Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:43

Ўзбекистонда чорвачилик нега ривожланмаяпти?


Ўзбекистонлик чорвадорлар бу соҳанинг рентабел эмаслигидан гапиришади.
Ўзбекистонлик чорвадорлар бу соҳанинг рентабел эмаслигидан гапиришади.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мамлакатда чорва сони ошиб бораётганини айтмоқда. Бироқ кузатувчилар бу асосан аҳолининг хусусий чорваси экани, фермер хўжаликларидаги чорвачиликни ривожлантиришга эса сунъий тўсиқлар қўйилаётгани ҳақида гапирмоқдалар.


Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи чорагида қорамол сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга кўпайди. Шунингдек қўй ва эчкилар ҳамда парранда сони ҳам ўтган йилга нисбатан 5-16 фоизгача кўпайганлиги айтилади.

"Regnum" агентлигининг Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалигининг матбуот хизматига таяниб берган хабарига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда қорамол сони 9 миллион 58 мингтадан ошган. Шунинг қарийб тўрт миллионини сигирлар ташкил этади. Қўй ва эчкилар сони эса 16 миллион бошга яқинлашиб қолган.

Мазкур вазирликнинг чорвачилик бошқармаси бошлиғи Суннат Оқиев Озодлик билан суҳбатда бу рақамлар шахсий ва фермер хўжаликлардаги чорвани ҳам ўз ичига олишини маълум қилди.

“Наслчилик яхшиланяпти”

“Ўзнаслчилик” республика корхонаси раҳбари Фармон Назаровнинг Озодликка айтишича, 2006 йилгача мамлакатда наслчилик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди ва президентнинг бу соҳани ривожлантиришга оид қарорларидан сўнг наслчилик ишлари ривожланиб бормоқда:

- Ўтган йилда Полша, Германия, Австрия, Голландия, Украина, Белорусиядан 17 мингта наслли ғўнажинлар олиб келинди. Бизнинг корхонамиз Марказий Осиёда ягона наслчиликкка ихтисослашган корхона бўлгани учун ҳам бизда наслли буқалар уруғи ишлаб чиқарилади. 2009 йилдан биз астойдил иш бошлаб, Австриядан 20 бош, Полшадан 21 бош наслли буқа олиб келиб, 600 мингдан кўпроқ уруғ ишлаб чиқдик,- дейди Фармон Назаров.

Унга кўра, зотли буқалардан олинган уруғлар марказлашган ҳолда республиканинг наслчилик хўжаликларига, фермерларга тарқатилади. Бироқ дея эътироф этади, Фармон Назаров, зотли моллар наслчилигининг ривожланиши учун озуқа базаси яратилиши керак ва бу соҳада баъзи муаммолар бор.

Ўзбекистонда бугун чорвадорларни ташвишга солаётган асосий муаммолардан бири, бу чорва озуқаси учун экин майдонларининг етишмаётганлигидир.

“Молимизни сонига еримиз етмайди”

Чорвачилик соҳасида узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган мутахассис Асқар Қобилов фикрича, агар экин майдони етарли бўлмаса чорвачиликка қўл уришдан фойда йўқ:

- Президентимизни ўзлари айтяптилар. Ҳозир бир қўлингда пахта билан буғдойни ушласанг, бир қўлингда чорвани маҳкам тут, деб. Президентимизни шу ҳақдаги 308-қарорлари ҳам бор. Масалан молни сонига қараб ер ажратиш ҳақида. Лекин маҳаллий раҳбарларнинг бирортаси ҳам бунга қараётгани йўқ. Молимизни сонига еримиз етмайди. Агар ер бўлса унда ем бўлади. Масалан ўша ерга буғдой, арпа экасиз, хашак экасиз. Мана ҳозир шелуха билан кунжаранинг нархи осмонга чиқиб кетди, у билан мол боқиш қийин,- дейди ўртачирчиқлик чорвадор мутахассис.

Айни пайтда маҳаллий ҳокимлар учун президентнинг чорвачиликни ривожлантиришга оид фармонлари оддий бир қоғозга айланган, дея давом этади Асқар Қобилов:

- Масалан, ҳар битта туманда 60-70 та фермер хўжалиги бўлса, ўшандан ўртача иккитаси чорва билан шуғулланади, холос. Қолган ҳаммаси пахта билан буғдойда. Чорвачилик фермерларига ҳам ҳозир пахта экасан деб осиливотган раҳбарларимиз бор. Масалан, Ўртачирчиқ тумани ҳокими Турғун Тўлаганович билан бу масалада озмунча олишганим йўқ. Президентнинг қарорига ҳам қулоқ солмасдан, бу сиёсат, пахта экасиз, буғдой экасиз, дейди доим бу одам. Чорвага ажратилган ерларни ҳам зўравонлик қилиб пахтага тортиб оляпти,- деди ўртачирчиқлик мутахассис Асқар Қобилов.

“Бугунги шароитда чорва ўзини қопламайди”

Ўзбекистонда чорвачилик билан шуғулланган фермерларнинг айтишларича, бугунги шароитда бу соҳанинг ўзини оқламаслигига бир неча сабаб бор.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган жиззахлик чорвадор-фермерлардан бирининг айтишича, бу сабабларнинг биринчиси маҳаллий ҳокимият эътиборининг йўқлиги. Иккинчидан, дейди фермер:

- Чорвачилик бугунги шароитда жуда оғир. Чорвани уддалаш жуда қийин бўляпти. Чорва ҳеч қачон ўзини қопламайди. Қопламаслигининг сабаби, бугун маҳсулотни етиштириш учун кетадиган сарф харажатлар, масалан, солярка қиммат, техника қиммат, ишчи кучи, электр энергия ва бошқа майда чуйдалар ҳаммаси қимматлашиб кетган. Кейин битта мол чет элдан тўрт миллион сўмга келяпти. Самолёт билан олиб келишяпти.

Учинчидан, ем жуда қиммат, тасаввур қилинг бизда бир килограмм кунжара 900-1000 сўмга чиқиб кетди. Мен ўзим чорвада ишлайман, биламанку. Бозорда мол гўшти 12 минг сўм, қўй гўшти 13 минг сўмга чиқди. Энди ҳисоблаб кўринг, бир килограмм гўштни пулига 12-13 кило кунжара беради. Бу турган битгани зарарку.

Энг асосийси, деб қўшимча қилади фермер, жаҳон бозорида пахта нархининг ошиб кетганлиги боис маҳаллий ҳокимлар бор кучни пахта етиштиришга беряпти, бир сотих ортиқча жойга ҳам пахта эктиряпти. Бу аҳволда чорвачиликни ривожлантириб бўладими, дейди жиззахлик чорвадор.

Хоразмнинг Гурлан туманида яшовчи Оғабек ота ҳам жиззахлик фермер гапларини қўллаб-қувватлар экан, чорвачиликни ривожлантиришга имкон йўқлигига бундай мисоллар келтиради:

- Ҳозир мен сизга ҳисоблаб бераман. Бизда қорамол боқувчи бирорта фермер хўжалиги йўқ. Эски совет фермаларини аллақачон бузиб, пуллаб юборишган. Мана бугун бозорда кўрдим. Бир килограмм кунжара 1200 сўмга, бир килограмм шрот 850 сўмга чиқибди. Бу аҳволда ким ҳам мол боқади?

Ким тўсиқ бўляпти, чорвачиликни ривожланишига? Ҳокимиятнинг ўзи. Мана қаранг, авваллари фермерларга топширган пахтасининг кунжарасини, шелухасини, мойини берарди. Фермер мол сотиб олиб боқарди ёки бозорга олиб чиқиб сотарди. Шуни ҳам қисиб қўйдилар. Ҳеч нарса бермайди ҳозир,- дейди гурланлик Оғабек ота.

“Нима қилмоқ керак?”

Чорвачилик мутахассислари фикрича, Ўзбекистонда чорва озуқаси ишлаб чиқарувчи корхоналар асосан ёғ-мой комбинатлари бўлиб, ҳукумат монополиясидадир ва "ёғли жой" бўлганлиги учун ҳам ҳукуматга яқин шахслар томонидан назорат қилинади, натижада чорва озуқаси нархи доим баланд бўлади.

Суҳбатдошларимиз Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантиришга оид ўз фикр-мулоҳазалари борлигини айтади:

- Чорвачилик учун керакли миқдордаги ерни ажратиб бериш ва унга шароитларни яратиб бериш керак. Кейин мутасадди раҳбарлар чорва билан қизиқиши керак. Афсуски, чорвачиликни ривожлантиришга оид барча қарорлар фақат қоғозда қолиб кетяпти,- дейди чорвачилик бўйича мутахассис Асқар Қобилов.

Жиззахлик чорвадор эса ҳокимиятнинг чорвадорлар ишига аралашмаслигини тавсия қилади:

- Мол қачон фойдага киради? Ер бемалол бўлса, хашак текин тушса ўшанда фойда беришга ўтади. Ҳукумат ҳеч бўлмаса ўша йиллик дотацияни бериб турса яхши бўлади. Дотация деганим, ўзимиз топширган пахтадан олинадиган кунжараю шелухасини бериб турса ҳам шукр деймиз. Ана ўшанда Президент айтмиш, фермер бир қўлида пахтани, бир қўлида эса чорвани тута олган бўларди,- дейди жиззахлик фермер.
XS
SM
MD
LG