Линклар

logo-print

Сурияда Ассадлар салтанати тугашини истаган 220 киши ўлдирилди

  • Барно Анвар

Жума кунги намойиш қурбонлари дафн маросимини снайперлар ўққа тутди ва шанба куни қурбонлар сони яна 6 кишига ошди.

23 апрел куни Суриянинг турли шаҳарларида жума куни ҳукумат қўшинлари томонидан отилган намойишчиларнинг дафн маросимлари бўлиб ўтди.

Хабарларга кўра, айрим шаҳарларда снайперлар дафн маросимига йиғилган жамаотни ўққа тутган.

Жумладан, Дамашқ яқинидаги Доума, Изроҳ шаҳарларида снайпер ўқидан камида 6 киши қурбон бўлган.

Бу ҳақда суриялик фаоллар берган бу маълумотлар ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқлангани йўқ.

Аммо, суриялик фаоллар бугун ҳам намойишчиларни ўққа тутган махсус кучлар дафн маросимларидан сўнг яна янги норозилик намойишлари бошланиб кетиши олдини олишга уринмоқда, демоқдалар.

Сўнгги хабарларга кўра, жума куни президент Башар ал-Ассад истеъфоси талаби билан давом этган намойишлар чоғида камида 90 киши отиб ўлдирилган.

Жума кунги намоздан сўнг Суриянинг йирик шаҳарларида давом этган норозилик намойишлари иштирокчилари: “Халқ бу ҳукумат ағдарилишини истайди” каби шиорларни илгари сурган.

Сурияда намойишларни бу тарзда қонга ботирилиши халқаро ҳамижамият танқидига сабаб бўлмоқда.

Бугун АҚШ президенти Барак Обама Сурия ҳукуматини мамлакатда тинч намойишларнинг қонли бостирилишига чек қўйишга чақирди.

Обама Сурия президенти Башар ал-Ассаднинг намойишларни тўхтатиш ниятида кўп йиллик фавқулодда ҳолатни бекор қилганини сиёсий инқироздан чиқиш учун ташланган етарли жиддий қадам, деб ҳисоблай олмаслигини билдирди.

АҚШ президенти бугун эълон қилган баёнотида Сурия президентини зарур чоралар кўриш ўрнига Эрондан ёрдам изламоқда, деб танқид қилди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун бу давлатда намойишчиларнинг ўлдирилиши юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирди. Шунингдек, у президент Ассадни халқаро инсон ҳуқуқлари ва фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилишга чақирди.

Ҳозирга қадар АҚШ, шунингдек, Буюк Британия, Европа Парламенти Сурияда тинч намойишчиларнинг ўққа тутилишини кескин қоралаб, баёнот берди.

Шу тариқа, жума куни Суриядаги намойишлар чоғида Amnesty International ташкилотига кўра, 75 одам махсус қўшинлар ўқидан ўлган. Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар эса ўлганлар сонини 88 нафар демоқда.

Бироқ, Сурия расмий матбуоти қурбон бўлганлар сони 10 нафар бўлгани ва уларнинг намойишчилар ва воқеа жойидан ўтувчилар ўртасидаги тўқнашувларда ўлгани ҳақидаги маълумотни тарқатди.

Сурия расмий матбуотига кўра, намойишлар чоғида ҳукумат қўшинлари фақатгина ёш оқизувчи газ қўллаган. Яна бир расмий маълумотга кўра, Ҳомс шаҳрида номаълум қуролли шахс намойишчилар ва полиция бўлимини ўққа тутган.

Айни пайтда хориж матбуоти воқеа гувоҳларининг сўзларига таяниб, махсус қўшинлар тинч намойишчиларга қарата ўқ отар қурол қўллагани ҳақида хабар қилди.

Сурия президенти Башар ал-Ассад мамлакатдаги вазиятни юмшатиш ва намойишларни тўхтатиш учун қарийб ярим аср давом этган фавқулодда ҳолатни бекор қилди ва ўнлаб сиёсий маҳбусларни озод қилди.

Аммо, намойишчилар бунинг етарли чора эмаслигини айтиб, Ассаднинг кетишини, мамлакат қонунчилигига эса бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлмаслиги ҳақида ўзгартиш киритиш каби ислоҳотларни талаб қилмоқда.

Башар ал-Ассад 11 йилдан бери мамлакатни бошқармоқда. Бундан олдин эса унинг отаси Ҳофиз ал-Ассад 30 йил ҳукмронлик қилган.

Сурияда Ассадлар салтанатига барҳам берилиши талаб қилинган 5 ҳафталик намойишлар чоғида, маълумотларга кўра, камида 220 киши қурбон бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG