Линклар

Қирғиз депутатлари жин қувди


Айрим депутатларнинг эътироф этишларича, “Жин қувиш” маросимини ўтказиш ҳақида ёпиқ эшиқлар ортида ўтган йиғилишда қарор қабул қилинган.

Айрим депутатларнинг эътироф этишларича, “Жин қувиш” маросимини ўтказиш ҳақида ёпиқ эшиқлар ортида ўтган йиғилишда қарор қабул қилинган.

21 апрел куни эрталаб Қирғизистон парламенти биносидан “жинлар ва ёвуз руҳларни ҳайдаб чиқариш мақсадида” еттита қўй сўйилди.

Депутатлар ушбу маросимдан сўнг парламентнинг иши юришиб кетиши ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган “жинлар ва ёвуз руҳлар” парламент биносини тарк этишига ишонишмоқда.

Жин қувишни ҳожи депутатлар таклиф қилган

Парламент биносида “жин қувди” маросимини ўтказиш ташаббускорларидан бири Турсунбой Бакир ўғли тадбирдан мақсад ис чиқариш бўлганини айтади:

- Бу маросимни қурбонлик келтириш масросими сифатида қабул қилиш керак. Сабаби 2010 йилдан бери Қирғизистоннинг Оқ уйида қон тўкилаяпти ҳар 5 йилда. Шунинг учун “қон тўкилмасин, тинчлик бўлсин, аҳиллик бўлсин” деган ниятда парламентдаги ҳожи депутатлар шу масалани кўтарган эдилар. Бугун 7 қўйни сўйиб, худойи ўтказдик, - деди депутат Турсунбой Бакир ўғли.

“Жин қувди” маросимини ўтказиш учун ҳар бир депутатдан 700 сўмдан пул йиғилган. Бу пулнинг бир қисмига 7 та қўй сотиб олинган, маблағнинг қолган қисми эса қарияларга, болалар уйларига тақсимлаб берилган.

- Бу оддий худойи. Мен мусулмончиликни талковать қилмай қўя қолай. Сарф-харажатни ўзимизнинг чўнтагимиздан қилдик. Сўйилган қўйларни етимлар уйларига, муҳтожларга тарқатишди. Бу тадбирни қўллаб қўйдик, ведомостга кетган пулни ойлигимиздан ушлаб қолиниши тўғрисида қўл қўйиб қўйдик, - дейди депутат Анвар Ортиқов.

Аммо қирғиз депутатларининг ҳаммаси ҳам “жин қувди” маросимини қўллагани йўқ. Депутат Ўмурбек Абдурахманов парламент биносида бундай маросимнинг ўтказилишига қарши бўлган депутатлардан бири. Унинг айтишича, 7 қўй сўйиб, худойи қилиш билан “парламент биносидан парламентнинг самарали ишлашига тўсқинлик қилаётган жинлар ва ёвуз руҳларнинг қувиб чиқарилиши”га ишониш қийин.

- “Жин қувиш” маросимини ўтказиш ҳақида ёпиқ эшиқлар ортида ўтган йиғилишда қарор қабул қилинган экан. Мен бу йиғилишга қатнашганим йўқ. “Худойига келинг”, дейишди, бироқ худойисига ҳам бормадим. Негаки, парламент бу сиғиниладиган жой эмас, бу олий ҳокимият идорасидир. Парламент биносида бақиртириб 7 та қўйни сўйишиб, ичак-чавоқларини кўтариб юришибди. Бу нотўғри иш, - дейди депутат Ўмурбек Абдурахманов

Депутатлар шомонийлик ёки тангричиликни тарғиб қилишмоқда

Қирғизистондаги таниқли диншунос олим Қодир Маликов қирғиз депутатлари ўтказган “жин қувди” маросими шариатга тўғри келмаслигини айтади.

- Шариатда 7 та қўй сўйиш, умуман, қўй сўйиш ҳақида гап йўқ. Жин ёки шайтонни қувиш учун биринчи навбатда руҳий, ахлоқий ва маънавий покланиш зарур. Яъни биринчи навбатда ният яхши бўлиши керак. Иккинчидан, жин ёки шайтонни бинодан ҳайдаб чиқармайдилар. Уни одамнинг ичидан қувадилар. Бунинг учун эса Қуръон ўқиш кифоя қилади, - дейди диншунос олим.

Суҳбатдошимизга кўра, “парламент биносидан жин ва ёвуз руҳларни қувиш” маросими исломга эмас, шомонийлик ва тангричиликка дохил амалиётдир. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, Қодир Маликов эътирофича, депутатлар ширк келтирмоқдалар ва ўзлари билмаган ҳолда, шомонийлик ва тангричиликни тарғиб қилмоқдалар.

- Афсуски, мазкур маросимнинг ўтказилиши билан жамиятимизнинг маънавияти қанчалик экани, жамиятнинг интеллектуал тараққиёти қай даражада экани билиниб қолди. Парламентда миллатнинг энг интеллектуал, маънавий етук вакиллари ўтириши лозим эди. Афсуски, ҳозирча бу орзу бўлиб қолаяпти, холос, - дейди Қодир Маликов.

Матбуот қирғиз депутатларини “жин қувди”билан табриклади

Қирғиз депутатларининг “жин қувди” маросими интернет нашрларида турли кинояларга сабаб бўлди.

“Фарғона” қирғиз депутатларини ажойиб таҳлилий ёндошув ва парламент олдига қўйилган вазифаларни конструктив ҳал қилиш салоҳиятига эга эканлиги билан қутлайди. Биз ёвуз руҳлар парламент биносини тарк этганидан сўнг бюджет камомади, инфляция, кичик бизнесни қонунан ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши кураш, криминалга қарши кураш ва бошқа масалалар самарали ҳал қилинишига ишонамиз”, деб ёзади “Фарғона ру” нашри.

Бишкекдаги “Белий парус” интернет газетаси эса мана буларни ёзади:

“Ҳа, шайтонларни доимий тарзда қувиб туриш керак. Лекин шайтонларни парламент биносидан эмас, депутатлар ўзларининг ичидан қувишлари зарур. Агар Ўтунбаева парламентни тарқатса, қўй сўйган депутатлар ошпазликка, қолган депутатлар эса шомонликка ёлланишлари мумкин”, - деб ёзади “Белий парус”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG