Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:48

Каримовнинг дуолари етиб бормоқда


Озодлик тингловчилари орасида Каримовнинг “Мен эрталаб туриб таҳоратдан кейин Оллоҳдан юртимга фақат тинчлик сўрайман”, деган сўзларини ёдида тутганлар ҳам бор.
Озодлик тингловчилари орасида Каримовнинг “Мен эрталаб туриб таҳоратдан кейин Оллоҳдан юртимга фақат тинчлик сўрайман”, деган сўзларини ёдида тутганлар ҳам бор.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилаётган мухлисларимизнинг аксари турмуш қийинчиликларидан шикоят қилса-да, улар орасида президент Каримов сиёсатидан мамнун бўлганлар ҳам йўқ эмас.


Катта Фарғона канали тўсиб қўйилди, сувсизликдан қийналяпмиз

дейди Ўзбекистон билан чегарадош Тожикистоннинг Конибодомидан телефон қилган 40 яшар деҳқон Нодирбек.

- Конибодом районидан телефон қилаяпман. Фарғона каналини тамом тўсиб ташлаган. Бир томчи сув ўтгани йўқ бу тарафга. Бешариқдан тўсганда энди. Вообше сув ўтгани йўқ. Мана 10 кун бўлаяпти. Сойда ҳам сув йўқ. Даже ичишга ҳам сув қолмади. Давлатларга нима бўлди ўзи? Ҳеч ким билмайди нимага принцип қилиб Ўзбекистон бунақа сувни бекитиб ташлаган, бу ерда Тожикистон Ўзбекистонга бекитиб ташлаган. Тепадан буйруқ бўлган, бекитиб ташлаган. Одамларнинг айтиши бўйича, ўзбек бермайди экан. Разбор кетаяпти экан. Бунинг ичида халқ қийналиб, буғдойлар мана қолиб кетган. Дарахтлар қуриган. Эккан нарсасини суғора олмай халқ қийналаяптида. Исфарадан келадиган сойни ҳозир Тожикистоннинг ўзи ҳам бўғиб ташлаган, сув кам. Мана ҳозир далада юрибман. Сув йўқ. Молга ҳам сув йўқ. Шу аҳволга тушиб қолдик. Ўзбекистон тарафда бизнинг 60 гектар ер бор. Ҳозир солдат қўйиб ўтказмайди. 60 гектар ер бир томчи сув ўтмай нима бўлиб ëтибди, дейди Тожикистоннинг Конибодомидан телефон қилган 40 яшар деҳқон Нодирбек.

Бешинчи фарзандим туғилиши ҳокимиятга ëқмади

Тошкентнинг Бўка туманидан қўнғироқ қилган 35 яшар йигит ўз рафиқаси бешинчи фарзандга ҳомила бўлганида, маҳаллий ҳокимият вакиллари бу фарзанд дунëга келишига қарши бўлганини айтади.

- Азият чеккан одамларданманда мен ҳам. Бешта фарзандим бор. Бешинчи фарзандига аëлим ҳомиладор бўлганда, бизга озгина босим бўлган эди. Ҳокимиятдан женсоветнинг ходими келиб, улар бу ерда учëтга қўйиши керакку ҳомиладор бўлгандан кейин, шунда учëтга қўйишга борганимизда, ҳокимиятдан женсоветнинг ходими келиб, озгина босимлар бўлиб, шунда аëлимни бошқа жойларга олиб бориб, бешинчи фарзандим алҳамдулиллаҳ дунëга келиб, катта қилаяпмиз. Ундан кейин документ қилиб олиб борган пайтимда, документларимизнинг ҳаммасини, нафақа пулларини отказ қилдириб юборди. Шунақа муаммолар, дейди бўкалик 35 яшар йигит.

Суҳбатдошга кўра, мулозимларнинг бундай ҳатти ҳаракати ислом динини билмаслик билан боғлиқ. Озодлик радиоси ҳар жума куни таниқли қориларга микрофон тутса яхши бўлар эди, деб таклиф қилди суҳбатдош.

- Кўпчилик биздаги бўлаëтган нарсанинг ҳаммасини билавермайди. Шунинг учун шу таклифни мен сизларга илтимос қилиб айтаëтган эдимда. Инсонларнинг дин кўзини очмаса, бошқа нарса очмайди. Шунинг учун қори акаларни ҳафтада бир марта ҳозирги муаммолар ҳақида мавзулар уюштириб, одамларни шу нарсадан баҳраманд қилсаларингиз. Сабаби кўп одамлар дунëда бўлаëтган воқеалардан бехабар. Бизда оладиган ҳеч қанақа манба йўқ, дейди бўкалик 35 яшар йигит.


Бахмал туманидан қўнғироқ қилган 53 яшар Мирзаев Очил ҳам саодатнинг калитини ислом динида кўради. Мирзаев Очил Озодлик радиосини мунтазам эшитишини айтиб мавзуларимизга муносабат билдирди.

Хайрулла Ҳамидов динга даъват қилмаслиги керак эди

Мирзаев Очил назарида рухсатсиз даъват қилишнинг охири яхши бўлмайди.

- Москвадан туриб қўнғироқ қилган йигит айтдики, бир футбол шарҳловчисини ноҳақдан қамади деди. Албатта у ҳақми, ноҳақми ҳеч кимга қоронғу. Лекин билмасдан туриб бунақа гапларни гапириш яхши эмас. Биринчидан, у киши футбол шарҳловчиси экан. Ахир бизнинг динимизда динни даъват қилишга Пайғамбар (с.а.в) ëки пайғамбар рухсат берган киши ëки мусулмон подшоҳ ëки бўлмаса мусулмон подшоҳ рухсат берган, қўлида шаҳодатномаси бор, ҳужжати бор ўқиган киши динга даъват қилиши керак эди. Ана энди у кишилар ҳам ўша рухсат берилган кишилар даъват қилишга, динни гапиришга рухсати бор. Ахир бу киши ўзи футбол шарҳловчиси бўлса, уининг ўрнига диндорлар чиқиб гапираëтган гапларга қулоқ солиб ўзини ўнглаганда, ҳозиргидай ноқулай аҳволга тушмас эди, дейуди Очил Мирзаев.

Каримов Оллоҳ кўмагида юртни бошқармоқда

Очил Мирзаев Озодликнинг Баҳс майдонидаги мунозарага муносабат билдирар экан, Ўзбекистондаги осудалик Оллоҳнинг Каримов воситасида бизга берган ҳадяси деган гапни айтди.

- Мана кеча фарғоналик ҳожи бобо айтдики, тинчликни Ислом ака ушлаб турибди деди. Агарда Оллоҳнинг амри билан ушлаб турибди деганда, яна ҳам чиройли бўларди ўша кишининг гапи. Чунки Ислом Каримов қачон Ўзбекистон телевидениесига чиқса, буни бутун жаҳон кўриб турибдики, “Мен эрталаб туриб таҳоратдан кейин Оллоҳдан юртимга фақат тинчлик сўрайман” деб бир неча бор айтганини ҳамма кўриб турибди. Албатта Оллоҳ ана шу дуолар ҳисобига, яхши улуғларимизнинг ҳисобига мана бугун Ўзбекистонга тинчликни бериб турибди. Ана энди ҳожи бобога мен айтмоқчиманки, мана шундай юртбошини қўйган Оллоҳга у киши кечаю кундуз сажда қилса арзийди, дейди Очил Мирзаев.

Мардикорлар пайғамбарга тақлид қилсин

Суҳбатдошимизнинг учинчи муносабати Озодликда кенг ëритилаëтган мардикорлар муаммоларига қаратилди.

- Москвадаги йигит “Бугун Москвада ўзбеклар унақа иш қилаяпти, бунақа иш қилаяпти, хор бўлаяпти, қийналаяпти” деяпти. “Бола-чақани уйлаш учун юрибмиз. Қизни чиқариш учун юрибмиз” дейди. Эй биродар, сиз битта нарсани тўғри тушунинг. Ризқ ўлчовли. Биз яралишимиздан, мана шу олам яралишидан 50 минг йил олдин Оллоҳ бизнинг ризқимизни ўлчаб бериб қўйибди. Ўша пайғамбарлар ҳам, ҳақ йўлга чақирганларнинг ҳаммаси маишат қилиб яшамади. Ҳаммаси қийналиб яшади. Лекин дардини Оллоҳдан ўзга ҳеч кимга айтмади. Ҳатто Иброҳим алайҳиссаломга оловга ташлаган пайтида Жаброил ëрдам берайин дедида фаришта. Йўқ, менга сенинг эмас, Оллоҳнинг ëрдами керак деди. Худди шу ўринда бизлар бугун ўша қиз чиқаришда ҳам, ўғил уйлантиришда ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам қандай чиқарган? Биз ўшандай қилишимиз керак. Ахир у киши муборак онамиз Фотима онамизни чиқаришда битта ëстиқ билан, битта кўрпа билан чиқардику. Биз нима учун ўғил уйлантирамиз деб, қиз уйлантирамиз деб уларнинг уйини буюмга тўлдириб, лекин онгини, тарбиясини нол қилиб туриб яна бугун Россияма Россия, у ëққа, бу ëққа чопиб юрибмиз. Албатта ризқ ўлчовли, умр ўлчовли. Шунинг учун мен бутун ўзбекларга айтмоқчиманки, сиз қаерда бўлманг, белни боғланг. Сиз ўзбек халқининг, буюк миллат фарзандисиз. Сиз у ëқда фақат ўзингизни ўйлаб кўрманг. Мана шу бутун ўзбек халқининг келажаги учун хизмат қиламан, мана шуларнинг орқасидан топиб болаларимни ўқитаман, мана шунинг орқасидан боламни илмли қиламан, спортсмен қиламан деб туриб шу ниятда бориб пул топиб, ëруғ юз билан Оллоҳга ҳамду-санолар бўлсин деб қайтиб келинг. Чунки бутун ер Оллоҳники. Қаерда бўлсангиз, бу ер Оллоҳнинг ери. У ерда яшашга ҳам ҳаққингиз бор, ишлашга ҳам ҳаққингиз бор. Мана шундай бориб ишлашга рухсат бериб қўйган ҳукуматга ҳам раҳмат айтиб қўйинг. Сўз берганларингиз учун катта раҳмат. Саломат бўлингизлар, дейди Очил Мирзаев.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG