Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:49

Али Бедакийнинг отаси айбсизлигини айтмоқда


Али Бедакий номи билан танилган Алоуддин Давлатов, маълумотларга кўра, шу йил 4 январ куни ҳукумат кучлари ўтказган амалиёт чоғида ўлдирилганди.
Али Бедакий номи билан танилган Алоуддин Давлатов, маълумотларга кўра, шу йил 4 январ куни ҳукумат кучлари ўтказган амалиёт чоғида ўлдирилганди.

Тожикистонда собиқ дала қўмондонларидан бири Али Бедакийнинг отаси Музаффар Давлатовга нисбатан тергов ниҳоясига етди.

Тожикистон ҳарбий прокуратурасининг маълум қилишича, 76 ёшли айбланувчи Музаффар Давлатов мамлакат жиноят Кодексининг 185-моддаси, яъни жиноий гуруҳ тузганликда айбламоқда.

Айтилишича, мазкур иш устидан суд жараёни янги ҳафтадан бошланади.

Музаффар Давлатов ишини олиб борган ҳарбий прокуратура терговчиларининг айтишича, тергов давомида Давлатов ўз оиласига тегишли фермада қурол-аслаҳа сақлагани ўз тасдиғини топган.

Бироқ Музаффар Давлатов устидан тергов жараёни махфий тарзда олиб борилгани важидан бошқа тафсилотлар берилмаслиги айтилди.

Аввалроқ 76 ёшли Музаффар Давлатов ўғли Али Бедакийнинг жиноятларини яширганлик ва у тузган жиноий гуруҳга аъзоликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.

Музаффар Давлатовнинг оқловчиси Ўринбой Бобошеровнинг айтишича,
ўз ҳимоясидаги шахсга нисбатан аввал эълон қилинган айблов, яъни ўғли Али Бедакийнинг жиноятларини ҳуқуқ-тартибот идораларидан яширганлик бўйича айблов бекор қилинган. Чунки Тожикистон жорий қонунларида фуқаролар ўз яқинларининг жинояти учун жавобгарликка тортилмайди ва бунинг учун жазо ҳам тайинланмаган.

Адвокат Бобошеровнинг айтишича, Музаффар Давлатов ўзига қўйилган айбловларга иқрор бўлмаган. Адвокат бу борадаги фикр-мулоҳазаларини фақат судда айтишини маълум қилди.

- Давлатов ўзини умуман гуноҳсиз, деб ҳисоблайди. Лекин нима учун у 185-модда билан айбдор, деб топилгани менга тушунарсиз. Бунинг учун терговчиларда асосли далиллар йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, мен ўз мулоҳазаларимни суд жараёнида айтаман, - деди оқловчи Бобошеров.

Адвокат ўз ҳимоясидаги Музаффар Давлатов вақтинча сақлаш изоляторида ушлаб турилган вақтда соғлиғидан шикоят қилганини қўшимча қилди.

Аснода Музаффар Давлатовнинг Рашт водийси Бедакий қишлоғидаги яқинлари ва қўшнилари унинг шундай жиноятда қўли борлигига ишонмасликларини айтмоқда.

- Унинг оёқлари оғрирди, шунинг учун у камдан-кам ташқарига чиқарди. Масжидга ҳам баъзида келарди. Қўшнимдан ҳеч қачон ёмонлик кўрмаганман. Мен унинг шундай жиноятларда қўли борлигига шубҳа қиламан, - дейди 65 ёшли Абдусалом Абдуллоев.

Али Бедакийнинг синглиси Шаҳодат Давлатова ҳам отасига қўйилаётган айблар асоссизлигини даъво қилар экан, уни қўйиб юбориш учун Тожикистон президентига йўллаган хатига ҳанузгача жавоб олмаганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, собиқ мухолифат лидерларидан бири Али Бедакийнинг отаси Музаффар Давлатов жорий йил январида ҳибсга олинган эди.

Музаффар Давлатовнинг яқинлари ўтган шу тўрт ой давомида уни озодликка чиқариш учун қилинган барча уринишлари самара бермаганидан шикоят қилади.

Ҳукуматга мухолиф эканини очиқ айтиб келган Али Бедакий шу йил 4 январ куни ҳукумат кучлари ўтказган бир амалиёт чоғида ўлдирилган эди.

Жорий йил 2 февралида эса Али Бедакийни ҳукумат куч ишлатар тизимлари ходимлари томонидан сўроқ қилинаётган ҳолати мобил телефонлар орқали мамлакат ичкарисида ва бошқа хориж давлатларда тарқалиб, бу турли баҳсларга сабаб бўлганди.

Соҳа бўйича мустақил кузатувчилар асирни ўлдириш ҳарбий жиноят экани урғулаётган айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари мазкур видеотасвир сохталигини даъво қилмоқда.
XS
SM
MD
LG