Линклар

Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқин қамалди


Мўътабар Сулаймонованинг турмуш ўртоғи ҳам ҳозирда Олмаотадаги ҳибсхонада, экстрадиция хавфи остида қолмоқда.

Мўътабар Сулаймонованинг турмуш ўртоғи ҳам ҳозирда Олмаотадаги ҳибсхонада, экстрадиция хавфи остида қолмоқда.

Ўтган йилнинг 30 октябр куни Қозоғистон Ўзбекистонга экстрадиция қилган Тожикистон фуқароси Умарали Абдураҳмонов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.


Амнистияга тушмаслик шарти билан ўн йиллик қамоқ

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманидан бўлган 36 ёшли ўзбек йигити Умарали Абдураҳмонов Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-модданинг 2-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланиб амнистияга тушмаслик шарти билан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бу ҳақда Умаралининг синглиси Мўътабар Сулаймонова Озодликка маълум қилди.

Айни пайтда Олмаотадаги қочқинлар сафида бўлган Мўътабар Сулайманова акаси Умаралига Тошкент вилояти Оҳангарон туман суди чиқарган ҳукмини қўлга киритган.

- 10 йилга озодликдан маҳрум қилишибди акамни Ўзбекистон ҳукумати. Қуруқ туҳматдан иборат нарсалар. Ҳукмни ўқиб чиққанда мен шу нарсага нима бўлдим. Бир факт ë бир нима йўқ айбдорлигига. Ўзбекистон акамни конституцияга қарши тажовуз уюштириш, ноқонуний жамоат тузиш, мана шунақа айблар билан айблашган. Ўзбекистон ҳукумати 10 йилга озодликдан маҳрум қилинишига сабаб деб фақат 2004 йили катта акаларимнинг уйига келишганда Ўзбекистоннинг нашриëтидан чиққан битта-иккита китобчалар билан асослаган. Бошқа ҳеч қанақа факт, далил йўқ. Ваҳоланки учта гувоҳ ҳам яхшилик гувоҳи берган. "Ҳеч қанақа давлат тўнтаришига ëки Ўзбекистон ҳукуматига қарши ë бир жамоат тузиб, жамоатга бирор-бир нарса ўргатганлик, бу одамда бунақа нарсалар кўрмадик" деб гувоҳлик берган гувоҳлар,- дейди Мўътабар Сулаймонова.

Умарали Абдураҳмонов ўтган йилнинг 22 март куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Тараз шаҳрида ҳибсга олинган эди.

Етти ойлик ҳибсдан сўнг Қозоғистон ҳукумати тожикистонлик қочқин Умарали Абдураҳмоновни расмий Тошкент ихтиëрига топширди.

Қийноқ ҳақидаги даъволар

Мўътабар Сулаймонова акаси Ўзбекистонга экстрадиция қилингач, унга нисбатан қийноқлар қўлланилганини тахмин қилади.

- Ўша ҳукмда ëзилишича, акам судда “Тергов пайтида мен беҳуш эдим. Қоғозларга қўл қўйдиришди. Мисол учун Ўзбекистон ҳукуматига қарши, Конституцияга қарши ëки бўлмаса ўша портлатишларми, ҳеч бунақа нарсага алоқам ҳам йўқ, бунақа қилиш ниятим ҳам йўқ” деб суд залида очиқдан очиқ гапириб ўтган акам. Ўзбекистондаги қийноқларнинг кўплигини эшитиб, тергов пайтида қўл қўйдирганига қараганда қийноқ бўлгандирки, қўл қўйиб берган деб ўйлайман. Бўлмаса амнистия қўлланилмаслик шарти билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш учун, шу нарсага қўл қўйиб беришлик учун, билмадим, ақли расо одам ўз ўзидан шу нарсага рози бўлмайдику, қилмаган жинояти учун,- дейди Мўътабар Сулаймонова.

Қозоғистондаги ўзбек қочқинларини қутқариш қўмитаси вакили Аҳмад Ийсо ҳам Умарали Абдураҳмоновнинг тергов давомида қийноқларга тутилганига шубҳа қилмайди.

- Умарали Абдураҳмонов экстрадиция қилинганидан беш-олти ой ўтиб, мана энди суд бўлиб қамалганлиги ҳақида хабар келди, шунгача у бечора не қийноқлардан ўтмаган экан. Чунки Ўзбекистон мунтазам равишда қийноқлар қўлланиладиган мамлакат деб тан олинган. Аниқ бир фактларга ҳам эга эмасмиз, лекин гумонимиз шуки, албатта Абдураҳмоновга қийноқлар қўлланилган бўлиши керак,- дейди Аҳмад Ийсо.

Тожикистон фуқароси бўлган Мўътабар Сулаймонованинг тўрт акаси диний ва сиёсий айбловлар билан Ўзбекистон қамоқларига ташланган.

29 қочқин билан боғлиқ вазият

Айни пайтда Мўътабар Сулаймонованинг эри Турсунбой Сулаймонов Олмаота ҳибсхоналарида қолаётган 29 қочқиндан бири бўлиб, экстрадиция хавфи остида қолаяпти.

Ўзбекистон томони тожикистонлик 35 ёшли Турсунбой Сулаймоновни террорчиликда айблаб, қидирувга берган.

Тошкентлик Умида Азимова ҳам Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган турмуш ўртоғи 37 ёшли Тоҳиржон Абдусаматов тақдиридан хавотир билдиради.

Умида Азимова эри сиёсий айблар билан 5,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаб озодликка чиққанидан кейин ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан таъқиблар тўхтамагани ва қариндошларининг кўпчилиги ҳибсга олингани боис Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлишганини айтади.

Олти йилдан буён тўрт боласи билан қочқинликда яшаётган Умида Азимова ҳозирда Олмаотадаги ўзбек қочқинларининг барчаси хавотир остида яшаётганини айтади.

- Ҳозир 14та одам КНБ (МХҲ)да сақланаяпти. 15та одам тергов изоляторида сақланаяпти. Бизларга маълум бўлишича, ҳибсдагиларга Ўзбекистондан айбловлар келган. Шахсан менинг турмуш ўртоғимга нисбатан 159-модда қўйилган. Кейин 244-модданинг биринчи банди. Шу моддаларга асосан турмуш ўртоғимга нисбатан 2006 йил охири 2007 йил бошларида қидирув эълон қилинган. Қозоғистон ҳукумати ҳеч қанақа айб билан айбламаган, лекин ушлаб турибди экстрадиция запросига биноан. Бизлар экстрадицияни тўхтатиш бўйича район судига мурожаат қилдик, кейин шаҳар судига мурожаат қилдик. Бош прокурорнинг қарорини ҳеч ким бекор қилмади. Ҳозир экстрадиция бўйича судлар тамом бўлди. Энди бу ëғига нима қилиш кераклигини билмаяпмиз. Ҳукумат ичидаги барча органларга ëзма мурожаат қилдик, илтимосномалар ëздик. БМТнинг бош қароргоҳига бир неча марта мурожаатномалар ëздик. Лекин натижа йўқ,- дейди Умида Азимова.

Олмаота ҳибсхонасидаги 29 қочқин ўтган йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу қочқинларни оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, экстрадиция қилинишини сўраган.

Қозоғистон жанубий пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини Олмаота шаҳар миграция департаменти ўтган йили рад этганди. Ўзбек қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнгида Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди томонидан ҳам рад этилди.

2010 йилнинг 8 сентябр куни Олмаота шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Ташкенбай Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарганини билдирганди.

Март ойида Олмали туман суди Қозоғистон бош прокуратурасининг 29 ўзбек қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича қарорини қонуний деб топди.

14 апрел куни куни ўтган маҳкамада Олмаота шаҳар суди судяси Ермахан Дилдабаев Олмали туман судининг мазкур қарорини тўғри деб топиб, уни ўз кучида қолдирди.

Олмаотадаги ўзбек қочқинлари ҳимояси учун

Қозоғистондаги ўзбек қочқинларини қутқариш қўмитаси вакили Аҳмад Ийсо 29 қочқиннинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш улар ҳаёти учун ҳавфли деб ҳисоблайди.

- Ҳозир бу ўзбекистонлик қочқинларнинг устида турган экстрадиция хавфи яна ҳам кучайди. Чунки суд яна улар фойдасига бўлмади. Абдураҳмонов Умаралининг тақдири, у билан бўлган воқеа 29та қочқинга ҳам қўлланилиши мумкин бўлган хавф бўлиб турибди. Биз яна Қозоғистон ҳукуматини, у ердаги барча умуминсоний ташкилотларни ўзбек қочқинларининг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирамиз. Хусусан Қозоғистон президентини бу қочқинларнинг тақдирини яна ҳам яқинроқ ўргансин деб илтимос қиламиз. Чунки экстрадиция қилиб юборилса, буларга 10-15 йил қамоқ жазоси нақд қилиб қўйилган. Биз аминмизки, буларга Ўзбекистонда аллақачон ишлар тикилиб, буларга айбномалар эълон қилиниб, бориши билан тайëр суд ўтказиб қамаб юборса керак Умаралига ўхшаб,- дейди Аҳмад Ийсо.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларининг Қозоғистондан бадарға қилинишию Ўзбекистонга қайтарилиши улар ҳаёти учун хавф экани ҳақида инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар бир неча бор баёнотлар тарқатган.

Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган вақт мобайнида Қозоғистоннинг ўзида ҳамда Европа ва Америка қитъасининг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра, расмий Остона шу пайтгача жами тўрт нафар қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилган.

Айни пайтда ҳибсхоналарда қолаётган 29 қочқин ва уларнинг оила аъзоларидан ташқари яна тахминан 10 та ўзбекистонлик оила қочқин мақоми олиш истагида Олмаотада шаҳрида дарбадарликда яшамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG