Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:33

Оқ Уй Яманда ҳокимият ўзгаришини олқишлади


Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ араб давлатларидаги халқ исёнлари ағдарган учинчи ҳукмдор бўлди.
Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ араб давлатларидаги халқ исёнлари ағдарган учинчи ҳукмдор бўлди.

АҚШ Президенти Барак Обама Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳокимиятни тарк этишга рози бўлганини олқишлади. Ямани 32 йилдан бери бошқариб келган Солиҳ ўзига даҳлсизлик берилиши шарти билан бир неча ҳафта ичида истеъфо беришга кўнди. Бир неча ойдан бери давом этаётган халқ норозилиги кучайиб бораётгани боис президент Солиҳ 23 апрел куни қўшни давлатлар воситачилигида ишлаб чиқилган ҳокимиятни топшириш режасини қабул қилишга розилик берди.


Оқ Уй расмийлари Яманда ҳокимият тинч йўл орқали ўзгаришини қўллаб-қувватлашини ва "бу Яман халқи хоҳиш-истагига мос келишини" баён қилди.

23 апрел куни Али Абдуллоҳ Солиҳнинг ёрдамчиларидан бири президент Форс Кўрфази Ҳамкорлик Ташкилоти воситачилигида ишлаб чиқилган режани қабул қилишга рози бўлганини маълум қилди.

Вашингтон барча томонларни бу режани дарҳол амалга оширишга чақирди.

Яман Ички ишлар вазири Абду ал-Жанади 23 апрел кунги бирифингда жумладан бундай деди:

- Президент (Али Абдуллоҳ Солиҳ) ва ҳукмрон Умум Халқ Қурултойи (GPC) партияси бу ташаббуснинг барча шартларига рози бўлди. Бу Яман Республикаси Конституциясига мувофиқ амалга ошади. Бу конституциянинг 116-моддасига мувофиқ президент истеъфога чиқишини англатади,- деди Ички ишлар вазири.

23 миллион аҳолиси бўлган Яманни 32 йилдан бери бошқариб келаётган президент Солиҳ истеъфога чиқишдан бош тортиб келаётган эди. Лекин Яманда икки ойдан ортиқ давом этаётган норозилик намойишлари шиддати кучаяётгани боис президент истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Хавфсизлик кучлари билан намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда ўнлаб намойишчи нобуд бўлди.

Намойишчилар президентни коррупцияда ва мамлакатни нотўғри бошқарганликда айблаган.

Президент Солиҳнинг истеъфога чиқиши ҳақидаги режа Кўрфаз ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар, жумладан Саудия Арабистони иштирокида ишлаб чиқилди.

Режага мувофиқ, мухолифат билан шартнома имзоланганидан кейин президент Солиҳ бир ой ичида ўз ваколатларини вице президентга топшириши ҳамда президент Али Абдуллоҳ Солиҳ ва оила аъзоларига даҳлсизлик мақоми берилиши назарда тутилган.

Режага мувофиқ, Солиҳнинг истеъфосидан кейин икки ой ичида Яманда президентлик сайлови ўтказилади.

Яман Ички ишлар вазири Абду ал-Жанади келишув Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши, АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари гувоҳлигида имзоланишини айтди. У президент Солиҳнинг ўз гапидан қайтишини эҳтимолдан соқит қилди.

- Халқаро ҳамжамиятнинг босимисиз қайта президент этиб сайланган Али Абдуллоҳ Солиҳнинг истеъфога чиқиши эҳтимолдан йироқ эди, - деди Ички ишлар вазири.

Ал Жанади мухолифатни режани қабул қилишга чақирди.

- Мен (мухолифат партияларидаги) биродарларни ҳамда Умум Халқ Қурултойи партияси ва иттифоқчиларини йиғилишга қўшилишга чақираман. Улар айтганидек, бу якуний келишувни имзолаш учун охирги имконият. Бу келишув бирлик ва демократияни сақлаб қолади, шунингдек, ҳокимиятнинг тинч алмашинувига йўл очади, - деди Яман Ички ишлар вазири.

Мухолифатдаги етти партиясидан иборат коалиция 23 апрел куни режани шартлар билан қабул қилганини айтди.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳокимиятни топширишга рози бўлганига қарамай, мамлакатда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.

Намойиш ташкилотчилари 24 апрел куни чиқарган баёнотда Солиҳ дарҳол истеъфога чиқиши ва жавобгарликка тортилиши талаб қилинган.
XS
SM
MD
LG