Линклар

logo-print

Германия Термиздаги ҳарбий база ҳақини оширди

  • Абдулла Искандар

"Каримовнинг шафқатсиз режимини дастаклаш шармандалик", дейди Германия парламенти депутати.

"Каримовнинг шафқатсиз режимини дастаклаш шармандалик", дейди Германия парламенти депутати.

Бундесвернинг бу қарорини немис матбуоти "дикататор учун миллион" қабилидаги танқидлар билан қаршилади.


"Диктатор учун миллион." Германиянинг Ўзбекистондаги харбий ҳаво базаси ҳақида "Süddeutsche Zeitung" газетаси эълон қилган мақола ана шундай сарлавҳаланди.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги келишувга мувофиқ, Германия тарафи Бундесвернинг (Мудофаа вазирлиги) 110 аскари жойлашган Термиз харбий ҳаво базаси учун тўланадиган ижара ҳақини 15 миллион 950 минг еврога кўтарди.

2005 йилда Германия бу база учун 12 миллион 400 минг евро миқдорида ҳақ тўлаган.

Бу ҳақда маълумот берган "Süddeutsche Zeitung" мухбири Даниел Бреслер Термиздаги база “Германия учун Афғонистоннинг дарвозасидир” деган иборани ишлатди.

Германия Бундестаги (Парламенти) эълон қилган ҳужжатга кўра, Термиздаги база Афғонистондаги халқаро коалиция кучларини техникавий қўллаш заҳираси ҳисобланади. Германия бу базани 2002 йилдан бери ижарага олиб фойдаланиб келади. 2008 йилдан бошлаб бу базадан фойдаланиш ҳуқуқи АҚШ харбийларига ҳам берилган.

Бундестаг ҳужжатига кўра, 2005 йилда Андижонда оëққа қалққан тинч намойишчилар ҳукумат кучлари тарафидан отилганидан кейин Европа Иттифоқи Ўзбекистонга санкция жорий қилган пайтда Германия база учун ижара ҳақини ошириб халқаро ҳамжамият яккалаган Каримовни молиявий қўллаган.

Бу қўллов ярим пинҳоний бўлгани боис немис парламентидаги сўл партиянинг уч депутати Паул Шефер (Paul Schäfer), Ян ван Акен (Jan van Aken) ва Севим Доғдалан (Sevim Dagdelen) махсус депутатлик сўрови билан чиқиб, "Германия ҳукумати тинч намойишчиларга қарата ўқ отган мустабидни сийламоқда" деган фактни ўртага чиқаришди.

Германия парламентидаги сўллар билан бир қаторда яшиллар ҳам Ўзбекистоннинг авторитар раҳбарига нисбатан немис ҳукуматнинг мулозаматли сиëсатини танқид қилишди.

"Süddeutsche Zeitung" нашрида Бундестагдаги “яшил” депутат Виола фон Крамоннинг Ўзбекистон ҳақидаги фикри келтирилади:

“Каримов режими нафақат Марказий Осиë, балки бутун дунëда ҳам шафқатсиз ва қаттоллиги билан ажралиб туради. Агар федерал ҳукумат бу тахлит тўловлар воситасида бундай режимни мустаҳкамлар экан бу энди шармандаликдир.”

Расмий Берлиннинг базага бунчалик ëпишиб олганини депутат Крамон тушуна олмаслигини мақола давомида урғулар экан бу базани қўшни давлатларга кўчиришни ўйлаш лозимлигини таъкидлайди.

Германиядаги инсон ҳуқуқлари курашчиси Эккеҳард Маас “Немис солиқ тўловчилари пули ўзбек мустабидининг лавозимдаги умрини узайтириш учун сарфлангани ва унинг инсонийликка қарши шафқатсиз режимини қўллашини фақат қоралашга лойиқ амал” деб ҳисоблайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG