Линклар

"Банкомат бору, пулнинг ўзи йўқ"

  • Садриддин Ашур

Пластик карточкалар саноғи йўқ, банкоматда эса пул йўқ.

Пластик карточкалар саноғи йўқ, банкоматда эса пул йўқ.

Ўзбекистонда аҳолига тарқатилган пластик карточкалар сони 7,9 миллионга етди. Бироқ, ўзбекистонликлар банкоматлардан нақд пул ечиб олишнинг имкони йўқлигидан шикоят қилмоқдалар.


Ўзбекистон Марказий Банкининг биринчи квартал якунларига бағишланган йиғилишида мамлакатда 86 минг дона банкомат ва терминаллар ўрнатилгани айтилди.

Ўзбекистон Марказий банкидаги манбага кўра, жорий йилнинг биринчи кварталида пластик карточкалар орқали 2 триллион 22 миллиард сўм миқдорида трансакциялар, яъни тўловлар амалга оширилган. Ўтган йил давомида эса бор йўғи 5 триллион 200 миллиард сўм эди, дейди Марказий банк ходими.

Манбага кўра, пойтахт банкларида жойлашган банкоматлар орқали чекланган миқдордаги пулни пластик карточкалар орқали олиш мумкин. Бироқ вилоятлардаги банкоматлар ҳақида бир нарса дея олмайман, деди шахси сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.

Фарғона шаҳрида истиқомат қиладиган пенсионер Маъруфжон Абдураҳмоновга кўра, пластик карточкалардан нақд пул ечиб олишнинг умуман имкони йўқ:

- Йўқ, йўқ, йўқ. Пластик карточкадан пул керак бўлиб қолса агар, борасиз банкка. Пластик карточкалар билан ишлайдиган бўлим бошлиғига учрайсиз. Ариза ëзасиз қўлингиз билан менга шунча пул берилсин деб. Агар аризангизни қаноатлантирадиган бўлса, ундан кейин сизга банкдан пул беради. Лекин пул бермаслик эҳтимоли каттароқ. Лекин бу ерда бир қизиқ нарса борда. Қайси ташкилот, корхоналарда ишлайдиган одамлар бўладиган бўлса, пластикдан пул ечиб олиш учун 10-15 фоизини бериб олаяпмиз дейди. Шу эски ҳамкасблар ва бошқалар айтаяптида. Бу жуда қаттиқ муаммо.

Озодлик: Шаҳарда нечта банкомат бор?

- Мен Фарғона шаҳрида фақатгина миллий банкка кираверишда, зинапоядан кўтарилганингиздан кейин кираверишда ўнг томонда битта банкомат турганини кўрганман. Пенсияга чиққунимча ўша ерда менинг пластик карточкам бор эди. Ишхонадан ўтказиб бериларди. Бир марта ҳам ололган эмасман. Лекин ўша бўлимнинг бошлиғига учраб, ариза ëзиб, ҳарқалай савлатим, ҳурматим, бошқалари билан енгиб, ўша ердан 50-60 минг пулимни олиб турар эдим.

Бошқа жойларда, йирик савдо дўконлари, бозор ёки жамоат жойларида банкоматларни кўрмаган, дейди Маъруфжон ака.

- Фарғона шаҳрида бирор-бир катта дўкон дейсизми, бирор жойда мен бирорта банкнинг бирорта ишлаб турган банкоматини кўрган эмасман. Йўқ. Бу фақат банк манфаатларини ҳимоя қиладиган пластик карточкалар,- дейди фарғоналик пенсионер Маъруфжон Абдураҳмонов.

Тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев фикрича, аслида пластик карточкалар жорий қилиниши аҳолига енгиллик келтириши керак эди, бироқ бу янги ташвишлар, янги муаммолар келтириб чиқаряпти:

- Ўғлим полний карточкада 100 фоизликда. Бу бош оғриқда бу. Бу банкир-манкирлари мақтанаверади. Мутлақо олиш ўлимдан қийин. Мана заводники бор. Эрталаб учда туриб, худди уруш даврига ўхшаб очередга туриб арзимаган озгина пулини олиши мумкин заводнинг карточкаси бўйича. 84-завод. Светга тўлайдиган бўлсангиз, фақат ўша ерда филиали бор. Бошқа жойда олмайди уни. Ғирт бош оғриқ. Бу бераëтган маълумоти Ўзбекистондаги 99 фоиз ҳаммаси ëлғон. Кўзбўямачилик. На пулингизни ололасиз, ўша оладиган жойингиз билан супермаркетнинг биласизми фарқи қанча?

Анави "ўсироқлар" ўтирадида Вазирлар Маҳкамасида бижи-бижи қилиб ўтираверади. Пастга тушиб ўзи алмаштириб кўрсинчи ўшалар. Банклар ғирт аферистлар. У сизларга интервью бераверади зўр бўлаяпти ҳаммаси деб. Бу шаҳарда. Қолганини билмадим. Вилоятда бундан беш баттар бўлса керак. Тошкентда любой банкка ҳозир киринг, ўлиб қолсангиз ҳам ололмайсиз,- дейди тошкентлик пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG