Линклар

logo-print

Ўзбекистонда тижорат банклари ривожланаётганини иддао қилаётган Марказий банк, бу соҳада мавжуд муаммоларни тилга олмади.

Ўзбекистонда тижорат банкларининг капитали 2011 йил биринчи чорагида 40 фоизга кўпайди.

Ўзбекистон Марказий банки тарқатган маълумотда айтилишича, тижорат банклари активлари 2010 йилнинг январ-март ойларига нисбатан 2011 йилнинг биринчи чорагида 33,5 фоизга кўпайиб, пул миқдорида 22, 925 триллион сўмни ташкил қилган.

Шунингдек, Марказий банк тижорат банкларининг иқтисодиётга йўналтирилган маблағлари миқдори ўтган йилга нисбатан 12,986 триллион сўмга кўпайганини маълум қилган.

Статистик маълумотда хорижий кредит тармоқлари кўмагида 25, 3 миллион долларлик маблағ кичик бизнесни ривожлантириш учун берилгани, бунинг натижасида 46 минг янги ишчи ўрни яратилгани ҳам айтилади.

Ўзбекистон Марказий банки берган маълумотлар орасида эътибор қаратишга лойиқ бир қатор рақамлар бор. Маслан, банк депозитлари 2010 йилнинг 1-чорагига нисбатан 2011 йилнинг 1-чорагида 52,4 фоизга кўпайиб, 15, 213 триллион сўмни ташкил этган эмиш. Аҳолининг банкка қўйган омонатлари 52,7 фоизга, яъни 5, 237 триллион долларга кўпайган.

Шу ўринда банк тизимини ўрганувчи бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, BICRAнинг Standard & Poor's рейтинг хизмати Ўзбекистон банкларини ишончсиз, деб баҳолаганини эслаб ўтиш жоиз. Бу ташкилот жаҳондаги банкларни 10 гуруҳга бўлиб ўрганади. Ўзбекистон мазкур рейтингда 9-гуруҳга киритилган. Рейтингнинг 1-гуруҳида энг ишончли ва 9-10 - гуруҳида эса ишончсиз банклар ўрин олган.

Шу жиҳатдан қаралганда, Ўзбекистон банкларида депозитлар, жумладан, аҳоли омонатлари миқдорининг кўпайиши давлат томонидан юритилаётган ойлик маош ва бошқа тўловларни пластик карточкалар орқали бериш сиёсатининг натижаси бўлиши мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон Марказий банки муомилага чиқарилган пластик карточклар сони 7,9 миллиондан ошиб кетгани, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шаҳобчаларига ўрнатилган банкомат ва терминаллар сони эса 86,1 мингга етгани ҳақида ҳам маълумот беради.

Бироқ аксар ўзбекистонликлар мазкур банкоматлардан нақд пул олиш катта муаммо эканидан шикоят қилиб келадилар.

Марказий Банкнинг ҳисоботида банкоматлардан нақд пул олиш муаммоси ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG