Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:38

“Роғун Марказий Осиё учун цунами эмас”


Роғун можароси икки президент шахсий муносабатларидаги қийинчиликлар рамзига айланиб бўлган.
Роғун можароси икки президент шахсий муносабатларидаги қийинчиликлар рамзига айланиб бўлган.

Тожикистон расмийлари ўзбекистонлик мутахасисларнинг Роғун ГЭСи бўйича эътирозларига мана шундай жавоб бермоқда.


Жорий йил 30 мартида Ўзбекистон “Гидропроект” жамияти раиси Сергей Жигаревнинг "Роғун лойиҳаси Марказий Осиё учун цунамини англатади" мақоласи босилиб чиққан эди.

"Жигаревнинг мақоласи буюртма асосида ёзилган"


Роғун ГЭСининг қурилиши Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги катта можорога айланиб бормоқда.
Маҳаллий газеталар саҳифасида нашр қилинган мақолада ўзбекистонлик мутахасис Сергей Жигарев "Агар Роғун электростанцияси қурилиши назарда тутилган минтақада кучли зилзила рўй берса, 335 метрлик сув босими кескин ошиб, тўғон чидам бермай қолиши мумкинлиги ҳамда улкан сув тошқини минтақа учун цунамидек хавфни келтириб чиқариши" дан хавотир билдирган эди.

Роғун ГЭСи ширкати раиси Нурулло Шулашов фикрича, Ўзбекистон “Гидропроект” раҳбари Сергей Жигаревнинг мазкур гидроиншоот ҳақидаги хавотирлари илмий жиҳатдан асосланмаган.

22 апрел куни Жигарев мақоласига раддия ёзган тожик расмийси Нурулло Шулашов ушбу мақолани “Жигарев бюртма асосида” ёзганига ишонишини таъкидлаган.

“Роғун ГЭС шўролар даврида айнан Ўзбекистон “Гидропроект” институтида лойиҳалаштирилган бўлиб, Сергей Жигарев мазкур лойиҳанинг техник ва иқтисодий муаллифи ҳамдир. Бугун эса таниқли мутахасисни ўзи тайёрлаган лойиҳага қарши фикр билдиришга нима мажбур қилди ?” дея ёзади Нурулло Шулашов.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Сергей Жигарев Роғун лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, тўғон баландлиги пасайтирилган шаклда амалга оширилишини таклиф қилганди. У ўз мақоласида “Халқаро мутахассислар ҳам тўғон баландлигини 175 метрдан оширмаслик тарафдори экани” ни билдирган эди.

Шерали Гул: “Тўғон баландлиги ўзгартирилмайди!”

Тожикистон энергетика вазири Шерали Гул.
22 апрел куни Тожикистон энергетика вазири Шерали Гул Роғун ГЭСи тўғони баландлиги лойиҳада қандай кўрсатилган бўлса шундай қолишини билдирди.

Сўнгги йиллар Ўзбекистон ва Тожикистон алоқаларини совутиб юборган масала ҳам аслида Роғун тўғони баландлиги масаласидир.

Расмий Тошкент Роғун сув омборини сувга тўлдириш жараёнида дарёлар қуйисидаги мамлакатлар саккиз йилгача сувсизликдан қақшаши мумкинлигини даъво қилади.

Имомали Раҳмон бошлиқ Тожикистон томони эса бу даъволар асоссизлиги ва бу ҳаммаси “Тошкентнинг сиёсий ўйини” эканини такрорлашдан тинмайди.

Ана шу баҳслар ортидан халқаро экспертлар 2010 йил охирларида Жаҳон Банки ташаббуси билан Роғун лойиҳасининг техник жиҳатлари ва атроф муҳитга таъсирини текширишга киришган эди.

Энергетика вазири Шерали Гулнинг билдиришича, Роғун лойиҳасининг экологик ва ижтимоий экспертизаси икки ҳафта аввалроқ швейцариялик “Poyry Energy LTD ” ширкати томонидан хулосаланган.

- ГЭС тўғони баландлиги умуман ўзгартирилмайди. У қандай лойиҳалаштирилиган бўлса шундай қурилади. Роғуннинг экологик ва ижтимоий экспертизаси хулосаси эса аллақачон тайёр бўлган. ГЭС лойиҳасининг техник ва иқтисодий текширувлари ҳам май ойи бошида якунланади, - дер экан ҳукумат расмийси Шерали Гул, ўз давлати халқаро экспертиза натижаларини бирорта давлатга тақдим қилмаслигини билдирди.

Роғун лойиҳасига оид халқаро экспертиза ниҳоясига етгач, Жаҳон Банки бу гидроиншоот қурилишига оид халқаро консорциум тузишга ҳам кўмаклашишни ваъда берганини айтди Шерали Гул.


“Келгуси уч йилда энергетика мустақиллигини қўлга киритамиз!”

Тожикистон президенти уч йил ичида мамлакат энергетик мустақилликни қўлга киритиши ҳақида гапирди.
Шу важдан бўлса керак, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон шу йил 20 апрел кунги парламентга йиллик мурожатида ўз давлатининг яқин келажакда энергетика мустақиллигига эришишини ишонч билан таъкидлади.

- Шу йил сўнгигача Сангтўда-2 ГЭСини фойдаланишга топшириш, Роғун ГЭС майдонида тиклаш ишларини давом эттириш ҳамда Норак, Қайроқум ва бошқа шу каби гидроиншотларни реконструкциялаш ишларини ниҳоясига етказиш ортидан Тожикистон келгуси уч йил ичида энергетика мустақиллигига эришади, - деди ишонч билан Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон.

Гарчи Ўзбекистон томони Роғун лойиҳасининг халқаро экспертизаси ниҳоясига етказилиб, унинг натижалари билан минтақанинг барча давлатлари танишмагунича бу гидроиншоот майдонида тиклаш ва қурилиш ишлари вақтинчалик тўхтатиб турилишини кўп марта талаб қилган эса-да, Роғунда тиклаш ва қурилиш ишлар ҳамон давом этмоқда.

Расмий маълумотларга кўра Роғун майдонида етти мингдан ортиқ ишчи кечаю кундуз меҳнат қилади.

Тожикистон ҳукумати бу гидроиншоот қурилиши учун ҳар йил давлат бюджетидан тахминан 850 миллион сомоний ёки тахминан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади.
XS
SM
MD
LG