Линклар

logo-print

Ўзбекистон МДҲда ун импорт қилишда биринчи

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонликлар ўз унидан кўра қозоқ унини афзал билади.

Ўзбекистонликлар ўз унидан кўра қозоқ унини афзал билади.

Қозоғистондан энг кўп ун импорт қилаётган мамлакат Ўзбекистон бўлиб қолмоқда. Ғалла мустақиллигига эришган Ўзбекистон ҳали ҳам қозоқ унига эҳтиёж сезмоқда.


Январ ва феврал ойларида Қозоғистондан қарийб 49 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 158 минг 25 тонна ун Ўзбекистонга сотилган. Бу маълумотлар Қозоғистон Божхона назорати қўмитасидан олинди.

Ўзбекистон ҳукумати бир неча йилларда бери ғалла мустақиллигига эришганлиги ва аҳолини ўз уни билан таъминлаганлигини айтиб келади.

Бироқ кузатувчилар, бу "ғалла мустақиллигида" қусур борлигини кўрадилар.

“Ўздонмаҳсулот” ҳиссадорлик компаниясининг шахси сир қолишини истаган собиқ мулозимларидан бирининг фикрича, агар Ўзбекистонда ҳукумат айтаётганидек 7 миллион тонна ғалла етиштирилганида эди, мамлакатда паррандачилик ва чорвачилик ҳам ривожланиб кетган бўларди.

- Ҳар йили 6 миллион 610, яқин 7 миллион, икки центнердан қўшилиб келаяпти. 48 эди, 50 бўлди. Энди бу йил Худо хоҳласа 52гача кўтаради. Бу ҳаммаси ҳаво, бўшлиқ! Бу 1 миллион 300 минг, 1 миллион 400 минг квадрат метр ғалла экилаëтган майдонларда ҳеч қандай мумкин эмас, Ўзбекистон шароитида шунча ғалла олиш. Климатнинг ўзи буғдойга мос эмас, иккинчидан сув етмайди,- дейди “Ўздонмаҳсулот” собиқ расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Фаррух Ҳожиакбаров ҳам Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллигига шубҳа билдирар экан, мамлакатга уннинг импорт қилиниши ва унинг сотилиши ҳукуматдаги махсус одамларнинг назорати билан амалга оширилишини таъкидлайди:

- Ўзбекистонга Қозоғистондан ун киради, буғдой киради. Ўзлари Ўзбекистондаги тегирмонларда, мелница деймиз, катта мелницаларда Қозоғистон буғдойини Ўзбекистон буғдойи билан аралаштириб ëки бўлмаса Қозоғистоннинг логотипини уриб, қозоқ уни деб чиқариб бозорларда сотишади. Асосан бақувват ширкатлар, давлат миқëсидаги, давлат монополияси бўлган ширкатлар буғдой олиб киради. Ҳозир Қозоғистондан кириб келаëтган унга акцизни ошириши сабаби контрабанда камайсин дейди. Қолаверса, ўзлари олиб киришади. 15 фоиз ҳам катта нарсада. Ўзлари 15 фоиз эмас 5 фоизми, 6 фоизми тўлашади. Нархни тушириб олиб киради.

Иқтисодчи Фаррух Ҳожиакбаровнинг айтишича, буғдойни импорт қилишда ҳам "ўзбекчасига" иш тутилади:

- Буғдойни асосан икки хил контракт билан олиб киришади. Мисол учун мен 100 долларга олиб кирсам, сиз 200 долларга олиб келасиз. Сиз 200 доллардан акциз тўлайсиз. Мен 100 доллардан тўлайман. Мен масалан минг вагон фуражний(озуқабоп) 4-сорт деб олиб кираманда, арзон нархда. На самом деле биринчи сорт бўлади. Мен каттаманку. Мени ким текшириб ўтирибди, тўғрими?- дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Фаррху Ҳожиакбаров.

1 апрелдан Ўзбекистонга ташқаридан олиб келинадиган унга солинадиган акциз солиқлари яна 15 фоизга оширилди.

Ўзбекистон қозоқ унининг минтақадаги асосий харидорларидан ҳисобланади. Қозоғистонлик кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон расмий шартномалар асосида йилига ўртача 1 миллион тонна қозоқ унини сотиб олади ва бу аҳоли истеъмол қиладиган йиллик ун миқдорининг 15-20 фоизини ташкил қилади.

Озодликнинг манбаларига кўра, шу кунларда Ўзбекистонда маҳаллий уннинг 50 килограмлик қопи ўртача 40-50 минг сўм, қозоқ унининг бир қопи эса, 70 мингдан 100 минг сўмгача сотиляпти.

- Лекин ўзбек унининг ўзидан нон ёпиб бўлмайди, тандирдан оқиб тушади. Шунинг учун нонни ё қозоқ унидан, ё ҳеч бўлмаганда иккаласини аралаштириб ёпишга мажбурмиз,- дейди суҳбатдошларимиздан бири.

Британиядаги Халқаро Ғалла қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон йилига четдан 1,5 миллион тонна буғдой импорт қилади.

Ўзбекистон Қозоғистондан ташқари МДҲнинг бошқа давлатлари Россия ва Украинадан ҳам ун сотиб олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG