молларинигина эмас, балки озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам яхши харид қилаётгани кузатилади.

Фикримизга Самарқанд вилояти ва Фарғона водийсидан олиб кирилаётган эртанги полиз маҳсулотлари мисол бўла олади.

Роҳи оҳан: Ўзбекистон билан боғлиқ муаммолар бартараф қилинди

Айни пайтда Тожикистон темир йўллари ширкат масъуллари Ўзбекистон билан боғлиқ муаммолар батамом бартараф қилинганини эътироф этмоқдалар.

Мазкур идора раис ўринбосари Усмон Қаландаровнинг таъкидлашича, ўтган йили маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари бош мавзусига айланган “ўзбек-тожик баҳси”га аллақачон сўнгги нуқта қўйилган.

- Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида вагонларимиз ўтган йили бўлгани каби ушлаб қолинаётгани йўқ. Бизга тегишли ҳамма вагонлар - у қайси маҳсулот тури бўлмасин - ўз вақтида етказиб турилибди. Албатта бир-икки кун тўхтатиб қолинаётган вагонлар бор. Лекин, бу ҳам бўлса, савдогарларимиз айби билан бўлмоқда. Чунки улар вагонга бошқа юк ортади, божхона ҳужжатларида эса мутлақо бошқа юкни кўрсатишади. Аслини олганда, Ўзбекистон билан муаммоларимиз аллақачон ҳал бўлган, - деди Тожикистон темир йўллари масъули Қаландаров 20 апрел кунги матбуот анжуманида.

Тожик расмийси Ўзбекистон ҳудудида тожикистонлик тижоратчиларга тегишли юк вагонлари ўзбекистонлик чегарачилар ва божхоначилар томонидан талон-тарож қилинаётганига оид даъволарда асос йўқлигини қўшимча қилди.

Подшоҳларимизга инсоф берсин!

Айни пайтда тожикистонлик савдогарлар ўзбекистонлик божхона ходимлари “ишнинг белига тепаётгани” дан шикоят қилади.

Аввалроқ суҳбатга тортганимиз Ҳайдарали отанинг айтишича, Ўзбекистондан маҳсулот олиб чиқиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

- Ўзбекистон савдо ишларида одамни кўп овора қилади. Иккита мелисаси чиқса, дўқ уриб, қўлингиздан молингизни тортиб олади. Документингиз бўлган тақдирда ҳам сизни эзиб ташлайди. Улар билан муомала қилиб бўлмайди, муомалага тушунмайди улар. Мана одамлар вагон-вагон мол олиб келаяпти, таможнийлар вагонларнинг полмбаларини очиб, молларимизни тушириб қолаяпти, - дея зорланар экан умри савдо билан ўтган Ҳайдарали ота подшоҳларга инсоф тилашини қистириб қўйди.

Муқобил йўлларни ишга солиш керак

Тожикистонлик иқтисодчи, Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини кўп йиллардан буён кузатиб келаётган мустақил таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров Ўзбекистон Тожикистон билан ўзаро муносабатда “отдан тушса ҳам, эгардан тушмаслик” принципига асосланган ҳолда иш тутаётир, дея мулоҳаза билдиради.

- Кўпдан буён чўзилиб келган вагон жанжали битди. Лекин бошқа жанжал бошланди. Масалан, Ўзбекистон томонидан газ нархининг яна 20 АҚШ долларига оширилгани сабабли ўзбек зангори оловига катта эҳтиёж сезаётган йирик саноат корхоналаримиз касод бўлаётир. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энергетика тизимидан чиқиб кетиши иқтисодиётимизга миллионлаб сомоний зарар етказди. Албатта бу Ўзбекистон давлат корхоналарининг айби билан эмас, балки “юқори”дагиларнинг шахсий амбициялари туфайли содир бўлаётир. Менимча, Тожикистон ҳукумати ўз муаммоларини ҳал қилиш учун кўпроқ муқобил йўлларни излаши лозим, - дейди иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов фикрича, Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида имзоланган бир қатор ҳамкорлик шартномалари қоғоздан амалга кўчмаган. Таҳлилчига кўра, Ўзбекистон томони Тожикистон олдидаги халқаро мажбуриятларини ҳам бажармаяпти.

Бироқ ўзбек расмийлари бунинг аксини таъкидламоқдалар. Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоислом Шоқосимов сўнгги йиллар ўзбек-тожик муносабатларида яхши томонга ўзгаришлар бўлаётганини айтади.

Хусусан, Ўзбекистон расмийсига кўра, маданий, иқтисодий алоқаларда мавжуд “кўп йиллик музлар эриган”.

Шоислом Шоқосимовнинг Озодликка маълум қилишича, шу йил октябрида МДҲ давлат раҳбарларининг Душанбе шаҳрида ўтажак саммитига Ўзбекистон президенти Ислом Каримов келиб, тожикистонлик касбдоши Имомали Раҳмон билан учрашган пайтда қатор масалалар ҳал қилиб олиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG