Линклар

Ўшда қурилишнинг иккинчи босқичи майда бошланади

  • Сарвар Усмон

2010 йил июн воқеаларида Ўшда ўзбекларга тегишли икки мингга яқин уй ёқиб юборилган эди.

2010 йил июн воқеаларида Ўшда ўзбекларга тегишли икки мингга яқин уй ёқиб юборилган эди.

Ўтган йилнинг июнида Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган тартибсизликлар давомида босқинчилар томонидан ёндириб юборилган уйларни қайта тиклаш ишларининг иккинчи босқичи келаси ойда бошланади. Бу ҳақда Озодликка Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси вакили маълум қилди. Айни пайтда Ўш шаҳри четида жойлашган Лев Толстой номидаги ўрта мактабнинг янги биносида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.


Июн қирғинидан сўнг халқаро ташкилотлар Ўшни қайта тиклаш давлат дирекцияси мувофиқлаштирувида уйсиз қолган аҳолига ички сатҳи 28 квадрат метрли 2 хонали ўтиш даври уйларини қуриб берган эди.

Жорий йил бошида тилга олинган дирекция ўша 2 хонали уйларга қўшимча уйлар қурилажаги ва оқибатда янги уйлар сатҳи 100 квадрат метрга етказилажаги тўғрисида баёнот берган.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси расмий вакили Мелис Эржигитов 3 март куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, “Қурилиш муддатлари ҳақида аниқ гап айтиш ҳозирча жуда қийин”, деганди.

Орадан бир ярим ойдан зиёд вақт ўтди. Ўшда ёз келди ҳисоб. Бироқ ўшликлардан олинган маълумотларга қараганда, қурилишдан ҳануз дарак йўқ.

- “70 метр квадрат ҳисобидаги уйлар қурилади” деган гаплар бўлаяпти. Лекин ҳали иш бошлангани йўқ, деди уйи ёндириб юборилган ўшликлардан бири, Увом бўйи маҳалласида яшайдиган Олтиной опа.

Бу опа Лев Толстой номидаги мактаб директори ўринбосари ҳамки, мактаб юзасидан саволларимизга берган жавобларини ҳам эшиттирамиз.

Ҳозирча эса, уйлар масаласи. Биз 21 апрел куни Мелис Эржигитов билан яна боғландик ва ундан мана бу хушхабарни эшитдик.

- Индивидуал уйлар қурилишининг кенг миқёсли иккинчи босқичи май ойидан бошланади, деб хабар қилди Мэлис Эржигитов.

Унинг айтишича, қурилишнинг иккинчи босқичини бошлаш олдидан ёндирилган уйлар вайроналарини батамом бузиб, қурилиш майдонини тозалаб олиш лозим ва бу иш “Ўшнинг Черемушки мавзеида бошланди, ёндирилган уйларнинг деворлари бузилмоқда”.

Биз бу информацияни текшириб кўрдик. Афтидан, жаноб Эржигитов вазиятдан тўла хабардор эмасга ўхшайди. Чунки ўшлик Иззатулло Раҳматуллаевнинг 21 апрел куни айтишича, мавзеда ҳеч қандай иш бошлангани йўқ.

- Янги йил арафасида 28 метр квадрат қурилиб битгандан кейин мана ҳозир шу бугунгача Черемушкада бирор-бир ҳаракат йўқ. Ана шу қадимгидай турибди. Ҳеч қанақа бузилишлар ҳам йўқ. Ҳамма ëқ бездвижение турибди ҳозир, деб хабар қилди Иззатулло Раҳматуллаев.

Албатта, биз дирекция вакили Эржигитовни ёлғончига чиқармоқчи эмасмиз. Чунки ундан олганимиз бошқа маълумотга қараганда, қурилиш ишлари эртага бўлмаса, индинга бошланиши аниққа ўхшайди. Чунки сарфланадиган пул нақд.

- Қурилишнинг иккинчи босқичи фақатгина битта донор – Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилади ва у 28 миллион доллар ажратди, деб хабар қилди Мелис Эржигитов.

Эслатиб ўтамиз, биринчи босқич давомида битказилган 28 квадрат метрли уйлар БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро Қизил хоч ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан молиялаштирилган эди.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати иккинчи босқичда қурилажак уйларнинг ҳажми масаласидир. Эржигитовнинг айтишича, ўтган йили қуриб битирилган 28 квадрат метрли уйнинг ёнига 72 квадрат метрли уй солинади ва умумий сатҳ 100 квадрат метрни ташкил қилади. Бироқ бу ҳамманики бир хил 100 квадрат метр бўлади, дегани эмас.
Ёндирилган уйи сатҳи 100 квадрат метрдан ортиқ бўлганларга максимум 100 квадрат метрли уй солинади. Ортиқчасига кетадиган ҳаражатни уйнинг эгаси кўтариши керак.

Айни пайтда, ёндирилган уйи сатҳи 100 квадрат метрга етмаганларга аввалги уйи ҳажмидагина уй солинади. Масалан, 11 июнгача уйнинг ҳажми 80 квадрат метр эди. Ўтган йили 28 квадрат метр солинди. Бу йил энди қолгани – 52 метри қурилади.

Уй масаласи, ҳозирча битди.

Мактабга ўтайлик. Ёндириб юборилган Лев Толстой номидаги ўрта мактаб директори ўринбосари Олтиной Тилаволдиеванинг хабар қилишича, мактабнинг янги биноси битиш арафасида.

- Мактабимиз битиб қолди. 25 майга мактабимиз топширилади деган ниятлар бўлаяпти ҳозир Худо хоҳласа. Бугун мактабнинг котелнийсини проверка қилишадиган бўлаяпти. Қўшни мактабдан кўмир олиб келишиб ëқиб хоналарнинг қанақа иссиқликларини текширадиган бўлаяпти.

Озодлик: Нечта ўқувчига мўлжалланаяпти энди мактаб?

- 340 ўқувчига мўлжалланган бўлаяпти. Агар икки сменада ўқиса, 680 одам ўқийдиган бўлаяпти.

Озодлик: Ўзи умуман Толстой мактабида қанча ўқувчи бор эди ўтган ўқув йилида?

- 847 ўқувчимиз бор эди.

Озодлик: Бу йил қанча?

- 650та ўқувчи қолди ҳозир. Бунинг боиси ўқувчилар июн воқеаларидан кейин ота-оналари билан бирга Россияга кетиб қолганлари бўлди. Шунақа нималарга боғланиб 200тадан ортиқ ўқувчи йўқ бўлиб қолдида мактабдан, дейди Олтиной Тилаволдиева.

Шу кунда эса, Толстой номидаги мактаб ўқувчилари қўшни мактаб биносида ўқимоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG