Линклар

Ливияда ғарблик икки журналист ҳалок бўлди


Тим Ҳетерингтон (ўнгда) ва фотограф Крис Ҳондрос.

Тим Ҳетерингтон (ўнгда) ва фотограф Крис Ҳондрос.

Ливиянинг исёнчилар назоратидаги Мисрата шаҳрида икки фотожурналист - британиялик киноижодкор Тим Ҳетерингтон ва фотограф Крис Ҳондрос ҳалок бўлди. Улар Ливия етакчиси Муаммар Қаддафий кучлари билан исёнчилар ўртасидаги жанг пайтида нобуд бўлди.


Ҳетерингтон ва Ҳондрос ҳалок бўлган пайтда шиддатли тўқнашувлар бораётган Мисрата шаҳрининг Триполи кўчасидан хабар бераётган саноқли журналистлар орасида бўлган. 20 апрел кунги воқеада улар билан ишлаётган яна икки журналист яраланди.

“The Washington Post” газетаси хабарига кўра, ғарблик журналистлар отишма бўлаётган жойга исёнчилар билан борган пайтда нобуд бўлган.

Мисратадаги касалхонага ётқизилган испаниялик фотожурналист Гиллермо Сервера 20 апрел куни Рейтерс агентлигига юз берган фожиа ҳақида буларни гапириб берди.

- Биз Мисратанинг Триполи кўчасида ишлаётган эдик. Шу пайт гранатамёт ўқи келиб портлади. Отишмалардан қўрққанимиз учун биз орқароқда бораётган пайтимизда гранатамёт ўқи келиб портлади, - деди испаниялик фотожурналист.

“The Washington Post” газетасига кўра, 40 яшар Ҳетерингтон тез ёрдам касалхонасига олиб келинганидан 15 минут ўтиб жон берган. 41 яшар Ҳондрос миясига граната парчаси теккани оқибатида оламдан кўз юмган.

Ливия ҳукумати матбуот котиби Муса Иброҳим 21 апрел куни журналистлар билан мулоқот чоғида Мисратада ғарблик журналистлар ўлганидан афсус билдирди.

- Бизга қарши урушмаётган бирорта одамни ўлдирмаймиз. Биз журналистлар қандай вазиятда ўлганини текширишимиз керак. Бу уруш. Унда биз томондан ва улар томонидан одамлар ўлади. Одамлар отишмалар ўртасида қолиб нобуд бўлади. Биз вазиятни билмаймиз,- деди Ливия ҳукумати матбуот котиби.

Бироқ исёнчилар Қаддафий кучлари Мисратада тинч аҳолини атайин нишонга олаётганини айтмоқда.

Мисратадаги тиббий қўмита шифокори Ҳолид Абдуфалға Рейтерс агентлигига 20 апрел куни ғарблик икки журналистдан ташқари яна етти ливиялик ва украиналик бир шифокор ҳалок бўлгани, 120 киши яраланганини маълум қилди.

Айни пайтда, Тим Ҳетерингтон ва Крим Ҳондрос ҳалок бўлгани юзасидан кўплаб таъзиялар билдирилмоқда.

Оқ Уй матбуот котиби Жей Карней журналистлар ўлгани юзасидан таъзия изҳор қилиб, Ливия ва бошқа давлатларни журналистларни ҳимоя қилишга чақирди.

Бундан аввал Libya Al-Hurra Интернет телевидениеси асосчиси Муҳаммад ал-Наббус ҳамда Al-Jazeera телеканалининг тасвирчиси Али Ҳасан Ал-Жобир Ливия можаросини ёритаётган пайтда ҳалок бўлган эди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси феврал ойидан бери Ливияда журналистларга қарши 80дан ортиқ ҳужумлар уюштирилгани, журналистлар 49 марта ҳибсга олингани, 12 марта тажовузга учрагани, шунингдек, бир неча журналист ўлдирилгани ва яраланганини ҳужжатлаштирди.

Тим Ҳетерингтон Афғонистондаги АҚШ аскарлари ҳақида 2010 йилда ишлаган “Рестрепо” номли ҳужжатли фильми унга катта шуҳрат келтирган эди.
XS
SM
MD
LG