Линклар

Лукашенка йиллик мурожаат билан чиқиш қилди

  • Фаррух Юсуфий

Александр Лукашенка сўнгги президент сайловларида ҳаддан ташқари либералликка йўл қўйгани учун ўзини койиди.

Александр Лукашенка сўнгги президент сайловларида ҳаддан ташқари либералликка йўл қўйгани учун ўзини койиди.

Беларус Президенти Александр Лукашенка мамлакат парламентида қилган йиллик мурожаатида мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар ва сиёсий диссидентларга қарши репрессиялардан тортиб яқинда Минск метросида рўй берган портлашлар ҳақида гапирди. Беларус юз тутаётган муаммолар ортида ташқи кучлар айбдордир, деди Лукашенка.


Қайсарлиги ва ман-манлиги билан танилган президент Александр Лукашенка пайшанба куни парламент олидида йиллик мурожаати билан чиқиш қилди. Лукашенка таъбири билан айтган унинг нутқи мамлакатда “ғайриоддий ижтимоий-иқтисодий муҳит” вужудга келган пайтга тўғри келди.

Дарҳақиқат, Лукашенканинг йиллик мурожаати беларуслар 13 киши ҳалок бўлган, 200дан ошиқ одам жароҳатланган 11 апрел кунги террор хуружи даҳшатидан ўзига келмаган бир пайтга тўғри келди. Устига-устак Беларусда авж олган иқтисодий бўҳрон мамлакат валюта заҳираларининг юпқалашиши ҳамда Беларус миллий валютаси девальвацияси муқаррар экани ҳақидаги гапларга сабаб бўлди.

Бундан ташқари ўтган йил декабрида Лукашенка қайта сайланган ва мухолифат ва халқаро кузатувчилар қалбакилаштирганини айтган сайловлардан кенйинги эҳтирослар ҳам босилганича йўқ. Минскда сайлов кунидан кейинги норозилик намойишларида Лукашенка ҳукумати мухолифат сиёсатчилари ва фаоллари, хусусан, Лукашенка билан президентлик учун курашган мухолифат номзодларга қарши таъқиб кампаниясини ҳамон давом эттирмоқда.

Метродаги портлашлар ҳақида гапирар экан Лукашенка, асосий ижрочилар қўлга олиниб, ўз айбларига иқрор бўлганига қарамасдан, бу жиноятга алоқадорларни таъқиб қилиш давом этаётганини таъкидлади.

- Мен бугун очиқ айтмоқчиман, ҳозирча бу террорчи хуружига уюшган жиноятчилар, бандитлар ёки сиёсатчиларнинг алоқадорлигига оид ҳеч қандай далилларни топа олганимиз йўқ. Уларни айблаш учун қўлимизда ҳеч қандай фактлар йўқ. Лекин биз барча версияларни кўриб чиқмоқдамиз,- деди Беларус президенти.

Шунга қарамасдан, Лукашенканинг бошқа сўзларидан у портлаш ортида сиёсий мотивлар борлигига кўпроқ эътибор қаратаётгани сезилиб турди. “Кимдир” Беларусдаги вазиятни изидан чиқариш ва унинг суверенитетига путур етказишга уринмоқда, деди у.

- Афтидан кимдир мамлакатимизни, мустақиллигимизни бўғиб, ички ишларимизга аралашиш ва Беларус халқига ўз иродасини ўтказиш имконига эга бўлиш мақсадида мамлакатимиздаги вазиятни беқарорлаштириш, бошбошдоқлик яратиш, халқнинг ҳукуматга бўлган ишончига путур етказишга уринаётган кўринади, деди Лукашенка.

Лукашенка шунингдек ўзини ва ҳукуматни 2010 йил декабридаги президент сайловларида ҳаддан ташқари либералликка йўл қўйгани ва вужудга келган вазиятга ҳисса қўшгани учун койиди. Мухолифат номзодларига телевидениеда ташвиқот олиб бориш имконини бериш оқибатларидан огоҳлантирган эдим, дея таъкидлади у.

- Мен сизни огоҳлантирган эдим. Мен “Майли, агар истасангиз, сизнингча бўлақолсин. Демократияни истасангиз, сизга тўлақонли демократияни берамиз. Лекин бунинг оқибатлари бўлишини ёдингизда тутинг”, деган эдим. Ўйлаб кўринг, экраннинг бу томонида ўтирганлар ва газета ўқиётганлар “Бугун биз истаган нарсани қила оламиз”, деган хулосага келади. Лекин хаста одамлар, хусусан руҳан хаста ва ўзларини жамиятда кўрсата олмаган одамлар бошқача хулоса чиқаради,- деди Лукашенка.

Беларус раҳбари ўз мухолифлари ва рақиблари билан муроса қилиш ниятида эмаслигига ишора қилиб, вазият изидан чиқишининг олдини олиш учун ҳар қандай чорага тайёр эканини таъкидлади.

- Биз ҳар қандай бешинчи ёки олтинчи ёки 25-колоннани йўқ қиламиз. Бунинг учун бизда етарли ресурслар мавжуд. Бу қандайдир диктатор жамиятни йўқ қилиш ёки Европа марказида диктаторлик режими ўрнатишга уринмоқда, дегани эмас,- деди у.

Ҳозирги вазиятда чиқишнинг ягона йўли “огоҳлик” ва “бирлик”дир, дея таъкидлади Лукашенка.

У мамлакатдаги иқтисодий муаммолар ортидаги сабабларни жаҳон иқтисодидаги умумий вазият, хом ашё нархларининг ошаётгани ва об-ҳавонинг ёмон келгани билан изоҳади. У шунингдек, нефт, газ ва пўлат нархи ошаётган бир пайтда валюта етишмаётганини гапириб, ҳаддан ортиқ хусусий машиналарни импорт қилаётган беларусларга таъна ёғдирди. Бундай кетишда нархлар яна ошади, дея башорат қилди Лукашенка.

Айни пайтда, 2010 йил декарбдаги сайловдан кейинги норозиликлар пайтида ҳибсга олинган мухолифат тарафдорлари устидан судлов давом этмоқда. 26 апрел куни президентликка мухолифат номзоди Андрей Санников сайлов олди кампаниясида иштирок этган бизнесмен Андрей Бондаренка устидан суд бошланади. Агар у “жамоат тартибини бузганлик”да айбдор, деб топилса, уч йилгача қамоққа ташланши мумкин. 27 апрел куни эса Санниковнинг ўзи устидан суд бошланади. “Оммавий чиқишларни уюштирганлик”да айбланаётган мухолифат етакчиси 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Ўша куни яна 15 нафар фаол устидан судловлар бошланади.

Яқин кунлар ичида президентликка тўрт собиқ номзод, жумладан Санников устидан судларнинг бошланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG