Линклар

logo-print

Мустақиллик ғояси ўғирланган эди

  • Сарвар Усмон

Сурия кўчаларига чиққан бу болакайлар "барча учун озодлик исташмоқда."

Сурия кўчаларига чиққан бу болакайлар "барча учун озодлик исташмоқда."

Facebook тармоғи орқали эълон қилинган "Ўзбекистон халқ ҳаракати" ташаббуси тингловчи ва муштарийларимиз орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. "Эркин микрофон" дастури ҳам бу баҳслар учун восита ролини бажармоқда.


“Микрофон эркин экан, деб...”


Бахмал туманидан қўнғироқ қилган 53 яшар Очил Мирзаев 21 апрел кунги дастуримизда Хайрулла Ҳамидов динга даъват қилмаслиги керак эди, рухсатсиз даъват қилишнинг охири яхши бўлмайди, деган эди.

Очил Мирзаев билан Бухоролик тингловчимиз сиртдан баҳсга киришар экан, мана бу фикрни билдирди.

- Мен Бухоро шаҳриданман. Исмим Иброҳим. Кечаги эшиттиришда Жиззахнинг Бахмал туманидан Очил Мирзаев деган одам икки-учта мавзуларда фикр билдирган эди. Шунга муносабатим бор эди. Биринчиси Хайрулла Ҳамидов тўғрисида билдирган фикрга. Аввало битта нарсаки, Хайрулла Ҳамидов ҳақида билиб билмай ҳар хил гапларни гапиришнинг кераги йўқ. Масалан, у одам ўзларини олимлардай тутиб гапирдиларку. Аввало битта нарса борки, Исломда андиша, деган нарса бор. Хайрулла Ҳамидовнинг конкрет айбини билмай туриб бунақа у одамни айбдор қилиш керак эмас эди. У одамнинг бола-чақаси эшитиб турибди. Аввало Хайрулла Ҳамидов рухсатсиз ҳеч қанақа даъват қилган эмас. Хайрулла Ҳамидовнинг маърузасини ўша одам эшитиб кўрмаган кўринади. Ўша Хайрулла Ҳамидовнинг маърузалари туфайли кўпчилик бетавфиқ одамлар ҳақ йўлни топиб олди. Қолаверса, у одамнинг қилган маърузалари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлари бўйича қўмита рухсати билан қилинган. У ерда Очил Мирзаевга қараганда каллалироқ одамлар ўтирса керак. Бекорга рухсат беришмаса керак. Агар имкон бўлса, Хайрулла Ҳамидовнинг нималари эркин сотувга, тинглаб юришга очиқ рухсат берилса, янаям ўсиб келаëтган ëшларимиз учун катта фойдали нарса бўларди. Мусулмон подшонинг рухсати деяпти. Аввало у одам Худо билади қандай бир домладан таҳсил олган. Аввало унга бунақа фатво беришга ким рухсат берибди? Ундан кейин Ўзбекистонда футбол шарҳловчиси бошқа соҳага аралашмасин, деган қоида йўқ. Шунинг учун Эркин микрофон эркин экан деб билиб-билмай ҳар қанақа гапни гапириш керак эмас, дейди Бухородан Иброҳимжон.

“Ватанда ватангадо бўлдик”


Фикр билдириш истагида бизга қўнғироқ қилганлардан яна бири ўзини Муҳаммаджон, деб таништирган ўшлик йигит. У дастурларимиздан бирида ўзбекистонлик тингловчиларимиз ҳаётдан нолиганига муносабат билдирар экан, мана бундай деди.

- Сизларнинг бир эшиттиришингларда жиззахлик бир одам чиқиб Каримовни жиндай нима қилган бўлди, ҳатто уй-жой тўғриларида гапирди.

Озодлик: Нима қилган бўлди? Каримовни мақтадими, танқид қилдими?

- Танқид қилмади. Ундан олдинги чиққан одам айтдики, уй-жой тортиб олди деган гапларни қилдида. Камбағалмиз дегандай ишлар қилдида. Камбағалликни бизнинг ўшликлардан сўрасин. Ўшда туғилиб, ота-бобомиз ўтиб, Ўшда туғилиб ватансиз қолдикку. Буни ҳис қилмаган одам ҳар балони энди ўзимизнинг миллатимиз деб туриб ҳар бир балога тиқворишнинг ҳожати йўқ эканда. Ўзимиз ҳис қилдикда бу ишларни. Шу кунгача ҳис қилиб келаяпмиз. Тинчликка етмайди экан ҳамма ëқ. Саломатчилик яхши бўлиб тинчлик бўлса, яхшими ëмонми уруш бўлмаса, ҳаммаси қўлда эканда. Уй-жой асқотдими? Асқотмадию мана. Кўзимизга кўринмай кетдию ҳеч нарсаси.

Озодлик: Шу кунда вазият қандай Ўшда?

- Вазият бироз тинчиди, лекин милиция ходимлари ëмон қараш, бозорга тушсангиз, ëмон қараш, шунақа ишлар кўп. Айтиб ҳаммасини охиригача етказа олмайсиз. Ҳис қилиш қийин буларни. Танангиз билан ҳис қилмасангиз буни, айтаяпманку ўзимизнинг ватанимизда яшаб туриб ватангадо бўлиб қолдик. Шу даражада ачинарли ҳолдада, дейди хавфсизлигини ўйлаб ўз исмини эмас, бошқа исм билан аташимизни сўраган ўшлик йигит.

"Ўзбекистон халқ ҳаракати" аъзолари нодонлик қилмоқда!"


"Ўзбекистон халқ ҳаракати" бўйсунмасликка чақирмоқда сарлавҳаси остидаги материални 14 апрел кунги дастуримизда эътиборингизга ҳавола қилган эдик.

"Ўзбекистон халқ ҳаракати" деган ном остида бирлашган ташаббусчилар Facebook орқали ҳукуматга бўйсунмаслик чақирувини эълон қилган эди.

Интeрнeтда уюштирилган акция ташкилотчилари "Каримов зулмидан қутилишнинг ягона йўли - унга бўйсунмасликдир", деган фикрда.

Материал эълон қилингандан бери бу ташаббусни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, унга мутлақо қаршилар ҳам Эркин микрофонга қўнғироқ қиляпти.

Тожикистонлик журналист Абдурасул ака "Ўзбекистон халқ ҳаракати"га бирлашганларни тинчлик ва хотиржамлик душмани деган фикрда.

- Инсоннинг улуғ неъмати эзгуликка хизмат қилиш керак. Аниқроғи тинчликка, хотиржамликка, яхшиликка хизмат қилиши керак. Ўзбекистон оппозицион партияларининг вакиллари деймизми ëки бошқа гуруҳлар деймизми чет элда қочқин сифатида яшаëтган бир ҳолатда Ўзбекистон халқига қарата ҳозирги амалдаги ҳукуматга бўйсунмасликка чақиришлари киши қалбида оғир таассурот қолдирадиган ҳолат, деб ҳисоблайман.

Озодлик: Демак қўлламайсиз.

- Қаршилигимни исботлашим керак акажон. Бўйсунмаслик дегани бу анархия дегани. Бу энди талотумларнинг тарафдори дегани. Турли хил тўполонларнинг келиб чиқишини хоҳлаш дегани.

Озодлик: Ўша ташаббус билан чиқаëтганларнинг назарида Ўзбекистонда зулм ҳукм сураяпти. Агар улар ҳақ бўладиган бўлса, сизнинг гапларингиздан келиб чиқсак, ҳар қандай зулмга чидаш керак бўлиб чиқаяпти сизнинг фикрингиздан келиб чиқадиган бўлсак. Шу тўғрими? Ҳар қандай зулмга чидаш керакми?

- Ўзбекистонда зулм бўлаяпти деган сўзнинг ўзини умумийлаштиришнинг ўзи ҳам менимча бир ëқлама.

Озодлик: Бўйсунмаслик ташаббуси билан чиқаëтганлар ҳам ташқарида, уларга қарши бўлаëтган сиз ҳам Ўзбекистондан ташқарида. Мана шу жойда бир ғализлик кўрмаяпсизми? У ташаббус билан чиқаëтганлар ҳам вазиятни аниқ-тиниқ билмайди Ўзбекистондаги вазиятни, сиз ҳам аниқ-тиниқ билмайсиз. Шунда зиддият кўрмайсизми?

- Зиддият эмас ўхшашлик кўраман. Билмасликда ўхшашлик.

Озодлик: Асл вазиятни ким билади унда?

- Энди барибир Сарвар ака дейлик масалан мен Ўзбекистон ташқарисидаги одам ҳисоблансамда чегарадан бошлаб Тошкент марказигача бўлган территорияда қариндош-уруғлар яшашади. Яшаш шароитлари, ҳамма шариоитларини яхши биламиз.

Озодлик: Яхши билсангиз, шундан келиб чиқиб айтингда. Ўша ташаббус билан чиқаëтганларнинг гапларида асос борми сиз билган шароитдан келиб чиқадиган бўлсак ëки йўқми?

- Гапларида асос борми йўқми деган савол ўрнига мана шундай ташаббус билан чиқишнинг ўзи нодонлик деб ҳисоблайман, дейди тожикистонлик журналист Абдурасул ака.



"Ўзбекистон халқ ҳаракати"ни қўллаб-қувватлайман!”


Абдурасул акадан фарқли ўлароқ ўзбекистонлик, сурхондарёлик, исмини айтмаслигимизни сўраган йигит мана бундай деди:

- Ўзбекистон халқ ҳаракати тузилибди. Буни табриклаш керак. Бу олдинроқдан тузилиши керак эди. Биринчиси бу. Иккинчиси Ўзбекистон халқ ҳаракатининг бўйсунмаслик тўғрисидаги гапларига иккита киши қарши чиқди. Биттаси Холмурод ҳожи, иккинчиси кечаги Мирзаев Очил деганлар. Бир воқеани айтиб берсам бўладими?

Озодлик: Айтинг.

- 1991 йиллар эди. Тошкент-Душанбе поездида кетаëтганимда "Эрк" демократик партияси ғояси билан Совет иттифоқида қолиш қолмаслик тўғрисида референдум бўлаяпти, референдумга варақа тарқатиб юрганмиз, Ҳамза деган бола поезднинг ичида, Холмурод ҳожи билан Очил Мирзаевга ўхшаган иккитаси қарши чиқди “биз бўлинмаймиз, нима қилаяпсизлар, уруш-жанжал қилмочимисизлар?” деди. Анави бола уятни ҳам йиғиштириб қўйдида “Сизга ўхшаганлар манқурт. Халқингни, болангни қуллик остига қўяпсан. Нима бўлиниб мустақил бўлиш ëмон нарсами?” деб айтиб ташлаган эди. Ундай одамлар ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Диктатурани қўллайдиган, уни қўлламайдиган. Каримов ҳақиқатан ҳам диктатор. Мустақиллик ғоясини "Эрк"дан тортиб олган у одам.

Озодлик: Демак, сиз қўллаб-қувватлайсиз?

- Албатта. Мен нафақат қўллаб-қувватлаймабн, табриклайман ҳам. Олдинроқ бўлиши керак эди. 5-10 йил олдин бўлиши керак эди, дейди сурхондарёлик йигит.



“Мени президент девонидан қувиб чиқаришди”


“Эркин микрофон” эшиттиришига 22 апрел куни Тошкентдан ўзини Чамангул Ниғмонова, деб таништирган аёл қўнғироқ қилди.

“Мен ҳозирча ишсизман, лекин ўзим иқтисодиëт университетини тугатганман. Иқтисодчиман”, деб ўзини таништирди Чамангул опа ва бири иккинчисига боғлиқ икки ҳодисани айтиб берди.

Биринчиси будир:

- Бу гап хусусий фирма тўғрисида кетади. Фаттоҳов Адҳам Азизович деган одамга тегишли бўлган хусусий фирма тўғрисида. У одам 1997-1998-1999 йиллари Узхлоппром ва Ташполиграфкомбинат ўртасида туриб воситачилик қилган. Шу билан давлатнинг бир миллиарддан кўп пулини ўзлаштирган, дейди Чамангул опа.

Чамангул опанинг жаноб Фаттоҳовга боғлиқ айтганларини шу жойда тўхтатамиз. Бу гапларни опа айтган иккинчи ҳодиса тушунарли бўлсин учунгина келтирдик. Бу Ўзбекистон республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари ва суди ўрганадиган масаладир.

Чамангул опа ўзи тилга олган Фаттоҳов билан боғлиқ масала юзасидан давлат идораларига қилган мурожаатлари тўғрисида айтиб бердики, унинг бу ҳикоясини эшиттирсак бўлади.

- Шу масала юзасидан 2008 йилдан бу ëғига шаҳар, республика прокуратураларига, МХХга, Сенатга, Адлия вазирлигига, шахсан президентимиз номларига ҳам телеграмма жўнатганман. Президент давонларига муурожаат қилиб келаман. Лекин ҳеч қанақа жўяли жавоб йўқ. Айниқса энг янгисини айтмоқчиман. 2011 йил 18 апрел куни мен президент давонига қабулга ëзилдим. Қўқонбоевнинг қабули бўлади дейишди. Бордим. Борсам, Қўқонбоев қабул қилмас экан. “Қўқонбоев умуман қабулга келмайди” дейишди. Маҳкамбой ака Эргаешв деган раҳбари экан қабулхонанинг. Шу киши жуда ëмон қабул қилдилар. “Қўқонбоев керак бўлса сенга, бор чиқ, топиб келгин қаердан бўлса Қўқонбоевни. Бу ерда йўқ Қўқонбоев. Хоҳласанг шу қабул. Бўлмаса, тур йўқол бу ердан” деб менга қўлини кўтариб кўзларини ола-кула қилди. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Ҳеч кутмаган эдим бундай муносабатни.

Озодлик: Яна бир марта эслатинг. Қайси идора бу?

- Президент девони. Ўзбекистоннинг энг нуфузли даргоҳларидан бири. У ерда президент номидан қабул қилишади, президент номидан менга гапиришди. Шунинг учун мен ҳайронлигинимни Озодлик радиосидан ҳам эшиттирмоқчиман. Бутун Ўзбекистон эшитсин. Президент давонида шунақа жавоб айтганидан кейин мен мажбур бўлдим Қўқонбоев йўқлигидан унинг ўрнига республика прокуратурасининг президент аппаратидан бошқарувчи Мурод Азимов деган қабул қилаяпти, шунга кирасиз дейишди. Мен кирдим. Кирсам, аризамни кўриб чиққандан кейин Мурод Азимовнинг ранги жуда ўзгариб кетди. Мен билан гаплашишни хоҳламадида, “Боринг, чиқинг бу ердан. Биз бунақа масалаларни ҳал қилмаймиз. Аппаратдагилар бунақа нарсаларни ҳал қилмайди” деди. Мен “Қаерга борай? Қаерда ҳал қилади?” деб сўрадим. Улар “Республика прокуратурасига боринг” деди. “Бўлмаса менга ўша борадиган жойимга кўргазма ëзиб беринг. Ўша ердагилар президент девонидан келди деб қабул қилсин” десам, “Менда унақа ваколат йўқ. Қаерга борсангиз боринг, кимга айтсангиз айтинг, бу масала кўрилмайди” деди. Узхлоппром билан бошқа корхоналарнинг ўртасида бўлган ўғирлик масала кўрилмас экан, очилмас экан. Президент девонида ўтирганларнинг бунга аралашишга ваколати йўқ экан. Менга шунақа жавоб беришди. Кейин мен улар билан гап талашсам, милиционерни чақиришди. “Олиб кет буни” деди. Милициялар олдимга келиб “Ë ҳозир жимгина чиқиб кетасиз ëки бўлмаса мен сизга куч ишлатаман” деди президент девонида, дейди адолатни Ўзбекистон президенти девонидан излаган тошкентлик Чамангул Ниғмонова.

Фуқароларнинг ариза ва шикоятлари билан ишлашнинг ўзбекча усулими бу?

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG