Линклар

Қирғиз милицияси Ўзбекистон фуқароси ўғирланганини рад этди


Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Рахматулло Ахмедов қирғиз милиционерларини Интерпол қидирувига берилгани тўғрисида "регнум" агентлиги тарқатган хабарни фитна дея баҳолайди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Рахматулло Ахмедов қирғиз милиционерларини Интерпол қидирувига берилгани тўғрисида "регнум" агентлиги тарқатган хабарни фитна дея баҳолайди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон икки қирғиз милицонерини Интерпол орқали қидирувга берганини рад этди.


Бир неча кун олдин Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон фуқароси Наврўзбек Турғунов Юқори Водил қишлоғидан ўғирлаб кетилгани ва уни ўғирлаган милиционерлар Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилганини "Регнум" ахборот агентлиги хабар қилган эди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, Ўзбекистон томони қирғиз милиционерларини Интерпол қидирувига бергани тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.

- Мазкур хабарда Ўзбекистон расмий идоралари вакилларига ишорат берилмаган. Бу эса хабарнинг провакацион характерга эга эканини кўрсатади, -деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси Рахматулло Ахмедов.

Ўзбекистон фуқароси Наврўзбек Турғуновга нисбатан жиноят ишини олиб борган Қадамжой туман Ички ишлар бўлими терговчиси Урмат Қурманалиев бу иш борасида тўлароқ маълумот берди.

Терговчига кўра, Юқори Водил қишлоғида истиқомат қилувчи Наврўзбек Турғунов Қирғизистон ҳудудида ўғирлик қилгани учун қамоққа олинган.

- Турғунов Наврўз Қирғизистонда учта мол ўғирлиги ҳолати юзасидан очилган жиноят ишлари асосида қўлга олиниб, унинг айби ашёвий далиллар асосида исботланди. Унинг иши ҳозир Қадамжой туман судига ўтказиб берилган, - деди Урмат Қурманалиев.

Қадамжой туман Ички ишлар бўлими терговчисининг айтишича, Наврўзбек Турғунов Ўзбекистон ҳудудидан ўғирланмаган, аксинча Қирғизистон ҳудудида қўлга олинган.

- Турғунов Наврўзни Ўзбекистон ҳудудидан ўғирлашган қабилида тарқатилган интернет хабарлари ҳақиқатга зид келади. Наврўз Турғунов ҳамқишлоқларининг молини боқар экан. Ўзбек-қирғиз чегарасида баҳсли ҳудудлар бор. Бу ерда чегара тиконли симлар билан тўсилмаган. Бу ердан бемалол Қирғизистон ҳудудига ўтиб мол боқишади. Турғунов баҳсли ҳудуд орқали Қадамжой туманига қарашли яйловга мол ҳайдаган пайтида қўлга олинган,- деди Ўзбекистон фуқароси Наврўзбек Турғуновга нисбатан жиноят ишини олиб борган терговчи Урмат Қурманалиев.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Юқори Водил қишлоғи фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов 20 ёшдаги Наврўзбек Турғуновнинг қамоққа олиниши ноқонуний бўлганини, қирғиз милиционерлари Наврўзбекни қўйиб юбориш учун пул талаб қилганларини айтган эди:

- Бизга мурожаат қилди ўша боланинг ота-онаси. Онаси келди, акаси келди мурожаат қилди. Бу болага телефон бериб телефон қилдиришаяпти экан ота-онангга айт, пул олиб келсин сени олиб кетишади деб. Булар чиққани қўрқди. “Борманглар. Сизларни ҳам қамаб қўяди” дейилди. Шунинг учун у ëққа бормади. Улар истаган пулни олиб бориб бермади. Милицияга ариза берган. Жиноят иши қўзғатилган бу факт бўйича. Қоидага кўра, Наврўзбекни олиб кетишдан олдин бирор жиноят қилган бўлса, Қирғизистон ҳукуматининг қўлида шунақа ҳужжат бўлса, бизнинг идораларга мурожаат қилиш керак ҳукуматлар келишувига кўра. Улар шунга қараб ушлаб бериш масаласини ҳал қилиши керак. Бунақа бўлмадида. Кўчадан ушлаб кетаяпти. Энди ëш болага нечта айб қўйилди, энди суд бўлармиш дейишаяпти, - деган эди 20 апрел куни Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов.

Аммо Наврўзбек Турғунов ишини олиб борган терговчи Урмат Қурманалиев Ўзбекистон фуқаросининг ноқонуний қўлга олингани ва унинг ота-онасидан пул таъма қилингани тўғрисидаги маълумотларни қатъиян инкор қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG